Спорт | 20:36 / 11.07.2021
10913
9 дақиқада ўқилади

Паненканинг кашфиёти, Роналдунинг алам ва қувонч кўз ёшлари, ван Бастеннинг супер голи. Тарихда қолган 5та еврофинал

Мухлисларга кутилган шиддатни тақдим эта олган Евро-2020да фақат ғолиб номини аниқлаш қолди. Яъни, бизни десерт кутмоқда. Италия ўз тарихида иккичи марта, Англия эса биринчи марта Европа чемпионатини ютиши мумкин. Қуйида Евролар тарихидаги қизиқарли финалларни ёдга оламиз. Албатта, бу бизнинг талқин, ким учундир бошқа финал қизиқарлироқ ва ҳаяжонлироқ ўтган бўлиши мумкин.

Евро-1992. Дания – Германия 2:0

Швецияда ўтган 1992 йилги Европа чемпионати футбол қоидалар ва тахминларга бўйсунмаслигини яна бир бор исботлаган. Аслида, гуруҳдаги натижаларга кўра, Югославиядан ортда қолган данияликлар мусобақага бормаслиги керак эди. УЕФА Югославияни мамлакатдаги сиёсий беқарорлик сабаб турнирдан четлатгач, Дания финал босқичига чиқади ва ҳатто ғалаба қозонади.

Яримфиналда уларга Нидерландия рақиблик қилади. Данияликларнинг темир асаблари уларга катта ғалабани тақдим этади. 90 дақиқа деярли тенг кураш бўлганига қарамай, «учар голландлар» қўшимча бўлимларда кучли штурм уюштириб, рақибни ўз яриммайдонига «қамаб қўяди». Омад ва дарвозабон маҳорати ўйинни пенальтиларгача олиб боради. Лотереяда эса Шмейхелнинг маҳорати ҳамда ван Бастеннинг машҳур хатоси данияликларни финалга олиб чиқади.

Германия мусобақа мезбони Швецияни енгиб, иккинчи финалчи бўлганди. Финалда Дания билан ўйнайдиган Германия мухлислари ўйин бошланмай байрамни бошлаб юборишганди. Бироқ Дания ҳам финал режасини тузган эди. Ҳа, бу даврдаги Дания – Лаудруп, Шмейхел ва Ларсен каби номлар билан анча юлдузли кўриниш олганди, бироқ немислар ҳар қанақасига фаворит эди.

Финалда Енсен ва Вилфорт томонидан урилган голлар Данияни тарихий чемпионга айлантирди. Дунё сиёсий можаролар ўчоғига айланиб турган пайтда, Европа биринчилигининг бу қадар қувноқ ўтиши барчани хурсанд қилгани аниқ. Албатта, кўҳна қитъа грандларидан ташқари.

Евро-1976. Чехословакия – Ғарбий Германия 2:2 (пенальтилар сериясида 5:3)

Ньютон қонуни, Нобель мукофоти каби иборалар инсон номи билан боғлиқлиги унутилиб кетган даражада машҳур. Футболда ҳам шундай ибора бор – Паненка зарбаси. Бугун бундай зарба берганлар даҳога чиқарилади, бироқ биринчи бўлиб ким бундай зарба йўллаганини доим ҳам эслайверишмайди. Бу зарба айнан биз эслаётган финалда кашф этилганди.

Белграддаги финални Чехословакия тезкор иккита гол билан бошлайди ва немислар уларга биринчи таймдаёқ бир маротаба жавоб қайтаришни уддалашади. Яхшиямки, Хёльценбайн 89-дақиқада ҳисобни тенглаштирувчи голга муаллифлик қилган экан, акс ҳолда ўша машҳур пенальти тепилмай қоларди. Экстра таймлар 90 дақиқа ичида бир-биридан анча ҳайиқиб қолган ва курашавериб тинкаси қуриган жамоаларнинг нисбатан нурсиз ҳужумлари остида кечади.

Пенальтилар сериясида ҳам барчаси рисоладагидек кетаётганди. Ули Хёнесснинг хатосигача, албатта. Якуний пенальти олдига яқинлашган 28 ёшли яримҳимоячи Антонин Паненка у пайтда ҳали машҳур эмас, тепажак пенальтиси ўзига қанчалик улкан шуҳрат олиб келиши мумкинлигини тасаввур ҳам қилмаган бўлса керак. Немисларнинг афсонавий посбони Зепп Майер турган дарвозага Чехословакиянинг оддий футболчиси бу қадар ишонч билан зарба беришини ким ўйлабди дейсиз. Тўпга яқинлашган Паненка Майерни дарвозанинг ўнг тарафига «ағанатади». Тўп эса оҳистагина тўрга ташлаб қўйилади. Ҳа, мусобақадаги энг охирги зарба амалда энг зўри бўлиб чиқади. Чехословакия – чемпион, Паненка – қаҳрамон!

Евро-2004. Португалия – Греция 0:1

Футбол тарихидаги энг зўр финаллардан бири. Ахир Греция ҳар куни чемпион бўлиб юрибдими! Аслида бир ўйинлик финалларда барча нарса бўлиши мумкинлиги тушунарли ҳолат, аммо унда Фигу, Роналду, Нуну Гомеш, Руи Кошта ўйнаётган жамоа Грецияга ютқазиши чиндан эътиборли ҳолат.

