Жаҳон | 12:14 / 21.07.2021
34789
6 дақиқада ўқилади

Коронадайжест: Ҳиндистонда миллионлаб ортиқча ўлимлар, Европа 50 миллионлик довондан ўтди

Ҳиндистонда пандемия давридаги ортиқча ўлимлар сони 5 миллионга етиши мумкин; Европада касалланиш ҳолатлари сони 50 миллиондан ўтди; япониялик олим Токио Олимпиадасининг карантин пуфаги ёрилиб бўлгани ҳақида айтди.

Фото: MAJORITY WORLD/GETTY

Сайёрада пандемия бошидан буён коронавирусга чалиниш ҳолатлари сони 192 млн.дан ошди. Расмий ҳисобларга кўра, шу вақтгача вирусдан 4 млн 115 мингдан ортиқ киши вафот этган. Қўлланган вакциналар - қарийб 3,7 млрд доза, Ер шари аҳолисининг миллиарддан ортиқ аҳолиси тўлиқ эмлаб бўлинган. BBC сўнгги коронахабарларни тақдим этди.

Ҳиндистон - беш миллионгача ортиқча ўлимлар
Америкалик ва ҳиндистонлик олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Ҳиндистонда пандемия вақтидаги ортиқча ўлимлар сони беш миллионни ташкил этиши мумкин, бу эса ушбу мамлакатда ковид туфайли қайд этилган ўлимлар сонидан ўн баробар кўпроқ.

Ҳиндистонда 400 млн дозадан ортиқ вакцина қўлланди, бу эса 1,4 млрд кишилик аҳолини вакцинация қилиш жараёнида яхши кўрсаткич эмас, шу вақтгача ҳиндларнинг 6,3 фоизигина тўлиқ эмланган / HINDUSTAN TIMES/GETTY

Вашингтон глобал тараққиёт бўйича аналитик маркази муқаддам Ҳиндистон ҳукуматида бош иқтисодий маслаҳатчи бўлиб ишлаган Арвинда Субраманяна иштирокидаги тадқиқотда пандемия бошидан шу йилнинг июнига қадар Ҳиндистонда ўлим ҳолатлари сони «тинч» йиллардагига нисбатан 3,4 - 4,9 млн.тага кўп бўлганини аниқлаган.

Расмий статистикага кўра, Ҳиндистонда 415 минг киши коронавирусдан вафот этган, аммо жуда кўплаб мутахассислар ва маҳаллий матбуот ҳукумат шунчаки ковид ўлимларини қайд этишга улгурмай қолганини, айниқса юз миллионлаб ҳиндлар яшайдиган қишлоқ ҳудудларда бунинг имкони бўлмаганини ёзишган.

Шу билан бирга, ҳисобот муаллифлари миллионлаб ортиқча ўлимларнинг барчасини тўғридан тўғри коронавирус билан боғлаш тўғри бўлмаслиги - шунчаки бундай маълумот йўқлигини айтишган.

Пандемиянинг кучли тўлқини кузатилган май ойида Ҳиндистонда расмий статистика бўйича 170 минг киши коронавирус қурбони бўлган; крематориялар ва жасадларни ёқиш майдонлари жасадлар оқимига дош бера олмаган ва Ганга дарёсида сузиб юрган юзлаб жасадлар аниқланганди.

Европада 50 миллион касалланиш

Британия Ғарбий Европада касалланиш ва ўлим ҳолатлари сони бўйича етакчи. Лондонда, йирик шифохоналардан бири олдида рамзий «хотира девори» очилди ва унда ковид қурбонлари хотирасига минглаб юракчалар тасвирлари акс этди  / SOPA IMAGES/GETTY IMAGES

Европа коронавирусга чалинганлар сони 50 миллиондан ошган илк қитъа бўлди - бу ҳақда Reuters агентлиги ўз ҳисоб-китобларига асосланган ҳолда хабар берди.

Қитъада энг кўп аҳолига эга бўлган Россия Европа бўйича касалланганлар сони бўйича етакчилик қилмоқда - қарийб олти миллион ҳолат.

Европанинг бу борадаги етакчилигини аҳолини тест қилиш ва ҳисоб-китоб ишлари нисбатан яхши олиб борилаётгани билан изоҳлаш мумкин. Шимолий Америкада ҳам бу ишлар ёмон олиб борилмаяпти ва у ерда - тахминан 38 млн касалланиш ҳолати қайд этилган (АҚШ - 34,1 млн, Мексика - 2,66 млн, Канада - 1,46 млн).

Ҳозирда Европа бўйлаб «Дельта» штамми кенг тарқалган, бу аввалги штаммларга қараганда юқувчан. Ҳар саккиз кунда касалланиш ҳолатлари сони бир миллионга ортмоқда. Европада пандемия даврида ушбу касалликдан вафот этганлар сони - 1,3 млн кишини ташкил этмоқда, бу дунё бўйича расмий коронавирус қурбонлари сонининг учдан бир қисмига тенг.

Олимпиячиларнинг ҳимоя пуфаги ёрилди

Токио Олимпиадаси ташкилий қўмитаси раҳбарлари Тосиро Муто ва Сейко Хасимото олимпиячилар орасидаги касалланиш ҳолатларини кузатиб боришни ваъда қилишмоқда, аммо ўйинларни яна қолдиришга рози эмаслар

Ташкилотчилар томонидан Токио Олимпиадаси иштирокчиларини сақлашига умид қилинган карантин пуфаги пардаси аллақачон ёрилган ва вирус Япония бўйлаб тарқалишни бошлаган - Лондон қироллик коллежи қошидаги аҳоли саломатлиги институтининг собиқ директори Кендзи Сибуя шундай деб ҳисоблайди.

Олимпиада ташкилотчилари чоршанба куни спортчилар ва Олимпиадада иштирок этувчи делегация вакилларидан жами 79 кишида коронавирус аниқлангани ҳақида хабар берди. Олимпиаданинг очилиш маросими жума кунига белгиланган. Ўйинлар трибуналардаги мухлисларсиз ўтказилади.

Олимпиада-2020 яна қолдирилиши тарафдори бўлган Кендзи Сибуянинг таъкидлашича, Олимпиада ташкилотчиларининг «барчаси назорат остида» экани ҳақида бераётган баёнотлари ҳақиқий ҳолатни ифода этмаяпти ва бу японияликларни фақат ғазаблантирмоқда.

Халқаро олимпия қўмитаси раҳбари Томас Бах ўтган ҳафтада тест олиш ва карантинга жойлаштириш тизими олимпиячилар орасида вирус тарқалиши эҳтимолини нолга яқинлаштириши ҳақида гапирганди.

Олимпиадада иштирок этиш учун келганлар билан боғлиқ касалланиш ҳолатлари Олимпия қишлоғида ҳам, унинг ташқарисида ҳам қайд этилмоқда; Токионинг ўзида ҳозир локдаун жорий этилган ва кунига ўртача 1,5 минг янги ҳолат қайд этилмоқда, сўнгги сўровлардан бири японларнинг 55 фоизи Олимпиада бошланишига саноқли кунлар қолган бўлса-да, уни бекор қилиш керак деб ҳисоблашини кўрсатган.

Токио-2020 Олимпиадаси ташкилий қўмитаси бош котиби Тосиро Муто журналистларнинг Олимпиада бекор қилиниши ёки кейинроққа қолдирилиши эҳтимоли бўйича саволларига жавобан ташкилотчилар мусбат натижа берган тестларни кузатишда давом этаётганини айтиш билан кифояланган.

Австралияда янги локдаунлар
Австралия вирусга қарши курашда бошқа мамлакатларга нисбатан қатъийроқ ҳаракат қилмоқда ва у ерда минглаб янги ҳолатлар учун эмас, саноқли ҳолатлар туфайли ҳам локдаунлар жорий этилмоқда. Сешанба куни Жанубий Австралия штатида ҳам карантин қайтди - бу ҳудудда бир кунда бешта янги касалланиш ҳолати қайд этилганди.

Шунингдек, Янги Жанубий Уэльснинг катта қисми ва бутун Виктория штатида қатъий карантин чоралари амал қилиши давом этмоқда. Ҳозирда жами 14 миллион австралиялик уйда ўзини иҳоталаган, бу эса мамлакат аҳолисининг ярмидан ортиқ қисмини ташкил этади.

Австралияда пандемия бошидан буён 915 киши ковид қурбони бўлган; ҳозирда шифохоналарда, шу жумладан интенсив терапия палаталарида бир неча ўн киши даволанмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид