Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистоннинг навбатдаги суверен облигациялари жаҳон бозорига миллий валютада чиқарилади
Ҳозирча суверен халқаро облигациялар ҳажми ва муддатлари бўйича маълумотлар очиқланмаган.
Молия вазирлиги навбатдаги суверен халқаро облигациялари Лондон фонд биржасида жойлаштирилишини эълон қилди.
Қайд этилишича, миллий валютадаги мазкур халқаро облигациялардан келиб тушган маблағларни Барқарор ривожланиш мақсадларини молиялаштириш учун ишлатиш режалаштирилган.
«Суверен халқаро облигациялар жойлаштирилишини самарали ташкил этиш мақсадида халқаро инвестицион банклар ва юридик фирмаларга ўз таклифлари бўйича сўровномалар юборилди ва рақобатли танлов асосида банк-андеррайтерлар – «Citi» (АҚШ), «J.P.Morgan Chase» (АҚШ), «Gazprombank» (Россия) ва «MUFG» (Япония), юридик консультант – «Dentons» (Буюк Британия) танлаб олинди», дея ёзади вазирлик ахборот хизмати.
Манбага кўра, Молия вазирлиги томонидан навбатдаги суверен халқаро облигацияларни муомалага чиқариш бўйича барча зарурий чоралар, жумладан, эмиссия проспекти ва бошқа юридик ҳужжатлар тайёрланган.
«Роуд-шоу» (Roadshow) тадбири доирасида халқаро инвесторлар учун телеконференция (Global Investor Call) ўтказиш режалаштирилган ва унда АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Дания ва Швейцария каби мамлакатлардан халқаро инвесторлар иштирок этиши кутилмоқда.
Шунингдек, 8-9 июль кунлари халқаро инвесторлар билан «яккама-якка» (one-on-one) форматда телеконференциялар бўлиб ўтади.
Вазирлик хабарида облигациялар ҳажми ва муддатлари бўйича маълумотлар очиқланмаган.
Аввалроқ, 2020 йил ноябрда халқаро молия бозорида 2 триллион сўм ҳажмидаги суверен облигациялар жойлаштирилгани хабар қилинганди. Молия вазири Тимур Ишметов халқаро облигацияларнинг миллий валютада чиқарилиши валюта хатарларини камайтиришга хизмат қилиш билан бирга, келажакда ички молия бозорига, жумладан, давлат ғазначилик облигациялари бозорига халқаро инвесторларни жалб қилиш учун замин яратишини айтган.
Мавзуга оид
11:29 / 14.03.2025
Серияли облигациялар дастурига талаблар белгиланди
15:34 / 27.01.2025
Жаҳон облигация бозорида инқироз: нега бундай бўляпти?
12:12 / 12.06.2024
Қимматли қоғозлар эмиссияси қоидаларига қўшимчалар киритилмоқда
19:50 / 29.05.2024