Ўзбекистон | 23:21 / 26.07.2021
13067
4 дақиқада ўқилади

“Ҳозир божхона органларида вакансия йўқ” — ДБҚ раиси ўринбосари

“Божхона тизимида ислоҳотлар қилингунга қадар йилига ўртача 300–500 нафар ходим ишдан бўшатилган. Бу – божхона органларининг 10 фоиз шахсий таркиби дегани”, – деди Давлат божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Илҳом Мухторов тизимдаги коррупция ҳақидаги саволга жавобан.

26 июл куни сўнгги 5 йилликда божхона органларида амалга оширилган ислоҳотларнинг асосий натижаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда божхона ислоҳотлари тизимдаги коррупция даражасига қандай таъсир қила олгани бўйича савол берилди. Саволга Давлат божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Илҳом Мухторов жавоб берди.

“Божхона тизимида ислоҳотлар амалга оширилгунга қадар йилига ўртача 300 дан 500 нафаргача ходим ишдан бўшатилган. Бунча ходим дегани божхона органларининг 10 фоиз шахсий таркиби дегани. Ичида ақллиси бўлган, ёмони бўлган, гап бунда эмас, гап кадрларнинг кетишида. Бу сонларнинг ичида коррупция омиллари билан кетган кадрлар ҳам бор.

Мен божхона тизимида коррупция қолмади, деб айта олмайман. Лекин биз қаерда муаммомиз борлигини, қайси жойда божхоначи шу ишни қилиши мумкинлигини биламиз.

Сўнгги йилларда биз ҳам тадбиркорнинг ҳолатига кириб, ҳам инспектор ўрнига ўзимизни қўйиб кўриб ислоҳотлар қилдик. Рухсатнома бериш, қарорлар қабул қилишда манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини ўрганиб чиқдик ва бунинг эҳтимолини минималлаштирдик.

Энг катта жараён бу – божхона кўриги. Божхона кўриги тадбиркорнинг жуда кўп вақтини ва пулини оладиган жараён. Олдинлари божхоначи хоҳласа чиқарди, хоҳламаса чиқмас эди. Бу пул дегани. Мана шу ҳолат коррупцион элементнинг бир кўриниши.

Иккинчидан, қийматлар масаласи. Уни ҳам автоматизация қилишга ҳаракат қиляпмиз. Олдин қандай эди? Божхоначи қарор қилар эди сизнинг маҳсулотингизни неча пулдан, қайси ТИФ ТН коди билан “растоможка” қилишни. Ҳозирда бундай имкониятлар кесилган.

Яна бир нарса, бугунги кунда божхона органларида вакантнинг ўзи йўқ. Бир йилда пенсияга чиқаётганлар сони 70-80 нафарни ташкил қилади. Бу ҳам кадрлар потенциалини мустаҳкамлашга, коррупциянинг олдини олишга олиб келяпти.

Aйни вақтда яна бир амалиётни йўлга қўйганмиз. Олдин бундай амалиёт бўлмаган. Божхонанинг ўзи тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи билан ҳамкорликда ходимнинг устидан оператив йўл билан ишлаб, қўлига кишан солиб, топширяпмиз. Сўнгги йилларда 10 дан ортиқ ходимни шундай ишдан олдик ва жиноий жавобгарликка тортдик”, – деди Илҳом Мухторов.

ДБҚ раиси ўринбосарига кўра, тизимдаги асосий вазифа – илғор хориж тажрибасини татбиқ қилиш ва барча жараёнларни рақамлаштириш.

Ўзбекистон ўтган йили савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича Киото конвенцияси ҳамда вақтинча олиб кириш бўйича Истанбул конвенциясига қўшилган эди.

Илҳом Мухторовга кўра, жорий йил охирига бориб божхона расмийлаштируви жараёни ўзгаришини айтди.

“Катта ўзгариш қиламиз. Масофадан юкни чиқариш деган тушунча бор. Божхона постларидаги ҳозирги расмийлаштириш жараёнларидан воз кечмоқчимиз. Божхона расмийлаштирувини марказлашган ҳолда, марказлардан амалга оширишни йўлга қўймоқчимиз.

Бу – ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиси ва божхона ўртасидаги жисмоний контактни минималлаштириш. ТИФ қатнашчиси божхонага келиши тартиби ҳозиргача сақланиб қоляпти.

Иккинчи янгилик – юкларни автоматик чиқариб юбориш тизими. Бунда ходим қатнашмайди, тизимнинг ўзи қарор қабул қилади. “Сизнинг юкингиз фалон тизим орқали божхона расмийлаштирувидан ўтказилди, раҳмат” деган хабар чиқади. Шу нарсани импорт жараёнларига ҳам татбиқ этиш ниятимиз бор”, – таъкидлади Давлат божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари.

Мавзуга оид