Жаҳон | 09:37 / 23.07.2021
17416
3 дақиқада ўқилади

Pegasus дастури ёрдамида президентлар ва бош вазирлар ортидан кузатув олиб борилган – ОАВ

Pegasus жосуслик дастури ёрдамида 3та давлат президенти, 10та давлат бош вазири ва бир давлат подшоҳи ортидан кузатув олиб борилган. Бу ҳақда The Washington Post нашри хабар берди.

Журналистлар маълумотларига кўра, дастур ёрдамида Франция президенти Эмманюэл Макрон, Ироқ президенти Барҳом Солиҳ ва ЖАР президенти Сирил Рамафоса ортидан кузатув олиб борилган.

Бундан ташқари, Покистон бош вазири Имрон Хон, Миср бош вазири Мустафо Мадбулий ва Марокаш бош вазири Саъдиддин Ал Усмоний ҳам кузатувда бўлган.  

Шунингдек, собиқ бош вазирлар - Аҳмад Убайд бин Дагр (Яман), Саъд Ҳаририй (Ливан), Рухакан Ругунда (Уганда), Эдуар Филипп (Франция), Бакитжон ​​Сагинтаев (Қозоғистон), Нуриддин Бедуий (Жазоир) ва Бельгиянинг собиқ бош вазири, ҳозирда Еврокенгаш раҳбари Шарль Мишель кузатувда бўлган одамлар орасида бўлган.

Журналистлар рўйхатига Марокаш подшоҳи Муҳаммад VI ҳам тушган.

Шунингдек, Мексиканинг собиқ президенти Фелипе Кальдерон, Бурунди бош вазири Ален-Гийом Буньони, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ва бош вазири Асқар Мамин ортидан ҳам жосуслик дастури ёрдамида кузатув олиб борилган. Бироқ таъкидланишича, ушбу сиёсатчиларнинг телефонлари рақамлари кузатилаётган телефонлар рўйхатига амалдаги лавозимларига киришишларидан олдин ёки кейин тушган.

Журналистларнинг таъкидлашича, кузатилган телефонлар рўйхатида БМТнинг бир неча элчиси ва бошқа дипломатлар ҳам бўлган.

Pegasus дастурини ишлаб чиққан Исроилнинг NSO Group компанияси юқоридаги айбловларни рад этмоқда. Компанияда таъкидланишича, Pegasus қўлланиши ортидан кузатув олиб борилади ва ундан суиистеъмол қилувчи ҳар қандай мижоз учун тизимга кириш бекор қилинади. Шу билан бирга компаниянинг таъкидлашича, дастурдан фойдаланиш учун NSO Group эмас, балки мижозлар жавобгар ҳисобланади.

18 июлда бир неча ой давом этган журналистик суриштирув “Pegasus лойиҳаси” натижалари эълон қилинди. Суриштирувни 17та нашр, жумладан, Guardian, Washington Post, Haaretz, Suddeutsche Zeitung ва Amnesty International каби нуфузли нашрларнинг 80 нафар журналисти биргаликда олиб борган. Суриштирув натижасида журналистлар ихтиёрига ўнлаб давлатларда кузатилган 50 мингта телефон рақамидан иборат рўйхат тушган.

Лойиҳа маълумотларига кўра, авторитар давлатлар ва турли махсус хизматлар йиллар давомида юзлаб ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар ва сиёсатчилар ортидан Pegasus дастури ёрдамида кузатув олиб борган. Рўйхатдаги мингдан кўпроқ телефон рақамлари эгаларини аниқлашга муваффақ бўлинган. Улар орасида Франция, АҚШ, Ҳиндистон, Марокаш, Мексика, Венгрия ва бошқа бир қатор давлатларнинг юқори мансабдор шахслари, адвокатлар, ҳуқуқ ҳимоячилари бўлган.  

Мавзуга оид