Ўзбекистон | 19:44 / 17.07.2021
9368
4 дақиқада ўқилади

Қонунчилик палатаси матбуот котиби – плагиатда айбланган партия раислари ва ёпиқ муҳокама қилинадиган қонунлар ҳақида

13 июл куни АОКА мажлислар залида Парламент қуйи палатасининг ўтган олти ойлик фаолияти якунлари бўйича матбуот анжумани ўтказилди.

Kun.uz мухбири тадбир якунида қатор саволлар бўйича қонунчилик палатаси матбуот хизмати раҳбари Наврўз Ризаевдан изоҳ сўради.

— Яқинда Олий Мажлиснинг икки мансабдор депутати – ХДП раиси Улуғбек Иноятов ва «Адолат» СДПнинг парламентдаги фракцияси раҳбари Зуҳра Ибрагимова журналист Шуҳрат Деҳқонов ёзган мақоладан кўчириб, уларни ўзиники, деб эълон қилгани ортидан плагиатда айбланганди.

Воқеалар ривожи ҳақида маълумот берсангиз, улар жазога тортилдими?

— Ўйлашимча, масала жазогача бормади. Бу каби ҳолатлар қачон жазогача боришини сиз, биз яхши биламиз.

Иккинчидан, кўчирмачилик деган гаплар чиқяпти. Лекин ОАВда эълон қилинган маҳсулотдан барча фойдаланиши мумкин. Масалан, газета, журнал, китоб ўқиймиз ва уни эфирга узатамиз. Ҳа, Шуҳрат Деҳқонов тажрибали журналист. У Олий Мажлисда депутат ҳам бўлган.

Сиз савол берган вазиятда мақола айнан кўчирилмаган, рақамлар, сўзлар ўзлаштирилган. Ўйлашимча, партиялар унинг ёзганларидан ниманидир ўзлаштирган бўлса, буни ижобий мақсад деб қабул қилиш керак.

Бу ерда «Интеллектуал мулк ҳақида»ги қонунни ҳам қараш керак. Агар у қандайдир ихтиро, асар ёки шеър бўлганда бошқача ҳолат бўларди.

— Парламент қуйи палатаси сайтида депутатлар тез-тез танқидий мақолалар билан чиқишлар қилади. Аммо улар билдирган танқидлар фақат сайтда чоп этиш билан якунланади.

Нега Депутатлар муаммоли ҳолатлар юзасидан ҳукуматга тинимсиз сўровлар юбориб, уларни ҳал қилиш устида ишламайди, ёки улардан шунчаки танқидий мақолалар ҳисоботи сўраладими?

— Келинг, таҳлил қилиб кўрайлик. Ҳозир кўплаб қонунлар қайтариляпти. Нима учун? Пишиқ бўлмагани учун. Охиригача етиляпти. Кўча, йўл, электр муаммоларини жойларга чиқиб ҳал қилиб келяпмиз.

Бизда депутатларга танқидий мақола ёз, деган топшириқ берилмайди. Ҳозир сўз эркинлиги. Депутатлар ёзаётган танқидий мақолалар ҳам айни шу эркинлик натижаси.

Ўйлашимча, шу танқидлар ҳам 90 фоиз ҳолатда ҳал қилиняпти.

Наврўз Ризаев

— Масалан, депутатлар дарахт кесилишларини тўхтатиш бўйича мақолалар эълон қиляпти, лекин ҳолат давом этяпти-ку.

— Бу мавзу бўйича депутатларнинг ҳисоботлари ўтиб боряпти. Депутатлар бефарқ эмас мавзуга. Саволларингиз бўйича экологик фракциянинг маълумотларини сизга тақдим қилишимиз мумкин.

— Қонунчилик палатаси очиқлик ҳақида кўп гапиради. Лекин у ижтимоий, сиёсий ва диний масаладаги энг муҳим қонунлар муҳокамаси пайтида ёпилиб олади. Масалан, «Виждон эркинлиги» ва «Давлат тили тўғрисида»ги қонунлар муҳокамаси пайтида биз парламентга киролмадик.

— Сиз айтган ҳолатлар бўйича ОАВга чиқишлар қилинди. Ҳозир пандемия шароити. Ҳукумат комиссияси қарори билан касалликка қарши кураш давом этяпти. Биз ҳозир масофадан ишлаяпмиз. Мен бизни киритмаяпти, деган фикрингизга қўшилмайман.

Ҳозир журналистлар таклиф қилиб кўрилган ижтимоий тадбиркорлик, радарлар бўйича қонунларни кичик қонун деб ҳисоблайсизми? Қонуннинг катта-кичиги йўқ. Бу шунчаки, пандемияга тўғри келиб қоляпти.

Мен журналист сифатида аввал шундай қарардим, аслида эса вазият бошқачароқ. Шунинг учун, вазиятни ёпилиб олишга боғламасангиз яхши бўларди.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид