Жаҳон | 19:59 / 13.07.2021
11360
2 дақиқада ўқилади

Афғонистон ҳукумати вакиллари Доҳада толиблар билан музокара ўтказади – ОАВ

Хабар қилинишича, Қатар пойтахтидаги учрашувга Афғонистоннинг собиқ президенти Ҳамид Карзай ва Афғонистон миллий сулҳ бўйича олий кенгаши раиси Абдулла Абдулла боради. 

Афғонистоннинг собиқ президенти Ҳамид Карзай ва Афғонистон миллий сулҳ бўйича олий кенгаши раиси Абдулла Абдулла жума куни “Толибон” ҳаракати делегацияси билан музокара ўтказиш учун Қатар пойтахти Доҳага боради. Бу ҳақда Pajhwok агентлиги хабар берди.

Аввалроқ Карзай мамлакат ҳукумати ва “Толибон” ҳаракати ўртасида тинчлик музокаралари ўтказилиши ҳақида айтганди. Абдулла Абдулла ҳам шундай баёнот билан чиққан, Афғонистон ҳукумати тинчлик музокараларига тайёрлигини айтган эди.

Ўтган ҳафтада Теҳронда “Толибон”, афғонистонлик сиёсатчилар ва Эрон ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти иштирокида уч томонлама учрашув ўтказилганди. 

АҚШ Афғонистондаги амалиётларини тўхтатиши билан, толиблар ҳукумат кучларига қарши ҳаракатларини кучайтирмоқда: душанба куни улар муҳим марказлардан бири бўлмиш Ғазнини ўраб олгани ва унинг атрофидаги ҳудудларга киргани маълум бўлди.

Якшанба куни ҳукумат кучлари авиация ёрдамида Тожикистон билан чегарадаги Тоҳар вилояти маркази Толуқон шаҳрида толибларга ҳужум уюштирганди.

Бир неча кун олдин толиблар Туркманистон билан чегарадаги Бодғис вилояти маркази Қалъаи Навга киришган, аммо ҳукумат ҳарбийлари уларни бу ердан ҳам сиқиб чиқаришган.

Ҳозирча толиблар бирор вилоят марказини қўлга олишнинг уддасидан чиқишмади, аммо вилоят марказлари атрофи шиддат билан ўраб олинмоқда, шунингдек, нисбатан кичик шаҳарлар, қишлоқлар ва бутун туманлар уларнинг назоратига ўтмоқда.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг июнь ойидаги ҳисоботида “Толибон” Афғонистон ҳудудининг йирик шаҳарлардан ташқаридаги 50-70 фоиз қисмини ва туманлар марказларининг 57 фоиз қисмини назорат қилаётгани айтилганди.

Апрель ойи охирида АҚШ президенти Жо Байден Америка ҳарбийлари 11 сентябрга қадар Афғонистондан тўлиқ олиб чиқилишини маълум қилгач, толиблар мамлакатнинг турли нуқталарида ҳужум бошлаганди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид