Жамият | 20:02 / 21.07.2021
23173
2 дақиқада ўқилади

Озодаликда ўрнак шаҳар – Навоий

Навоий шаҳрида бўлганлар кўпинча унинг тозалиги, чиқиндилардан холи эканини эътироф этади. Ҳақиқатан, шаҳарда чиқиндилар деярли учрамайди, одамлар тозаликка алоҳида эътибор беради.

137 минг атрофида одам яшайдиган шаҳар саноат маркази ҳисобланади. Бу ерда кўплаб йирик заводлар: Навоий кон-металлургия комбинати, "НавоийАзот" ва "Қизилқумцемент" фаолият юритади.

Ишлаб чиқариш кўплиги ҳисобига ҳавосини унчалик тоза деб айтиб бўлмайдиган шаҳарда кўчалар ва маҳаллаларнинг тозалиги диққатга сазовор.

Одамларнинг фикрича, бунга сабаб – шаҳар аҳлида чиқинди ташлаш маданияти шаклланган, қолаверса, ободонлаштириш ходимлари ишини сидқидилдан бажаради.

Дарҳақиқат, Навоийда чиқинди қутилари бошқа шаҳарлар билан солиштирганда кўп эмас, лекин кўчалар чиқиндига тўлиб кетмайди. Кўпқаватли уйлар атрофи, ҳатто бозорлар ҳам тоза.

Баҳор ойларида Тошкент шаҳрида баҳорнинг ёмғирли кунларида чиқиндилар сабаб сув тўпланиб марказий кўчаларга ҳам сув тошган эди.

Чиқиндилар бошқа муаммоларга ҳам сабаб бўлишини ҳисобга олсак, Навоий шаҳрининг тозалик бўйича тажрибасини ўрганиш бошқа шаҳарлар учун ҳам фойдали бўлар.

Зилола Ғайбуллаева
Тасвирчи ва монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов

Мавзуга оид