Ўзбекистон | 09:44 / 14.07.2021
4075
1 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятидаги Келес йўли кўчасининг бир қисми транспорт ҳаракати учун номаълум муддатга ёпилади

Келес йўлининг Тошкент вилоятидан ўтган бир қисми таъмирлаш ишлари сабаб ёпилади. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари муносабати билан Келес йўли кўчасининг Тошкент туманига кириш қисмидан «Ҳасанбой ота» жоме масжидигача бўлган қисми 2021 йил 14 июль куни соат 09:00дан таъмирлаш ишлари якунлангунга қадар транспорт воситалари ҳаракати учун вақтинчалик тўлиқ ёпилади.

Ушбу йўналишда ҳаракатланадиган транспорт воситалари ҳаракати вақтинчалик туманнинг Ҳасанбой қишлоғи ҳудудидан ўтган 4Н-699 ҳамда собиқ М.Фозилов жамоа хўжалиги ҳудудидан ўтган 4Р-4 автомобиль йўллари орқали ташкил этилади.

Хабарда таъмирлаш ишлари қачонгача давом этиши ҳақида маълумот берилмаган.

Бундан аввал Тошкентда ўтказиладиган халқаро конференция сабаб айрим автобуслар йўналиши ўзгаргани ҳақида хабар берилганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид