Жаҳон | 22:23 / 07.07.2021
20060
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон Афғонистон билан чегарага қўшимча қўшин жўнатади

Аввалроқ КХШТ бирлашган штаби бошлиғи Анатолий Сидоров Афғонистон билан чегарадаги вазиятни баҳолаш учун тезкор гуруҳ билан Тожикистонга келганди.

Фото: Тожикистон президенти матбуот хизмати

Тожикистон Афғонистон билан чегарага қўшимча қўшин жўнатади, чегарани янада мустаҳкамлаш учун 20 минг нафар ҳарбий хизматчини сафарбар қилади. Бу ҳақда Тожикистоннинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидаги (КХШТ) вакили Ҳасан Султонов маълум қилди.

Султоновнинг сўзларига кўра, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон мамлакат хавфсизлик кенгаши аъзоларига, куч ишлатиш тузилмалари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарларига тожик-афғон чегарасидаги миллат хавфсизлигини таъминлаш бўйича аниқ чоралар кўриш топшириғини берган.

Унинг қўшимча қилишича, Тожикистон Афғонистон билан чегарани қўриқлашда КХШТ ёрдамига умид қилмоқда – чегаранинг айрим участкалари бориш қийин бўлган тоғли ҳудудларда жойлашган.

«Афғонистон билан энг узун чегарага эга Тожикистон бу мамлакатдан келадиган хатарларга қарши чоралар кўрмоқда. Минтақадаги вазият ҳамда чегаранинг айрим участкалари бориш қийин бўлган тоғли ҳудудларда жойлашганини ҳисобга олган ҳолда, бу вазифани якка ҳолда амалга ошириш қийин», деди Султонов.

Аввалроқ КХШТ бирлашган штаби бошлиғи Анатолий Сидоров Афғонистон билан чегарадаги вазиятни баҳолаш учун тезкор гуруҳ билан Тожикистонга келганди.

КХШТга Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон киради.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид