“20 йилда эришилган ютуқларни сақлаб қолиш зарур” — Исматулла Эргашев билан Тошкент конференцияси якунлари бўйича суҳбат
Афғон муаммоси. Шу қадар узоқ муҳокама қилинган, дунё ҳамжамиятини шунчалар ташвишга солган масалаки, унга бефарқ бўлмаган қатор давлатлар ҳатто энг малакали дипломатларига Афғонистон бўйича махсус вакил мақомини берган. Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев билан суҳбат Тошкент конференцияси, қўшни давлатда кун сайин ўзгариб бораётган вазият ҳамда унинг Ўзбекистон ва дунёга эҳтимолий таъсирлари ҳақида бўлди.
— Исматулла Раимович, яқинда Тошкентда “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтди. Сизнингча, унинг асосий мақсадлари нималардан иборат?
— Дарҳақиқат, пойтахтимиз “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик.Таҳдидлар ва имкониятлар” халқаро конференциясига мезбонлик қилди. Деярли барча олий мартабали меҳмонлар ва иштирокчиларнинг умумий фикрига кўра, анжуман юқори ташкилий даража ва юксак савияда ташкил этилди.
Тошкентга Афғонистон президенти Ашраф Ғани, Покистон бош вазири Имрон Хон, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеп Боррель, Хитой, Россия, Ҳиндистон, Туркия, Саудия Арабистони, Кувайт, Бангладеш ҳамда Марказий Осиё республикалари ташқи ишлар вазирлари, Бирлашган Араб Амирликлари энергетика вазири, АҚШ президенти маслаҳатчиси, Эрон, Қатар, Непал ва минтақанинг бошқа мамлакатлари ташқи сиёсат маҳкамаларининг раҳбар шахслари ташриф буюрди. Конференцияда БМТ бош котиби конференц-алоқа тарзида маъруза қилди. Шунингдек, халқаро молия институтлари, нуфузли банклар бошқарув ҳайъати аъзолари ҳамда дунёнинг етакчи тадқиқот ва таҳлилий марказлари вакиллари иштирок этди.
Ушбу халқаро анжуман иштирокчиларининг таркиби ва уларнинг фикр-мулоҳазаларига асосланган ҳолда айтишимиз мумкинки, муҳтарам президентимизнинг мазкур тадбирни ўтказиш бўйича ташаббуслари нафақат минтақа доирасида, балки глобал миқёсда ҳам қўллаб-қувватланди.
Марказий ва Жанубий Осиё қадимдан бир-бирига узвий боғланган ҳудудлар бўлиб келган. Афсуски турли замонавий глобал муаммолар, хусусан Афғонистонда ҳар хил “сиёсий ўйинлар” оқибатида авж олган фуқаролик уруши икки минтақа ўртасидаги азалий алоқалар узилишига олиб келди ва ўзаро ишончсизлик ва совуқчилик муҳитини юзага келтирди.
Президентимиз ўзаро боғлиқликни қайта тиклаш, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг мавжуд салоҳиятини рўёбга чиқариш, Афғонистонда узил-кесил тинчликни қарор топтириш мақсадида тарихий аҳамиятга эга ғояни илгари сурди. Унинг асосида қуйидаги олий мақсадлар мужассам:
Биринчидан, Афғон заминида барқарор тинчлик ўрнатиш бўйича минтақа доирасида ва халқаро майдонда ягона ёндашувни шакллантиришга эришиш;
Иккинчидан, Афғонистоннинг икки минтақа ўртасидаги жуғрофий мавқеини унинг ижтимоий-иқтисодий юксалишига хизмат қилувчи омилга айлантириш;
Учинчидан, минтақада ўзаро ишонч фазосини тиклаш орқали Афғонистон ва Покистоннинг транспорт-транзит салоҳияти ва имкониятларини минтақа юксалишига йўналтириш;
Тўртинчидан, Афғонистоннинг минтақавий савдо-иқтисодий алоқалар тизимига фаол қўшилишини таъминлаш.
Ўзбекистон президенти томонидан илгари сурилган “Термиз - Мозори-Шариф - Кобул – Пешовар” темир йўлини қуриш ташаббусининг ҳаётга татбиқ этилиши Афғонистон ташқи савдосининг 50 фоизга ўсишини таъминлайди ва транзитдан Кобулга йилига 400-500 млн доллар даромад келтиради.
