Жамият | 11:26 / 22.07.2021
12598
8 дақиқада ўқилади

Ўртача 1000-1500 АҚШ доллар ишлаши мумкин – Япониядаги ватандош билан суҳбат

UzbekLife’нинг навбатдаги суҳбатдоши Япониядаги нуфузли NEC Corporation компаниясида меҳнат фаолиятини олиб бораётган Жўрабек Ҳасанов. Суҳбатимиз Япония таълим тизими, мигрантларга яратилган имкониятлар ва шу каби бошқа мавзуларда кечди.

Ўзбекистондан Японияга йўл

Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида туғилиб ўсганман. Тумандаги

23 мактабда таълим олдим. Сўнг коллежда “Гидлик” йўналиши бўйича ўқиганман. Коллежни тугатгандан кейин 1 йил давомида сайёҳларга япон тилидан гидлик қилдим. Айнан ушбу фаолият жараёнида олий таълимни Японияда олиш истаги пайдо бўлди.

Ҳам япон, ҳам инглиз тилини мукаммал билиш зарур

Японияга келганимга 11 йил бўлди. Японияда хорижликлар халқаро компанияларга ишга кириши учун япон тилини жуда яхши билишлари керак. Яъни сиз япон тилини маҳаллий японлар билан деярли бир хил даражада билишингиз зарур. Чунки, иш жараёнида барча ҳужжатлар, компьютер ишлари япон тилида олиб борилади. Ундан ташқари, инглиз тилини билиш ҳам лозим. IELTS даражангиз 7-8 бўлмаса, сизни ишга қабул қилишмайди. Халқаро компанияларда фақат япон ёки инглиз тилини билиш билан ишлаб бўлмайди. Буларга қўшимча равишда япон маданиятини ҳам билиш зарур. Ҳамкасблар япон миллатига мансуб бўлгани учун улар билан келишиш, алоқа қилиш учун япон маданиятини билиш муҳим ҳисобланади.

Японияда ўқиш ва иш фаолияти

Ўзбекистондаги маълум бир япон тилига алоқадор бўлган олийгоҳларда Японияда таълим олиш учун грантлар мавжуд бўлади. Мен Японияга интернетдан олийгоҳни топиб, уларга хат ёзиб, ҳужжатларни топшириб келганман. 2 йил давомида япон тилини ўргатадиган мактабда таълим олиб, кейин университетга топширганман.

Японияда иш топиш жараёни университетни битиришдан бир йил олдин бошланади. Учинчи курс вақтида талабалар ташкилотларнинг “очиқ эшиклар” кунига қатнашади ва компанияларни ўрганади. Мен ҳам ишга кирган компаниямни ўша жойда кўрганман. Улар ўз тақдимотида келажакда дунёни рақамли технология бошқаради дейишгани учун бу соҳага қизиқишим ортган. Ўзим бошқа йўналишда ўқиган бўлсам ҳам, шу соҳада ишлашга қарор қилдим. Ташкилотнинг имтиҳон тестларидан ўтиб, ишга киришга муваффақ бўлдим. У ерда узоқ йиллардан бери ишлаган япон ҳамкасбларим менга ишни ўрганишда катта ёрдам беришди. 1-2 йилда мустақил лойиҳаларни менга ишониб топширишди.

 Бир марта ишончни йўқотган кишининг япон жамиятига киришиб кетиши қийин

Икки давлат ўртасидаги ўхшашлик жуда кўп. Масалан, бошқа кишиларни ҳурмат қилиш, саломлашиш, одоб-ахлоқ каби томонлари ўзбекларга ўхшаб кетади. Шу сабабли бизнинг киришиб кетишимиз осон.

Фарқли жиҳати сифатида бу халқнинг қаттиққўллигини келтириш мумкин. Бу ерда кечикиш мумкин эмас. Айтган гапни, албатта, қилиш керак. Агар бир марта қилмасангиз, иккинчи марта сизга ишонишмайди. Бир марта сизга имконият беришади, бошқа йўқ. Шунинг учун бу юртга келган ёки келмоқчи бўлган киши мана шу нарсаларни эътиборга олиши зарур. Бир марта ишончни йўқотган кишининг япон жамиятига киришиб кетиши қийин бўлади.

Турли грантлар орқали Японияда таълим олиш

Японияга ўқишга келмоқчи бўлганлар олдида асосан, иккита йўл бор. Биринчиси, юртимиздаги олийгоҳларда ўқиб, уларда мавжуд грантлар асосида келиш. Японияга алоқадор грантлар Тошкент давлат юридик университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Жаҳон тиллари, шунингдек, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида кўплаб топилади. Грантлар кам сонли бўлса-да, талаба тиришқоқ бўлса, уларни ютиш, мутлақо текин, давлат ҳисобидан Японияда ўқиш мумкин. Иккинчи йўли, мен 11 йил олдин келган йўл, яъни талабалар ўзлари ҳужжат топшириб, ўзлари мустақил равишда келиши керак. Бунда талаба инглиз тилини билса, тўғридан тўғри университет билан алоқага чиқиб, ҳужжат топшириши мумкин.

IELTS’дан юқори балл тўплаган бўлсангиз, япон ҳукумати томонидан ажратилган турли грантларни ютсангиз бўлади. Японияда қабул, асосан, апрел ва октябр ойларида бўлади. Лекин, 90 фоиз қабул апрел ойида бўлади. Ушбу қабул учун ҳужжатлар топшириш кузда бошланади. Улар кўриб чиқилиб, суҳбатлардан ўтгач, апрелдан ўқиш бошланади.

 Ўқувчилар уйида, мактабда, поездда ёки автобусда қўлида китоб билан юради

Японияда талабалар ўқиш учун кучли ҳаракат қилади. Чунки, бу ерда талаба яхши ўқимаса, ўқишдан ҳайдалади. Бунинг натижасида талаба контракт пулига куйиб қолиши мумкин. Шунинг учун университет устозлари томонидан босимлар, уришишлар бўлмайди. Қонун-қоидалар аниқ белгилаб қўйилгани учун талабалар ўзлари ҳаракат қилишади.

Шу ўринда ўрта таълим ҳақида ҳам маълумот бериб ўтаман. Бу ерда ўқиш маданияти жуда кучли. Ёш болалар ҳам уйида, мактабда, поездда ёки автобусда қўлида китоб билан юради.

Япония технология ва IT жиҳатдан шу қадар ривожланган давлат бўлса ҳам, оилалар китобхонликка алоҳида эътибор беришади. Дам олиш кунлари туман марказидаги кутубхоналарга оилавий бориб вақт ўтказишади. Яъни китоб ўқиш маданияти оиланинг, ҳаётнинг бир қисмига айланиб қолган.

Мигрантларга йўл очаётган Япония

Япония меҳнат мигрантларини яқин 10 йилдан бери фаол қабул қилишни бошлаган. Ўзбекистондан мигрантларни қабул қилиш яқин 2-3 йилдан бери йўлга қўйилди.

Япон тилини билишнинг 1-5 даражалари бор. 1 даража энг юқори даража, 5 даража энг паст даража ҳисобланади. Мигрантлар учун 4 даражага эга бўлиш талаб қилинади. Яъни кундалик мулоқотда ишлатиладиган сўзларини ўрганиш керак. Келишдан аввал синов бўлиб ўтади. Синовдан ўтса, шартнома тузилиб, 3 йилдан 5 йилгача қонуний меҳнат қилиш мумкин.

Япония ҳукумати 14 та соҳа бўйича мигрантларни ишга қабул қилади. Қурилиш, қарияларга қараш, қишлоқ хўжалиги, балиқчилик, ўрмончилик каби соҳаларда ишлаш мумкин. Ушбу соҳаларда ишлаш орқали ўртача 2000-2500 АҚШ доллари даромад олса бўлади. Солиқ, суғурта каби тўловлардан ташқари бир мигрант ўртача 1000-1500 АҚШ доллар ишлаши мумкин. Нарх-наво ҳам шунга яраша қиммат. Японияда ойлик-маош 3000-4000 доллар эканлигини таъма қилиб, ишга ёллаб қўймоқчи бўладиган фирибгарлар ҳам бор бўлиб, улардан алданиб қолишдан эҳтиёт бўлиш лозим.

100 мингдан ортиқ ишчи меҳнат қилади

Юқорида айтганимдек, Токиодаги NEC Corporation компаниясида фаолият юритаман. Бу компания Япониядаги энг катта компаниялардан бири. 100 мингдан ортиқ ишчи меҳнат қилади. 130 дан ортиқ мамлакатларда филиаллари мавжуд. Асосий фаолият соҳаси ахборот технологиялари ҳисобланади. Ўзим ушбу компания халқаро бўлимда фаолият юритаман. Биз телекоммуникация соҳасида ишлатиладиган аппаратларни ишлаб чиқарамиз.

Япониядаги ўзбеклар

Японияда ўзбеклар ҳали диаспора сифатида шаклланмаган, деб ўйлайман. Чунки, энг эрта келганларга ҳам 20 йил бўлди. Ассоциация доирасида турли тадбирларда йиғилишимиз мумкин. Лекин диаспора бўлиб турли масалаларда йиғилишлар қилиш ҳали у даражада кенг йўлга қўйилмаган. Бу ерда кўпчилик талабаларнинг ўқишдан бўш вақти оз бўлади. Ишлаётганлар ҳам вақт топиши бироз қийинроқ. Шунга қарамасдан, бу ердаги ватандошларимиз бир-бири билан анчайин аҳил дейиш мумкин.

Музаффар Ҳабибуллаев суҳбатлашди

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид