Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шириндаги аччиқ ва бадбўй манзара ҳамда жавобсиз қолган мурожаатлар
Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳридаги Фарҳод маҳалласи Бобур кўчаси аҳолиси канализация тармоғи ишламаётганидан азият чекмоқда. Аҳоли беш ойдан бери чиқинди ҳидига чидаб яшаб келмоқда. Канализациядан оқова сувлари уларнинг ҳовлисига ҳам тошиб чиққан.
Kun.uz мухбири ҳолатни ўрганиш мақсадида Фарҳод маҳалласида бўлди, аҳоли вакиллари канализация қувури 2017 йилдан бери ишламай қолганини маълум қилди.

Жорий йилнинг февраль ойидан бошлаб чиқинди кўчанинг қатнов қисмига, фуқароларнинг хонадонларига ҳам тошиб чиқишни бошлаган. Иссиқ кунлар келганида қўланса ҳиддан очиқ ҳавода ўтириб бўлмай қолган.

Ҳудудда жойлашган 2-мактаб ўқувчилари ҳам айнан шу кўчадан ўтади. Санитарияга зид ҳолат уларнинг соғлигига хавф туғдириши мумкин. Одамлар эса турли касалликлар пайдо бўлиши мумкинлигидан ҳам хавфсирамоқда.
«Тахминан уч йиллар аввал оқова сувлар учта хонадон ҳовлисида тўлиб қола бошлаганди. Шу йилнинг февралидан бошлаб эса қудуқлардан тошиб чиқишни бошлади. Февраль-март ойларида Ширин шаҳар сувоқова ташкилотига бориб мурожаат қилдим ва ариза ёздим. Лекин ҳеч қандай иш қуролисиз шунчаки кўриб кетишди. Кейин яна қайта мурожаат қилдим. Улар эса келиб, ушбу чиқинди сувларини мактаб ҳудудига чиқариб ташлаш билан чекланишди.
Кейинчалик май ойида ҳам мурожаат қилдим. Улардан «хоҳлаган ишингизни қилаверинг, биз ҳеч нарса қила олмаймиз», деган жавобни олдим», дейди Ғанишер Анорқулов.
Одамлар натижа бўлавермаганидан сўнг, вилоят ҳокими ва президентнинг Ширин шаҳар халқ қабулхонасига мурожаат қилган. Лекин ҳозирга қадар ушбу муаммо ҳал этилмай қолиб кетаверган.
«Обод ишлар биринчи навбатда тозаликдан бошланади. 2017 йилдан бери канализация муаммоси бўйича мурожаат қиламиз. Аввалига маҳалламиз 2018 йилда, кейин 2019 йилда «Обод маҳалла» давлат дастурига киритилади, деган жавобни беришди.
2020 йилда келишди, аммо оқова сувлари қувурларини таъмирламай туриб, йўлни асфальтлаб кетишди. Ширин шаҳар сувоқова ташкилотига мурожаат қилганимизда, биз аралаша олмаймиз, деб жавоб беришди. Бу ерда кечқурун ҳовлида ҳам, кўчада ҳам ўтириб бўлмайди. Биз ҳам тоза ҳаводан нафас олсак, деймиз», дейди Зулайҳо Кенжаева.
Ҳудудда бу муаммодан энг кўп азият чекаётганлар орасида Аброр Исоқов ҳам бор. У оиласи билан 4 сотихли ҳовлида истиқомат қилади. Ҳозирда унинг ҳам хонадони канализация тармоғидан узилиб қолган. Чиқиндилар қувурдан тошиб ҳовлисига чиқиб кетади. Ҳар ойда 200 минг сўм тўлаб, махсус машиналар орқали тозалатиб боради.
Фуқаролар томонидан бу каби ҳолатлар уларни чарчатгани, муаммолари ҳозирга қадар ҳал этилмаётгани, мутасадди ташкилотлар томонидан ҳеч қандай иш олиб борилмаётгани маълум қилингач, вазият бўйича мазкур маҳалла раиси Ўрозали Бобоқулов билан суҳбатлашдик.
Ўрозали Бобоқулов маҳаллада иш бошлаганига бир ой бўлгани, Бобур кўчасида канализация муаммоси борлиги ва бундан хабардорлигини айтди. Ширин шаҳар сувоқова корхонаси ва президентнинг халқ қабулхонасига мурожаат қилганликларини, ҳозирда жавобини кутаётганлигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, ушбу муаммо қачон ҳал бўлишини билмаслигини ҳамда муаммонинг ечими юқори лавозимли раҳбарларга боғлиқлигини, бундан ортиқ гапира олмаслигини билдирди.
Фуқароларни қийнаб келаётган муаммонинг ечими юзасидан «Сувтаъминот» ташкилоти Ширин шаҳар бўлими раҳбари Нуриддин Қурбонов билан ҳам боғландик.
«Оқова сув тармоқлари бир неча йил аввал қуриб битказилган. Ҳозирда яроқлилик муддатини ўтаб бўлган. Тўғри, бу ҳолат бўйича фуқаролар бизга мурожаат қилишган. Имкониятимиздан келиб чиққан ҳолда ишлаганмиз. Ширин шаҳрида 15 км оқова сув тармоғи реконструкция қилиниши режалаштирилган бўлиб, ҳозирда 40 фоиз иш бажарилган. Бир ой муддатда ушбу маҳаллага ҳам етиб келиб, август ойи охирига қадар Бобур кўчасида ҳам канализация тармоқлари янгиланади», деди Нуриддин Қурбонов.
Мақолани тайёрлаш жараёнида Ширин шаҳар ҳокимлиги томонидан юборилган хабарга кўра, ҳозирда Фарҳод маҳалласининг Бобур кўчасида тозалаш ишлари олиб борилиб, чиқинди сувларидан тозаланган. Август ойи охирига қадар оқова сув тармоқлари янгиланиши ваъда қилинмоқда.


Аҳоли вакилларининг билдиришича, улар тошқиндан айниқса ёғин-сочинли кунлари қаттиқ азият чекишади. Ёмғир сувлари оқова сувларга қўшилиб, қудуқларни янада тоширади. Ёзда тошқин рўй бермаса-да, йиғилиб қолган сувларнинг ҳидидан азият чекишади. Бу қўланса ҳидга пашша ва чивин кўпайишини ҳам қўшинг энди.

Одамлар ҳозир ғанимат бўлиб турган очиқ ҳаволи иссиқ кунларда ҳеч иш қилинмаётганидан ўз хавотирларини билдиришди. Чунки ҳадемай куз келади, кейин қиш, буёғи баҳоргача ёғин-сочинли кунлар бошланади. Яна уларнинг бир ташвиши ўн ташвишга айланади.
Қизиқ, мутасаддилар буни ҳис қилишяптимикан? Берилган ваъдалар бажариладими? Kun.uz вазиятни кузатишда давом этади.
Шуҳрат Юнусов, Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
08:13 / 27.05.2025
Ҳаж зиёратига юборишга уринган шахслар ушланди
17:59 / 18.04.2025
«Эсингиз борида этагингизни ёпиб олинг» — Турдимов хусусий корхоналар раҳбарларини солиқдан қочмасликка чақирди
12:07 / 15.04.2025
Ичимлик суви ва канализация: рақамлар яхшиланяпти, лекин улар қанчалик ҳаққоний?
12:20 / 06.03.2025