Ўзбекистон | 13:31 / 10.07.2021
16487
2 дақиқада ўқилади

“Жамоат жойида яктак кийгани учун жавобгарликка тортилган ҳолатлар ҳам бўлган” — Давлетов ибодат либоси тушунчаси қонундан чиқарилгани ҳақида

Адлия вазири Русланбек Давлетов янги таҳрирда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонундаги ижобий ўзгаришлардан бири – “ибодат либоси” тушунчаси бекор қилингани ҳақида тўхталиб ўтди.

“Кенг жамоатчилик яхши кутиб олган ўзгаришлардан бири – “ибодат либоси” деган тушунчани олиб ташладик. Бу тарихан ҳам, яқин ўтмишимизда ҳам амалиётда жуда қийинчиликларни келтириб чиқараётганди.

Эслайман, 5-6 йил олдин бошқа ташкилотда ишлаганимда, амалиётда муаммолар бўлаётгани сабабли “ибодат либоси” нима эканига аниқлик киритиш бўйича топшириқ олгандик. Гуруҳ йиғганмиз, кўп-кўп экспертлар келган. Бошида атаманинг таърифини дарров ёзиб ташлаймиз деган ишончимиз комил эди. Лекин кейин ишга ўтириб, конфессионал ёндашувдан келиб чиқиб таҳлил қилишни бошлаганимизда жуда қийналганмиз.

Охир-оқибат “тупик”ка кириб, бу терминга ҳеч қандай таъриф бера олмаслигимизни ва ожизлигизмини тан олганмиз. Бу – 5-6 йил олдин эди, у пайтда бу қонунни қайта кўриб чиқиш ҳаракатлари йўқ эди. Фақат шу “ибодат либоси” тушунчаси билан муаммо бор эди. Ана шу тушунчани аниқ белгилаб, аниқ тақиқини қўйиш нуқтайи назаридан топшириқ бўлганди. Яъни қандайдир енгиллик бериш эмас, мавжуд тақиқнинг аниқлигини белгилаб бериш ҳақида гап кетганди.

Шунинг учун бизни қийнаб келаётган мана шу терминдан воз кечилди. Олдин ҳам айтганмиз, ўзимиздаги деҳқонлар киядиган яктак кийганда ҳам, бошқа кийганда ҳам жавобгарликка тортилган ҳолатлар бўлган – ибодат либоси сифатида қаралган, шундай тан олинган. Шунақа амалиётлар ҳам бўлган, энди бунга чек қўйилди”, – деди Русланбек Давлетов 10 июл кунги матбуот анжуманида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқ таълими вазирлиги мактаб формаси бўйича талаблар ўзгармаганини эслатган эди.

Мавзуга оид