Умуман олганда, ушбу трансчегаравий темир йўлни фойдаланишга топшириш Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг иқтисодий ривожи учун мустаҳкам замин яратади.
Шу билан бирга, муҳтарам президентимиз ўзаро алоқаларни ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамламасдан туриб бугунги кунда мамлакатларимиз дуч келаётган хавф-хатар ва таҳдидларни енгиб бўлмаслигини халқаро ҳамжамият диққатига етказди.
Бугунги кунда Афғонистон ўзининг янги тарихидаги муҳим бурилиш даврини бошдан кечирмоқда. Шу ўринда, Тошкент халқаро конференцияси якунлангач, Доҳа шаҳрида мухолиф афғон томонларининг анчадан бери тўхтаб турган музокаралари бошланишида ҳам рамзий маъно бор, деб ўйлайман.
— Суҳбатимизни кўпчилик ватандошларни хавотирга солаётган бир савол билан давом эттирсак. АҚШ ҳарбийлари кетгач, Афғонистонда нима бўлади?
— Ўзбекистон минтақанинг бошқа мамлакатлари сингари, Афғонистондан хорижий қўшинлар юксак масъулият ва жавобгарлик асосида ҳамда мамлакатда тинчлик жараёнининг суръатига мутаносиб равишда олиб чиқилиши тарафдоридир.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги 20 йил давомида Афғонистонда инсон, хотин-қизлар ва мамлакатда яшовчи турли миллатларнинг ҳуқуқларини, фуқаролик жамияти фаолиятини таъминлаш бўйича муҳим давлат институтлари ташкил этилди. Биз ушбу эришилган барча ютуқларни Афғонистоннинг келажаги учун ўта муҳимлигини инобатга олган ҳолда, уларни сақлаб қолиш зарур деб, ҳисоблаймиз.
АҚШ қўшинларининг олиб чиқилиши ортидан Афғонистон шимолидаги вазиятнинг кескинлашуви, мамлакат ичида умуммиллий ярашувга эришиш нечоғлик зарурлигининг яққол исботидир.
Юқорида қайд этганимдек, Қатар ҳукуматининг бевосита кўмагида Доҳа шаҳрида мухолиф афғон томонлари ўртасида янгидан бошланган тўғридан тўғри музокаралар айнан шу мақсадга йўналтирилган.
Биринчи навбатда, ушбу музокаралар ўзаро курашаётган томонлар ўртасида ўт очишни тўлиқ тўхтатиш ва Умуммиллий тинчлик Шартномасини имзолашга ёрдам беришига умид билдирамиз.
Шубҳасиз, Афғонистондаги бугунги воқелик минтақа ва глобал миқёсда ягона мавқе ишлаб чиқишни талаб қилмоқда.
Шу ўринда қуйидагиларни таъкидлашни истардим:
Биринчидан, миллий келишувга эришишнинг муқобил йўли мавжуд эмас;
Иккинчидан, мамлакатда хорижий кучлар ёрдамида юзага келган вазиятни сақлаб қолишнинг имкони йўқ;
Учинчидан, мамлакатдаги барча сиёсий партиялар ва кучлар ўз халқининг келажаги учун бирлашиши лозим;
Тўртинчидан, ўтган йилнинг 12 сентябрида бошланган расмий Кобул ва “Толибон” ўртасидаги афғонлараро тинчлик жараёни барча ички сиёсий гуруҳларни қамраб олиши шарт.
Алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, мухолиф томонлар Афғонистондаги этник хилма-хилликни эътироф этишлари ва тинчлик музокараларида ўзаро конструктив компромиссларга тайёр бўлишлари зарур. Мамлакатдаги турли миллат вакилларини тинчлик бўйича сиёсий жараёнларга жалб қилиш – мамлакатда якуний сулҳга эришишга кўмаклашади. Афғонистон ҳудуди, хорижий кучлар чиқиб кетгач, турли кўринишдаги террористик ташкилотлар учун бошпана ва учинчи давлатлар учун таҳдид маконига айланмаслиги ўта муҳимдир.
Бир сўз билан айтганда, бугунги вазиятда Афғонистон ҳукумати барча ички этно-сиёсий кучлар билан ўзаро бирлашган ҳолда мамлакатда Умуммилий ярашувга эришиш ва афғон халқи узоқ йиллар давомида интизорлик билан кутган тинчлик учун якдиллик билан саъй-ҳаракатларни амалга ошириши зарур.
— Толиблар Марказий Осиёга дахл қилмаслигини такрор-такрор айтмоқда. Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ҳам яқинда америкалик журналистга берган интервьюсида “Толибон” ҳали бирор марта Афғонистон ташқарисида теракт содир этмаганини айтди. Бироқ Тошкентдаги конференцияда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Афғонистондаги нотинчлик қўшни давлатларга тарқалиши хавфи ҳақида таъкидлади. Сиз бу хавфни қандай баҳолайсиз?
— Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йили Тошкентда бўлиб ўтган юқори даражадаги Афғонистон бўйича тинчлик конференциясида таъкидлаганидек, Афғонистоннинг хавфсизлиги – бу Ўзбекистон хавфсизлиги, бутун бепоён Марказий ва Жанубий Осиё минтақаси барқарорлиги ҳамда тараққиётининг гаровидир.
Шундан келиб чиққан ҳолда айтишимиз мумкинки, давлатимиз раҳбарининг Афғонистон йўналишидаги сиёсати фақатгина бу мамлакат тинчлиги учунгина эмас, балки умумий уйимиз бўлган минтақада хавфсизликни таъминлаш ҳамда ҳар қандай терроризм, ақидапарастлик ва зўравонликдан йироқ бўлган тинчлик учун курашишни мақсад қилиб қўйган.
Шу сабабли, Ўзбекистон Афғонистондаги барча етакчи сиёсий-ҳарбий кучлар вакиллари, жумладан “Толибон” ҳаракати раҳбарияти билан равон ва бетараф мустаҳкам алоқаларни ўрнатган. Шуни айтиб ўтиш жоизки, уларнинг барчаси, шу жумладан, “Толибон” раҳбарияти, мулоқотлар давомида расмий Тошкент афғон инқирозини ҳал қилишда холисона, самимий ва конструктив сиёсат юритаётганини тан олишмоқда ва шу билан бирга, улар Ўзбекистон президентининг сиёсатига тўла ишонч билдиришмоқда. Чунки, Ўзбекистон раҳбариятининг Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Афғонистон билан яхши қўшничилик алоқаларини кенгайтириш сиёсати минтақавий ҳамкорликнинг янги муҳитини яратмоқда ва келажакка умидларимизни мустаҳкамламоқда.
Биз, ушбу давлатда тинчлик ўрнатилиши учун лозим бўлган асосий тамойилга содиқ қоламиз. Яъни мамлакатда барқарор тинчлик ўрнатиш учун зарур бўлган сиёсий жараёнлар фақат афғонларнинг ўзи томонидан ва Афғонистон халқи раҳбарлигида амалга оширилиши зарур.
Бундан ташқари, Афғонистон геополитик манфаатлар тўқнашадиган саҳнага айланмаслиги лозим. Шу нуқтайи назардан, АҚШ, Россия ва Хитой “учлиги”нинг ташкил этилиши ва унга Покистоннинг қўшилгани алоҳида аҳамият касб этади, чунки бу давлатлар ўртасида афғон муаммоси бўйича якдилликка эришиш ўта муҳимдир. Шу билан бирга, бу масалада Эроннинг ҳам мавқейи ҳисобга олиниши шарт, деб ўйлайман.
Шунингдек, минтақанинг барча давлатлари Афғонистондаги вазиятни бир хил баҳолаши, мавжуд муаммолар ечими ва юзага келадиган таҳдидларга нисбатан муштарак қарашга эга бўлиши зарур. Агар ушбу мамлакатлар муаммоларни фақат ўзлари эмас, балки ўзаро консенсусга эришган ҳолда биргаликда ечадиган бўлса, Афғонистонда барқарор тинчлик ўрнатиш учун муҳим замин яратилган бўлар эди.
Албатта, Афғонистондаги нотинчлик бизни ҳам хавотирга солади ва унинг салбий таъсирининг олдини олиш учун керакли чора-тадбирлар кўриб қўйилган. Лекин шу билан бирга айтиб ўтмоқчи эдимки, “Толибон” раҳбарияти билан мулоқотларимиз давомида улар бир неча бор фақатгина ўз мамлакатлари озодлиги учун курашаётганликлари ва қўшни давлатлар, шу жумладан, Ўзбекистон чегараларини бузиш ёки Афғонистон ҳудуди орқали мамлакатимизга ҳеч қандай таҳдидларга йўл қўймасликларини алоҳида аҳамият билан таъкидлаб ўтишди.
