Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Европадаги сув тошқинлари: Ҳукуматга саволлар, иқлим ўзгаришлари ва Меркелнинг чақириғи
Сув тошқинларидан энг кўп жабр кўрган Германия ва Бельгия аҳолиси ўз кўчалари, уйлари ва атрофдаги ҳудудларни тозалашга киришди. Табиий офат вақтида ҳалок бўлганлар сони камида 188 кишини ташкил этмоқда, юзлаб кишилар шу вақтгача бедарак қолмоқда, шу туфайли қурбонлар сони ортиши мумкин.
Якшанба куни Рейнланд-Пфальц федерал еридаги Шульд қишлоғига келган ГФР канцлери Ангела Меркель мамлакатда сув тошқинлари билан боғлиқ вазиятни қўрқинчли деб атади. Бу регион сув тошқинларидан энг кўп жабр кўрган ҳудудлардан бўлди.
«Бу ақл бовар қилмас, қўрқинчли вазият, немис тилида бу ҳалокатни тўла ифодаловчи сўз топилмайди», деган у журналистларга.
«Аммо одамлар шундай бирдамлик намойиш этиб, бир-бирига ёрдам беришаётгани кишига таскин беради», дея қўшимча қилган канцлер.
Табиий офатдан жиддий зарар кўрган ҳудудларда сув оқими ортга қайтган бўлса-да, Европанинг бошқа ҳудудларида кучли ёмғирлар туфайли сув тошқинлари давом этмоқда.
Германияда бу каби сув тошқинлари қарийб 60 йилдан буён кузатилмаганди. Мамлакат ғарбидаги ҳудудлар - Рейнланд-Пфальц, Шимолий Рейн-Вестфалия ва Саар федерал ерлари табиий офатдан катта зарар кўрди. Германия метеорология агентлиги маълумотларига кўра, айрим ҳудудларда бир кунда икки ойлик ёғингарчилик нормаси ёғган.
Сув тошқинлари 18 июль куни Германия жанубидаги Бавария ерида ҳам давом этди, бунинг оқибатида камида бир киши ҳалок бўлган.
Канцлер Ангела Меркель Рейнланд-Пфальц ерига ташриф буюриб, тез орада молиявий ёрдам кўрсатилишини ваъда қилган. Молия вазири Олаф Шолтз Bild газетасига маълум қилишича, ҳукумат одамларга биринчи ёрдам сифатида 300 млн евро ажратган, яна миллиард евро вайрон бўлган уйлар, кўчалар ва кўприкларни тиклаш учун йўналтирилади.
Якшанба куни Германиянинг ўзида 157 кишининг ўлими тасдиқланди. Полиция сув чекингач, яна кўплаб жасадлар топилишини истисно этмаяпти.
Рейнланд-Пфальц еридаги курорт шаҳар Бад-Нойенар-Арвайлерда аҳоли кўчаларни чиқиндилардан тозалашга киришган. Шаҳардаги кўплаб корхоналар ва компаниялар бинолари вайрон бўлган, электр токи ва газ ўчирилган, алоқа линиялари бузилиб кетган. Полиция маълумотига кўра, Арвайлерда 110дан ортиқ киши ҳалок бўлиб, 670 киши жароҳатланган.
Маҳаллий қандолатчи Грегор Деген «Франс пресс» агентлиги билан суҳбатда корхона ҳудудини тозалаш учун қўшниларини ёрдамга чақиргани ҳақида айтиб ўтган.
«Барчаси бутунлай вайрон бўлди, атрофни танимаяпман», дейди Reuters учун интервью берган бошқа бир дўкондор Майкл Ланг.
Шимолий Рейн-Вестфалия ерида қутқарувчилар сув олиб кетган автомобилларни чиқиндилар уюмлари орасидан чиқариб олиш ва йўлларни тартибга келтириш ишларини бошлаган. Ўт ўчириш хизмати вакили Эльмар Метткенинг айтишича, машиналардан жасадларни ташишда фойдаланилиши мўлжалланган.

Ҳалокат Германия сув тошқинларидан огоҳлантириш тизими глобал иқлим ўзгаришлари шароитида ҳаво ўзгаришлари ҳақида ўз вақтида хабардор эта олиши масаласида саволлар туғдирмоқда.
Датчиклар сув ҳаддан ташқари кўтарилишини қайд этганида, фавқулодда ҳолат ҳақида огоҳлантириш берилиб, аҳоли эвакуация ҳақида хабардор қилинган. Ўз навбатида, Рейнланд-Пфальц ери атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирининг тан олишича, кичик ирмоқлардаги сувлар ҳаракати жиддий кузатилмаган.
Кўп ҳудудларда сув сатҳи ортга қайтган бўлса-да, ҳукумат юқори шайлик ҳолатини сақлаб қолмоқда.
Дам олиш кунларида Германия метеорология хизмати Бавария жануби-шарқида ҳаво ҳарорати ёмонлашиши ва Дунай сувлари тошиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Юқори Бавария регионида кучли ёмғирлар туфайли ертўлалар ва йўллар сув остида қолган.
