Жамият | 15:25 / 28.07.2021
2387
4 дақиқада ўқилади

Ўтин териб, фермада яшаётган оила: уларнинг ҳеч қачон ўз уйи бўлмаган

«Қишлоқда бир кун» лойиҳаси даврасида Сирдарё вилоятининг Мирзаобод тумани Оқолтин шаҳарчасидаги истиқомат қилиб келаётган оилалардан бирининг турмуши шароити билан танишдик.

Оқолтин шаҳарчаси вилоят марказидан 25 км масофада жойлашган. Қаҳрамонимиз — Гулнора Эргашеванинг бу ерга кўчиб келганига бир йил бўлган. Ўзининг айтишича, унгача турли жойларда фақат ижарада яшаб келган.

Гулнора Эргашева оиласи билан бир йилдан бери Оқолтин шаҳарчасида, чорва молларини боқиш учун мўлжалланган фермада яшаб келмоқда. Бу ерда бир пайтлар мол боқилган. Ҳозир ҳам фермернинг 5-6 та моли парвариш қилинмоқда. Чор атрофдан шунга яраша ҳид келиб турибди. Пашша ва чивин ёпирилишинику, асти қўяверинг.

У ўзининг икки ўғли, бир келини ва икки набираси ҳам ўзи билан шу ерда яшайди. Гулнора опанинг айтишича яна бир ўғли тоғаси билан Оқолтин туманида истиқомат қилар экан.

Оиланинг ҳеч қачон ўз уйи бўлмаган, улар бу ерга кўчиб келгунга қадар фақат ижарада яшашган.

Улар ҳозир яшаётган жойгача табиий газ етиб келмаган. Балонли газ ҳам олиб келинмайди. Уйни иситиш ва овқат пишириш учун даладан ўтин териб келинади. Ўчоқда овқат қилинади. Оиланинг қўли шу қадар юпқаки, уйни иситиш ва овқат пишириш жараёнини суратга олмоқчи бўлганимизда, ўчоққа олов ёқишга ҳам тортинишди. Чунки, ўтинни улар харид қилишмайди, уни чор атрофдан териб келишади. Шу сабабли иқтисод қилиб ишлатишга мажбур.

Оилада чорва, парранда йўқ. Чунки уй ҳайвонларини асраш учун уларда етарли маблағнинг ўзи йўқ. Даромад эса фарзандларининг ишлаб топишига боғлиқ. Катта ўғли кунбай қурилиш ишларига чиқади. Иш яхши бўлса 100-200 минг сўм топиши мумкин. Кичик ўғли эса маҳаллий аҳолининг чорвасини боқар экан. Унинг ойлиги 200 минг сўмни ташкил қилади. Бу арзимас иш ҳақлари рўзғордан, еб-ичишдан ортмайди, кейинги ойликкача амаллаб етказилади.

Гулнора опа пенсия ёшида. Лекин ўз уйи, муқим яшаш манзили бўлмаганлиги сабабли ҳозирга қадар пенсия ололмай келмоқда.

«Икки неварам, уч ўғлим бор. 1990 йилда туғилган ўғлим Оқолтин туманида тоғасини қўлида яшайди. Уйли-жойли қилган, «участка»си бор. Қурилишда «обои» ишларини, нақшларини қилади. Устачилик билан тирикчилик қилади.

Бу ерда газ йўқ, ток билан иш қиламиз. Ўғлим ҳар икки кунда ўтин чопиб келади. Совуқ кунларда ҳам, қор ёғганда ҳам ўтин билан тирикчилик қилдик. Икки хонани ўтин билан иситиб ўтирамиз. Ёзда ҳам ўтин қилиб келишади, ўчоққа ҳам ўтин керак. Газ линиялари бор, лекин газ келмайди бу ерларга. Газ баллони ҳам келмайди.

Ўғлим пахта заводида ишларди. Ҳозирда у ерда иш тўхтаб қолган. Шунинг учун кунлик ишларни қилиб қилади. Ҳар куни ишга чиққанда 100-150 минг топиб келади, эплаб турибмиз. 2001-йил туғилган ўғлим пода боқиб, 200 минг ойлик олади. Келиним яқинда ишга кирди. Ҳали қанча ойлик олишини билмаймиз.

Доимий яшаш жойим бўлмагани учун пенсияга чиқишни иложи бўлмади. Мана энди ўғлим участкасини битирса, у ерда ҳисобга турсам, кейин пенсияга чиқишга ҳаракат қиламан», деди Гулнора Эргашева.

Мирзаобод тумани масъуллари ушбу оиланинг яшаш шароити билан танишиб, ўз имкониятларини чамалаб, яқиндан ёрдам беришади, деган умиддамиз. Айниқса, Гулнора опанинг пенсия олиши масаласида.

Шуҳрат Юнусов, Kun.uz мухбири.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид