Ўзбекистон | 16:42 / 22.07.2021
7493
2 дақиқада ўқилади

Ислом тараққиёт банкининг янги президенти сайланди

2016 йилдан буён ИТБ президенти сифатида фаолият юритиб келган саудиялик Бандар ибн Муҳаммад Ал-Ҳажарнинг ўрнини унинг ҳамюрти Муҳаммад Сулаймон ал-Жассир эгаллади.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Ислом тараққиёт банки гуруҳининг Бош котибияти тасдиғига мувофиқ, банк Бошқарувчилар кенгаши Саудия Арабистони таклиф этган номзод – доктор Муҳаммад Сулаймон ал-Жассирни ИТБнинг янги президенти лавозимига беш йил муддатга сайлаш тўғрисида сиртдан қарор қабул қилди.

Бу ҳақда 20 июль куни Ислом тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгаши раиси, Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Сардор Умрзоқов маълум қилди.

Сардор Умрзоқов / Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

ИТБ президенти лавозимида 2016 йилдан буён саудиялик Бандар ибн Муҳаммад Ал-Ҳажар фаолият юритиб келаётганди. Банк бошқарувчилари қабул қилган алоҳида қарор билан, Ал-Ҳажарнинг фаолиятига юқори баҳо берилган.

Маълумот учун, янги президент – Муҳаммад Сулаймон ал-Жассир Калифорния университетида иқтисодиёт бўйича фалсафа доктори (PhD) даражасини олган. 2009-2011 йилларда Саудия Арабистони Марказий банки раиси, 2011-2015 йилларда Саудия Арабистони иқтисодиёт ва режалаштириш вазири лавозимларида ишлаган; айни пайтда подшоҳлик Вазирлар Кенгаши Бош котибиятида маслаҳатчи сифатида фаолият юритмоқда.

Муҳаммад Сулаймон ал-Жассир / Фото: ИТБ

ИТБ – 57та ҳиссадор аъзо иштирокидаги, ислом молиясини қўллаб-қувватловчи халқаро молиявий институт. 1973 йилда ташкил этилган, бош штаб-квартираси Жидда шаҳрида.

Ушбу банк – Ўзбекистоннинг асосий 10та кредиторлари қаторида туради. 2021 йил 1 апрел ҳолатига, Ўзбекистон давлат ташқи қарзининг 0,9 млрд доллари Ислом тараққиёт банкига тўғри келади.

Мавзуга оид