Спорт | 20:27 / 21.07.2021
22259
6 дақиқада ўқилади

Ҳокимлар ва футбол: Турдимов, Бозоров ва Абдураззоқов футбол ҳақида нима деганди?

Kun.uz'даги вилоят ҳокимлари билан интервьюларда одатда футбол мавзусига ҳам тўхталишга ҳаракат қиламиз. Бугун #FootWeek кўрсатуви доирасида жорий йилги суҳбатдош ҳокимлар футбол ҳақида нима деганини ёдга олишга қарор қилдик.

Ўзбек футболи ҳамон маҳаллий ҳокимликларга боғлиқ экани сир эмас. Аксар вилоятлардаги футбол ривожи вилоят етакчисининг футболга қизиқиш-қизиқмаслигига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Футболга қизиқаётган ҳокимнинг бориши ўша ердаги футбол мухлисларини хурсанд қилади. Бироқ ҳоким футбол фанати бўлиши ўша ҳудудда футбол ривожланишига доим ҳам асос бўлавермайди. Чунки бир киши бутун тизимни яхшилаши қийин масала.

Хўш, Самарқанд, Фарғона ва Наманган вилояти ҳокимлари Kun.uz билан суҳбатда футбол ҳақида нималар деганди?

Эркинжон Турдимов, Самарқанд вилояти ҳокими

Сурхондарё, Навоий ва эндиликда Самарқанд вилоятида ҳоким бўлиб ишлаётган Эркинжон Турдимов футболга бефарқ эмас. У ишлаган вилоятларда одатда футбол ривожланган. Масалан, айнан Турдимов вақтида Сурхондарёнинг «Сурхон» клуби қайта жонланди, «Қизилқум» ҳам доим юқори лигада ўйнаб келган.

Бироқ Самарқандда бундай бўлмаяпти. Чунки Турдимов Самарқанд вилоятига ҳоким бўлгач, вилоят олдига туризмни ривожлантириш бўйича жуда катта вазифалар қўйилди ва ҳоким футболдан муҳим бошқа ишлар билан шуғулланмоқда. Шунингдек, Турдимов Самарқандга келгач, футбол клуби ҳокимият ҳисобида кун кўрмаслиги керак, деган тўғри қарор қабул қилди. Клуб ҳокимият ҳисобидан пул сарфлаб юқори дивизионда юргандан кўра, ўз кучи билан ёки ихтиёрий пул сарфлаётган ҳомий ҳисобига қуйи лигада юргани яхши аслида. Шунда жамоа ўз кучи билан юқорилаши мумкин.

Турдимовнинг айтишича, ҳатто Про-Лигада ҳам етакчилар қаторида бормаётган «Динамо»га ҳокимият балансидан бир сўм ҳам ажратилмаяпти. Клуб тўлалигича бош ҳомий «Agromir Buildings» таъминотида. Бу корхона раҳбари футболга бефарқ эмаслигини кўпчилик билади. Агар «Динамо» либосларида ва барча атрибутларида «Agromir Buildings» компаниясини реклама қилаётган ва бу жамоанинг миллионлаб мухлислари борлигини инобатга олсак, клуб ҳар йили 6-7 миллиард сўм сметасини меҳнат қилиб топяпти, дейиш мумкин. Яъни «Agromir Buildings» катта жамоа ўзини реклама қилаётгани учун пул тўламоқда.

Эркинжон Турдимов катта футбол катта маблағ талаб қилишини ва ҳозир ҳокимлик «Динамо»га катта пул ажрата олмаслигини, бундан муҳим ишлари борлигини айтди. Биз бу қарорни тўғри деб ўйладик, чунки қуйи лигада ҳокимлик пулларисиз ҳам аста-секин юқорилаётган Самарқанд клуби бир неча йилда ўз номини тиклаб олиши мумкин. Ўшанда эса жамоага янаям кўпроқ хусусий пул жалб қилиниши ва ҳокимликка юк бўлмайдиган яна бир яхши клубга эга бўлишимиз мумкин бўлади.

Хайрулла Бозоров, Фарғона вилояти ҳокими

Хайрулла Бозоровнинг қанчалик фанат эканини наманганлик мухлислар яхши билишади. Клуб муваффақиятини айнан Бозоровга боғлайдиганлар кўпчиликни ташкил этади. Бу ҳоким ҳозирда Фарғонага раҳбарлик қилмоқда. Унинг даврида эса ўзбек футболининг байроқдори бўлган «Нефтчи» қуйи лигага тушиб кетган эди. Ҳозир «Нефтчи» Про-Лиганинг таркиб жиҳатдан энг кучли жамоаси. Иқтисодий ҳолати ҳам яхши.

Бозоровнинг биз билан суҳбати давомида билдикки, футболга ҳокимлик пул сарфлаши ёки бирор ҳомий бириктириш унинг ҳам жонига теккан. Фарғона ҳокими ҳам футбол хусусийлашиб, уни шунчаки мухлис сифатида кузатишни хоҳлаётгандек. Унинг айтишича, болалар футболини ривожлантириш учун Фарғонага кучли болалар мураббийларини йиғмоқчи.

Шавкатжон Абдураззоқов, Наманган вилояти ҳокими

«Реал» мухлиси бўлган Абдураззоқов «Навбаҳор»нинг «Барса»чи мураббийи Нўмон Ҳасановни биринчи турдан кейиноқ ишдан олиб ташлагани эсингиздадир. Биз билан суҳбатда Абдураззоқов чиндан «Реал»нинг ўйинларига шайдо эканини айтди ва Мадриднинг тез ўйнашини алоҳида таъкидлади.

Айнан Kun.uz'нинг Наманган ҳокими билан интервьюси вақтида Азиз Турғунбоевнинг трансфер баҳоси ҳақида илк марта расмий маълумот айтилган ва футболчи 2,5 миллиард сўм эвазига «Пахтакор»га ўтгани маълум бўлганди. Ҳокимнинг айтишича, «Навбаҳор»га бир йилда 11 миллиард сўм сарфланган ва 4 нафар Турғунбоев даражасидаги футболчининг бир мавсумда тарбияланиши бир йиллик сметани мустақил шакллантириш учун етарли бўлади. Яъни Наманган ҳокими ҳам футболга ҳокимлик ёки қайсидир бириктирилган ҳомий пул ажратишидан чарчаган, Абдураззоқов ҳам футбол хусусий бўлишини хоҳлайди. У ҳатто «Турон» лойиҳасини олқишлади ҳам.

Хулоса шуки, вилоят ҳокимлари ҳам футболга ҳокимият пулини беришни истамайди, улар ҳам бу пуллар ижтимоий соҳага сарфланиши яхшироқ эканини билишади, улар ҳам футбол хусусий бўлишини истайди. Ҳар ҳолда биз билан гаплашган ҳокимлар шундай фикрда. Лекин нимагадир футболимиз ҳокимликларга қарамликдан ҳеч қутула олмаяпти. Балки ниманидир ёки нималарнидир ўзгартириш керакдир?

#FootWeek кўрсатувининг навбатдаги сонини Tribuna.uz'нинг YouTube саҳифасида томоша қилинг.

Бобур Акмалов, Ўткир Жалолхонов, Kun.uz мухбирлари
Тасвирчи ва монтаж устаси – Маҳмуд Солиев

Мавзуга оид