Ўйлайманки, биз азалий қўшнимиз бўлмиш Афғонистон билан доимо яхши қўшничилик муносабатларини сақлаб қоламиз ва биродарлик ришталарини янада кенгайтирамиз.
— Афғонистондан Ўзбекистонга қочиб ўтаётганлар ўз ватанига қайтариб юборилмоқда. АҚШга хайрихоҳлик билдирган, бугунги кунда реал хавф остида қолаётган одамларнинг тақдири муҳокама қилиняптими? Ўзбекистон уларга бошпана бериши мумкинми?
— Ҳақиқатан, бу Ўзбекистон учун ўта жиддий ва ҳассос масаладир ва уни бирданига ҳал этиб бўлмайди. Бу муаммони унинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда ҳал этиш лозим.
Маълумки, Ўзбекистон қочоқлар мақоми тўғрисидаги 1951 йил Конвенциясига ва 1967 йилда қабул қилинган Протоколга қўшилмаган, ундан ташқари, мамлакатимиз қонунчилигида қочоқлар мақомини олиш тартиби ҳам кўзда тутилмаган.
Шундан келиб чиққан ҳолда, ҳамда ушбу масаланинг ички ва ташқи омилларини назарга олган ҳолда, АҚШга хайриҳоҳлик билдирган афғон фуқароларига бизнинг заминимизда бошпана беришнинг қонуний ва амалий асослари йўқ.
“Толибон” раҳбариятининг яқин кунлардаги баёнотига мувофиқ, хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлик қилган афғон фуқароларини авф этиш ва агар улар ўз халқига холисона хизмат қилиш истагини билдиришса, уларга озодлик ваъда қилиниши эълон қилинган.
Ўзингизга маълумки, қочоқлар муаммосида етакчилик ва мувофиқлаштириш роли бевосита БМТга тегишлидир. Агар бу халқаро ташкилот тегишли мурожаат билан чиқса, Ўзбекистоннинг чегара ҳудудида БМТнинг қочоқлар бўйича олий комиссариати ваколатхонаси очиш ва унинг Афғонистон ҳудудида жойлашган қочоқларга ёрдам бериш бўйича фаолиятини таъминлаш масаласи ижобий кўриб чиқилиши мумкин.
Ўзбекистон яхши қўшничилик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига риоя этган ҳолда Афғонистондан мамлакатимиз ҳудудига қочиб ўтган афғон ҳарбийларининг ҳаётини сақлаб қолишда ёрдам берди ва уларнинг ўз хоҳиш-истаклари асосида ватанга қайтишида ёрдам кўрсатди. Ўзбекистон бошқа мамлакатларнинг ички ишларига аралашмаслик принципига содиқ қолади.
— Бўлиб ўтган конференция доирасида АҚШ, Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон иштирокида тўрт томонлама янги сиёсий платформа ташкил этилгани эълон қилинди. Бу “тўртлик” асосан афғонлараро инклюзив музокараларни йўлга қўйиш билан шуғулланадими?
— Халқаро анжуман доирасида АҚШ ташаббусига биноан янги “тўртлик” ташкил этилгани тўғрисида баёнот тарқатилди. Шуни айтиб ўтиш керакки, бу масала бирданига ёки ўз-ўзидан келиб чиққани йуқ.
Эсингизда бўлса ўтган йилнинг ўрталарида Американинг Афғонистондаги ярашув масалалари бўйича махсус вакили Залмай Халилзод ва Халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорацияси бош ижрочи директори Адам Болер бошчилигидаги ҳайъатнинг Тошкентга сафари чоғида Ўзбекистон ва Афғонистон иштирокида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳаларни молиялаштириш масаласи ҳам кўриб чиқилган эди.
Америка ҳайъати билан музокаралар чоғида Ўзбекистон ташаббуси билан Афғонистонда амалга оширилиши кўзда тутилаётган энергетика ва транспорт-коммуникация лойиҳаларининг бу мамлакатда доимий тинчликни ўрнатиш учун аҳамияти беқиёс эканлигига алоҳида урғу берилди.
Шундан кейин бу масала бўйича томонлар иштирокида ўзаро музокаралар ва фикр алмашувлар йўлга қўйилди, шу жумладан, Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларининг ўзаро боғлиқлигини таъминловчи лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган янги форматни ташкил этиш ҳам учрашувларнинг кун тартибидан ўрин олган эди.
