Ўзбекистон | 18:51 / 13.07.2021
10015
2 дақиқада ўқилади

Москвада мигрантлар иштирокидаги оммавий муштлашувда ўзбекистонликлар иштирок этмагани маълум қилинди

Аввалроқ Москвада «Кузьминки» метро станцияси ёнида марказий осиёлик мигрантлар ўртасида оммавий муштлашув юз бергани хабар қилинганди.

Фото: ТАСС

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Москва шаҳрида меҳнат мигрантлари ўртасида рўй берган оммавий муштлашув акс этган видеолар юзасидан баёнот берди.

Баёнотда айтилишича, вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москвадаги ваколатхонаси ходимлари Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси вакиллари билан биргаликда воқеа жойига бориб, мамлакат ички ишлар вазирлиги ходимлари билан мулоқотда бўлиб, вазиятни ўрганган.

«Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу оммавий муштлашувда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иштирок этмаган»,  дейилади баёнотида.

Аввалроқ Москвада «Кузьминки» метро станцияси ёнида марказий осиёлик мигрантлар ўртасида оммавий муштлашув юз бергани хабар қилинганди. Турли маълумотларга кўра, муштлашувда 50дан 200 нафаргача одам иштирок этган. ОАВда можаро ўзбек ва қирғиз ишчилари ўртасида рўй бергани айтилганди.

Кейинроқ Москва шаҳар ИИВ бош бошқармаси оммавий муштлашувда Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари қатнашгани, унинг иштирокчилари Россиядан депортация қилиниши ҳақида хабар қилди.

Бундан ташқари, улар суд қарорига кўра жаримага тортилади. «Қатор шахсларга нисбатан» Россияга кириш тақиқланади.

Маълумот берилишича, муштлашувдан сўнг полиция бўлимларига 103 нафар шахс олиб келинган. Уларга нисбатан майда безорилик ва Россияда бўлиш қоидаларини бузиш моддалари бўйича маъмурий баённомалар тузилган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид