Ўзбекистон | 17:45 / 15.07.2021
24662
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Афғонистон президенти билан учрашув ўтказди

15 июль куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Афғонистон Ислом Республикаси президенти Ашраф Ғани билан учрашув ўтказди.

Музокараларда минтақавий хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш соҳасидаги ҳамкорликнинг истиқболлари кўриб чиқилди.

Икки мамлакат етакчилари афғон можаросини ҳарбий йўл билан ҳал қилишнинг имкони йўқлигини яна бир бор таъкидлаб, инклюзив афғонлараро музокаралар тез фурсатда қайта тикланишининг тарафдори эканликларини қайд этдилар.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Афғонистонда барқарор тинчликка эришилишига фаол кўмаклашишга тайёрлигини тасдиқлади.

Томонлар икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этдилар. Пандемияга қарамай, жорий йилнинг беш ойи якунлари бўйича ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 50 фоизга ортди. Ўзбекистонда Афғонистон сармояси иштирокида 160 та янги корхона ташкил этилди.

Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги боғлиқликни мустаҳкамлаш баробарида Афғонистоннинг транзит салоҳиятини кенгайтиришга қаратилган қўшма транспорт ва энергетика инфратузилмаси лойиҳаларини, хусусан, «Термиз – Мозори-Шариф – Кобул - Пешовар» темир йўли ва янги «Сурхон – Пули-Ҳумри» электр узатиш линиясини барпо этиш лойиҳаларини  янада илгари суриш муҳим экани таъкидланди.

Президентлар икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантириш, эришилган келишувларни амалга ошириш борасида қатъий эканликларини қайд этдилар.

Мавзуга оид