Нафақат Германия
Давомли ёмғирлар якшанбага ўтар кечаси Германия жануби ва қўшни Австрияда ҳам янги сув тошқинлари келтириб чиқарди, бунинг натижасида чегаранинг Германия томонида бир киши ҳалок бўлган.
Австриянинг Зальцбург ерида шаҳарлардан бири сув остида қолган, унинг аҳолисини эвакуация қилишга тўғри келган. Ўт ўчирувчилар маълумотига кўра, Венада шанба куни бир соат мобайнида ундан олдинги етти ҳафтадагидан кўра кўпроқ ёмғир ёғган.
Бельгияда тўрт провинция жиддий зарар кўрди. Бош вазир Александр Де Кро 20 июлни миллий мотам куни деб эълон қилди. У 27 нафар бельгиялик ўлимига сабаб бўлган сув тошқинлари «мамлакатнинг яқин тарихидаги энг ҳалокатли ҳодиса» бўлганини таъкидлаган.
Нидерландиядаги Лимбург провинциясида сув тўғонни бузиб ўтиши оқибатида минглаб кишилар ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлишган. Маастриҳтда ва атрофдаги шаҳарларда сув ҳафта охирига келиб чекинган ва одамлар ўз уйларига қайта бошлаган.
Швейцарияда ҳам кучли ёмғирлардан кейин кўл ва дарёлар сатҳи кўтарилган. Мамлакат пойтахти Берн шаҳридан ўтувчи Аре дарёси қирғоқлари тошган. Базел аҳолисига Рейн дарёсидан узоқроқ бўлиш тавсия этилган, Фирвальдштет кўлида (Люцерн кўли номи билан ҳам маълум) ҳам сув тошган.
Ҳукуматга саволлар
Фожиадан кейин Германия ҳукумати манзилига танқидлар ёғилди, ҳукумат вакиллари иқлим ўзгариши оқибатида юзага келаётган экстремал ҳаво шароитларига етарлича тайёргарлик кўрмасликда айбланмоқда. Экспертлар глобал исиш кучли ёғингарчиликларни келтириб чиқаришини тасдиқлашмоқда. Саноат эраси даври бошидан буён дунёдаги ўртача ҳарорат тахминан 1,2 даражага ошган.
Канцлер Ангела Меркель сув тошқинларидан жабр кўрган Германия ғарбидаги бошқа ҳудудларга ҳам ташриф буюришни режалаштирган. Шимолий Рейн-Вестфалия ери ва Меркелнинг ХДИ (Христиан демократлар иттифоқи) партияси раҳбарлигидаги вориси Армин Лашет жабрланувчиларга тез фурсатлар ичида моддий ёрдам кўрсатилишини билдирган. «Барчасини тиклаш учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз», деган у.
Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари Лашетни Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер сув тошқинлари қурбонлари учун ҳамдардлик билдираётган маҳалда ўз ҳамкасблари билан кулишиб тургани учун танқид қилишмоқда.

Кейинроқ Лашет твиттердаги саҳифаси орқали ўз хатти-ҳаракатлари учун афсусда эканини маълум қилди, аммо уни қоралаш давом этмоқда. «Лашет кулмоқда, мамлакат эса йиғламоқда», дейилади Bild газетаси сайтидаги сарлавҳада.
Рўй берган ҳодисалар иқлим ўзгаришлари муаммосининг мамлакат сиёсий ҳаётидаги аҳамиятини янада оширди. Бир неча ойдан кейин мамлакатда умуммиллий сайловлар бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Сўровларда Германия Христиан-демократлар иттифоқи етакчилик қилмоқда, аммо Меркель хонимнинг вориси бўлмиш Лашет экология муаммоларига қайғуриши билан танилмаган - у кўмир қазиб олиш ва автомобилсозлик саноатини қўллаб-қувватлайди. Zeit нашри уни «реалликдан қочувчи сиёсат тарафдори» деб атаган.
ХДИнинг бу сайловлардаги асосий рақобатчиси Яшиллар партияси ва унинг етакчиси Анналена Бербок ҳисобланади, у иқлим ўзгариши масаласини биринчи ўринга қўйган.
Иқлим ўзгариши нима учун сув тошқинларига олиб келади?
- Ҳарорат кўтарилиши катта миқдордаги сувларни буғлантиради. Натижада ёғингарчилик ҳажми ортади.
- Нисбатан илиқ атмосфера катта миқдордаги намликни сақлаб туришга қодир ва бу ҳам ёғинлар интенсивлигини оширади.
- Натижада кучли ёмғирлар ёғиб ҳозирда Ғарбий Европада кузатилаётгани каби сув тошқинлари юзага келади.
Мавзуга оид
13:31 / 28.05.2025
Марказий Осиё экспертлари минтақанинг 2050 йилгача бўлган ривожланиш сценарийлари устида ишламоқда
23:51 / 19.05.2025
Олимлар жазирама ва сув тошқинларининг яширин хавфини аниқлади
23:35 / 07.05.2025
Олимлар экстремал жазирамаларнинг асосий айбдорларини аниқлади
23:23 / 28.04.2025