“Босимлар бўляпти, осон эмас, лекин қаерда осон бўлган?” — Комил Алламжонов ОАВ эркинлиги ҳақида
“Президентимиз ҳар чиқишларида матбуот очиқ, эркин ва орқага йўл йўқ, деб айтдилар. Бу – бош сиёсий йўналиш. Амалда бу нарсада муаммо бўлиши бу табиий, чунки бу – кураш”, – деди Комил Алламжонов.
Масс-медиа фонди раиси Комил Алламжонов BBC'га берган интервьюсида Ўзбекистондаги сўз эркинлиги билан боғлиқ ҳолат, президентнинг журналистларга муносабати ва яқинда нашрдан чиққан “Алламжонов айбдор” номли китоби ҳақидаги саволларга жавоб берди.
— Бугунги кунда Ўзбекистонда фаол журналист, блогерлар ёки умуман жамоатчилик фаоллари ўртасида сўз ва матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият орқага кетаётгани тўғрисида қарашлар пайдо бўлмоқда. Бундай қарашларга қандай муносабат билдирасиз?
— Энди, биласизми, ҳамма нарса бош мақсадга ҳамда бош йўлбошловчига боғлиқ. Президентимиз ҳар чиқишларида матбуот очиқ, эркин ва орқага йўл йўқ, деб айтдилар. Бу – бош сиёсий йўналиш. Амалда бу нарсада муаммо бўлиши бу табиий, чунки бу – кураш.
Тўғри гап ҳеч қачон туққанингга ҳам ёқмайди, дейди-ку. Ҳақиқат ёқимли бўлмайди. Шу кураш жараёнида турли нохуш ҳолатлар, журналистлар билан ҳам бўладиган ҳолатлар бизнинг жаҳондаги индексларимизга таъсир қилиб, бу йил, мисол учун, битта орқага кетдик. Энди, ҳалиги, мусулмончилик аста-секинлик билан дейди-ку. Энг асосийси, биз олдинга кетяпмиз.
Мухлисларимиз кўнглини туширмасин. Қанчалар улар тушкунликка тушмасин, ҳамма нарса солиштирганда маълум. Агарда бизнинг журналистикани ривожланган давлатлар, ўша Европа, АҚШ билан солиштирса, ҳа, биз орқадамиз. Лекин биз олдинги Ўзбекистон билан солиштирсак, жуда олдиндамиз. Қайси нуқтадан қарашга боғлиқ ҳамма нарса.
Шунинг учун, мен айтаманки, биз, энг асосийси, қўлларимизни туширмаслигимиз керак. Қийин бўлади, осон бўлади деб ҳеч ким гапирмаган. Чунки амалдорларимиз, умуман, кўпроқ улар билан муаммо бўлаётган бўлса, очиқ гапиришга ҳеч ким ўрганмаган, лекин ҳамма нарса очиқ гапириляпти-ку барибир, муаммолар кўтариляпти-ку.
Ҳа, қийин бўляпти. Босимлар бўляпти. Осон эмас. Қаерда осонлик билан эришилган бундай ислоҳотлар? Қаерда бу нарсалар осонликча, биттагина гап билан бўлиб кетган. Йўқ, бунга метин ирода керак, тинимсиз меҳнат керак, қатъиятлилик керак, қайсарлик керак ва тўғрига қараб юравериш керак.
— Китобингизда президент матбуот котиби сифатида ишлаганингизда матбуот тизимини анча жонлантирганингиз ҳақида гапиргансиз. Ўша пайтда президентнинг журналистлар билан жонли мулоқотини ташкил этишга қандайдир ҳаракатлар қилгансизми?
— Биласизми, биз президент матбуот хизматида фаолият юритганимизда, жуда кўп нарсани бошидан, нолдан бошлаш керак бўлган. Кўп масалалар бўлган, кўп лойиҳаларни амалга ошириш керак бўлган ва амалга оширдик ҳам. Лекин мен бу масалага етиб келмадим, улгурмадим.
— Президент матбуот котиби лавозимида ишлаган бир инсон сифатида умуман, Ўзбекистондаги матбуот сиёсатига катта таъсир ўтказа оладиган шахс сифатида қандай фикрдасиз, нима учун президентнинг журналистлар билан жонли мулоқоти ташкилланмай келмоқда?
— Энди, жонли мулоқотнинг ҳар хил турлари бўлади; жонли мулоқотлар аллақачон бошланди. Кўрган бўлсангиз, ҳозир журналистлар билан учрашувлар бўляпти, журналистлар билан суҳбатлар қилиняпти. Аста-секин бу нарсага келинди, энди бу нарса учун ҳозир жавоб беришим қийин, чунки бу масалага масъул шахслар бор. Менимча, улар кўпроқ тўлиқроқ маълумот бера олишса керак.
— Президент матбуот котиби лавозимидан нега кетганингиз сабабларини айтиб бера оласизми?
— Соғлигим туфайли.
— Китобингизда айрим амалларингиз туфайли собиқ Миллий хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлигининг қора рўйхатига тушиб қолганингиз ҳақида ёзгансиз. Ўзи бу рўйхат қандай рўйхат ва унга тушганларнинг ҳоли қандай кечади?
— Энди бу мажозий маънодаги ўхшатиш, айнан бир рўйхат, журнал тутилади деб ўйламайман. Лекин ўша пайтда ҳаётимда жуда кўп муаммолар бўлган, мана шу муаммолар бўлган пайтда жуда кўп сигналлар қабул қилганман, таҳдидлар бўлган, ўша пайтдаги кечинмаларимдан келиб чиқиб ёзганман ҳаммасини.
— Китобда қорага бўялган сатрларнинг тагида бу гапларни ошкор қилишнинг ҳали мавриди келмади деган мазмунда ёзиб қолдиргансиз. Шу қора сатрлар очиладиган давр қачон келиши мумкин?
— Қора сатрлар очилиши бу менинг ўзимнинг, ички ҳиссиётларим билан боғлиқ, ички кечинмаларим билан боғлиқ. Ҳалиги, айтаман-ку, иккиланишларим бор, бир солиштириш, таққослаш, ўйлаш... Ҳали жараёндаман. Шунга тўлиқ амин бўлиб, юз фоиз бехато, тўғри йўлим шу, тўғри фикрим шу деган куним буни эълон қиламан.
— Яъни бу қора сатрларнинг очилиши мамлакатдаги сиёсий вазиятга боғлиқми?
— Йўқ, сиёсий вазиятга боғлиқ бўлганда бу нарсани ёзмай қўя қолардим. Ёзиб, устидан ўчириб қўйиш бу фақатгина ўзим билан боғлиқ.
— Китобингизни президентга ҳам тақдим этдингизми?
— Биласизми, бу китоб агар ўша даражада қизиқиш уйғотса, уларнинг даражасида, назарига тушиб, унга қизиқиш пайдо бўлса, мен бундан фақатгина бахтли бўламан.
Мавзуга оид
19:15
ДХХ раиси Абдусалом Азизов лавозимидан ҳайдалди — манба
16:05 / 16.11.2024
“Маънавий экспертиза” ахлоқ пардаси ҳимоячисими ёки медиа макон назоратчиси? Баҳсли мавзуда катта суҳбат
18:22 / 11.11.2024
Филмлар, қўшиқлар ва сериаллар «маънавий экспертизадан» ўтказилади
11:41 / 11.11.2024