Баъзилар, сиз савол бергандек, бу янги формат фақат инклюзив афғонлараро музокаралар учун хизмат қилади, деган фикрни билдирди.
Лекин бу саёзроқ хулоса, чунки бу форматнинг асосий йўналишларидан бири – минтақавий ўзаро боғлиқликни кенгайтиришга хизмат қилиш. Шу билан бирга, АҚШ, Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон вакиллари, минтақалараро алоқаларнинг ривожланиши Афғонистонда доимий тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш учун ўта муҳим эканлигини эътироф этишди. Бошқача қилиб айтганда – тинчлик ва минтақавий боғлиқлик бир-бирини ўзаро кучайтирувчи омиллар ҳисобланади.
Томонлар самарали халқаро савдо йўналишларини ривожлантиришни тарихий имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, ўзаро тижоратни кенгайтириш, янги транзит маршрутларини яратиш ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга умид билдиришди.
Яқин келажакда ушбу мамлакатларнинг вакиллари йиғилиб “тўртлик” доирасида бўлажак ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ҳақида келишиб олади.
Мен ўйлайманки АҚШ, Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон иштирокида янги “тўртлик” форматининг ташкил этилиши бўлиб ўтган нуфузли халқаро анжуманнинг амалий натижаларидан бири бўлди.
— Давлатимиз раҳбари Афғонистон Ислом Республикаси, Марказий ва Жанубий Осиё ўзаро боғлиқлигининг муҳим бўғини деб таъкидлади. Бу ҳақда сиз нима дея оласиз?
— Авваламбор шуни таъкидлаш жоизки, бўлиб ўтган халқаро конференция Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасидаги тарихий алоқаларни тиклаш, мамлакатлар ўртасидаги ишончсизликка барҳам бериш йўлидаги дадил қадам бўлди ва давлатимиз раҳбари ўз нутқларида ушбу йўналишда истиқболли ғояларни ўртага ташладилар.
Анжуманда Ўзбекистон томонидан Афғонистонда амалга оширилиши кўзда тутилган энергетика ва транспорт-коммуникация соҳасидаги лойиҳаларга урғу берилди.
Президентимиз бу лойиҳаларнинг минтақавий аҳамиятга эга эканлиги ҳамда афғон халқи манфаатлари йўлида амалга оширилишини таъкидлади. Маълумки, Афғонистоннинг иқтисодий тикланиши нафақат ушбу мамлакатнинг келажаги, балки улкан минтақанинг истиқболини белгиловчи омил ҳисобланади.
Ўзбекистон Афғонистон билан ҳамкорликда “Сурхон – Пули-Хумри” электр тармоғини барпо этиш ҳамда Трансафғон транспорт йўлагини яратиш каби муҳим инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириб келмоқда.
Ишончим комилки, ушбу режаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши Афғонистон халқи учун минглаб иш ўринларини яратиш билан бир қаторда, мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши учун мустаҳкам пойдевор яратади.
Афғонистонда бардавом тинчлик ва осойишталик ўрнатилган тақдирдагина ушбу мақсадларга эришиш мумкин.
Фикримча, бўлиб ўтган нуфузли халқаро конференция давлатимиз раҳбари томонидан афғон муаммосини тинч йўллар билан ҳал этиш, унинг миллий иқтисодини тиклаш йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давомидир.
Хулоса қилиб айтганда, Тошкент конференцияси Ўзбекистон афғон муаммосини тинч йўл билан ҳал этиш бўйича асосий дипломатия майдони ҳамда минтақавий боғлиқлик ғоясини амалда илгари сураётган локомотив давлат эканлигини яна бир бор тасдиқлади.
Шу нуқтайи назардан, замонамизнинг энг долзарб мавзусига бағишланган халқаро форум ўз вақтида амалга оширилган ташаббус бўлди.
Аброр Зоҳидов суҳбатлашди
Мавзуга оид
13:30 / 20.11.2024
Ўзбекистон ва АҚШ афғон масаласи бўйича учрашув ўтказди
17:22 / 17.11.2024
Трамп Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиққанларни жазоламоқчи – ОАВ
21:44 / 09.11.2024
Афғонистонда ИИВ, Мудофаа вазирлиги ва разведка қурол-яроғ бериш ҳуқуқидан маҳрум этилди
18:05 / 06.11.2024