Ушбу мағлубиятда португаллар Грециянинг омадини рўкач қилишдан аввал ўзларини яхшилаб койиб қўйсалар арзийди. «А» гуруҳида бирга кураш олиб борган жамоаларнинг 3-турдаги баҳси кутилмаганда Грециянинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Шу ўйинда Роналду жамоадошлари юнонларни гуруҳда қолдириб кетишлари ва финалдаги трагедиядан қутилиб қолишлари мумкин эди. Бироқ айнан ушбу мағлубият сабаб Испания ҳам гуруҳда қолиб кетишга мажбур бўлади.

Мусобақа мезбонлари Португалия миллий жамоаси финалгача бўлган йўлни ғоят мардонавор тарзда босиб ўтади. Англия билан пенальтилар сериясидаги ғалаба ва Элдер Поштиганинг Паненка услубидаги зарбаси, яримфиналдаги Нидерландия устидан қозонилган ғалаба (2:1). Ўз навбатида, Греция ҳам чоракфиналда Францияни ва ўша даврда ҳозиргидан анча юлдузли таркибга эга бўлган Чехияни енгиб, финалга етиб келади. Ангелос Христеаснинг 57-дақиқадаги голи Лиссабон бир неча сонияга жим қилиб қўйганди. Ёш Роналдунинг кўз ёшлари билан ёдда қолган Греция ғалабаси тарихдаги энг сенсацион финаллардан бири, десак ҳам бўлади. Эътиборлиси, уларнинг чемпионликни қўлга киритиши учун 7тагина гол етарли бўлди. Бу Европа чемпионатлари тарихида рекорд натижа ҳисобланади.

Евро-1988. Нидерландия – СССР 2:0

1988 йилги Европа чемпионати «учар голландлар»нинг ўз тарихидаги энг баланд парвози сифатида ёдда қолган. Узоқ йиллар мобайнида кучли футбол намойиш этиб келишига қарамай, нидерландлар катта мусобақалар чемпионлигини қўлга киритишга қийналиб келади. Бу борада уларнинг Англия билан ўзаро «рақобати» бор, десак ҳам бўлади. Бу турнир Марко ван Бастенга аталганди. 31 ёшида фаолиятини якунлаган Марко бунгача 3 та «Олтин тўп»ни ўзиники қилиб олишга улгурганди. Гуруҳ босқичида Англия дарвозасига йўллаган ҳет-триги ва яримфиналда мезбон Германияга урган голлари билан барчани маҳлиё қилган форвард энг сўнгги шедеврини Ринат Дасаев учун сақлаб қўйганини ҳеч ким билмасди. Нариги қанотдан оширилган тўп ван Бастеннинг ижросида шу қадар чиройли тарзда дарвозага йўлланадики, Европа чемпионатлари тарихида бунданда мукаммалроқ ва жозибалироқ голни топиб беришингиз анча мушкул кечади.

Жамоалар гуруҳ босқичида ҳам ўзаро тўқнашишган ва ўшанда СССРнинг қўли баланд келганди. Финалда ҳам «лолалар юрти» вакиллари мағлуб бўлганда, футболда адолат йўқ экан, деган фикрга бориб қолардик.

Евро-2016. Португалия - Франция 1:0

Ҳа, ўша биз ҳали унутишга улгурмаганимиз финал Европа чемпионатлари тарихидаги энг эсда қоларлиларидан бири. Бу ўринга Испаниянинг Италия ёки Германия устидан ғалаба қозониб, чемпионга айланган бирорта финалини қўйишимиз ҳам мумкин эди.    Бироқ, дель Боске ва Арагонес жамоасининг чемпионликка эришгани мантиқан жуда тўғри эди. Португалия ўзига хос кучга эга бўлса ҳам, финалда Франциянинг имкониятлари жуда юқори баҳоланаётганди. Турнир давомида ҳам фаранглар анча номдор рақибларни енгиб, якуний беллашувга етиб келишганди. Устига устак, биринчи таймнинг ўзида Роналду жароҳат олиб, майдонни тарк этишга мажбур бўлади. Шунда барчанинг кўнглидан ҳаммаси тугади деган фикр ўтган бўлса ажаб эмас.

Криштиану майдонда бўлмаса ҳам, мураббийнинг ёнида туриб шерикларига далда бўлиб турди. У оқсоқ оёғи билан Фернанду Сантушдан ҳам кўпроқ юрганди. 109-дақиқада Эдернинг узоқ масофадан Льорис дарвозасига урган голи эса барчани шокка тушириб қўяди. Криштиану шу тунда ҳам аламдан, ҳам қувончдан кўз ёш тўкди. У жамоасини финалгача етаклаб олиб келганди. Ҳал қилувчи ўйинда уни четга чиқишга мажбур этишди. Бироқ португаллар Роналду учун ҳам жон бериб ўйнай бошлашди, майдондаги барча 11 футболчи Роналдуга айланди. Ўйин аввалида парижликлар чемпион жамоанинг байроғи Эйфелда порлашини ваъда қилиб, катта эҳтимол билан Франция байроғини акс эттиришни режа қилишганди. Аммо якунда машҳур бинода Португалия байроғи нур сочди.

Абдулвосид Валихонов тайёрлади.

Мавзуга оид