Ўзбекистон | 11:13 / 28.07.2021
27297
10 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг жиддий экологик муаммолари: сабаблар, етарли бўлмаётган кураш ва оқибат — Экоқўмита раиси билан интервью

26 июль куни Тошкент шаҳри Сергели туманида Экология қўмитаси раисининг сайёр қабули ўтказилди.

Kun.uz мухбири сайёр қабул якунида Қўмита раиси Алишер Мақсудов билан Ўзбекистонда долзарб бўлиб турган экологик муаммолар, уларнинг ечимлари, ижтимоий тармоқларда Қўмита ва унинг раҳбариятига билдирилаётган танқидий фикрлар ҳамда Қўмита олдида турган долзарб вазифалар юзасидан интервью уюштирди.

— Охирги йилларда мамлакатда бўй кўрсатаётган экологик муаммолар, қайта-қайта такроланаётган экологик жиноятлар Ўзбекистоннинг жиноий, маъмурий қонунчилигида экологик қонун талабларини бузганлик учун жавобгарлик масаласи қатъий ҳарактерда эмаслигини кўрсатмоқда.

Сизнингча, бу борадаги тартибларни қатъийроқ белгилаш вақти келмадими?

— Экология қонунчилигини кучайтириш учун кўп қонунлар чиқяпти. Жорий йил бошидан буён иккита ана шундай қонун чиқди. Шунингдек, бу борада президент қарори ҳам қабул қилинди. Катта бир илмий академик жамоа яна бошқа қонунчилик устида иш олиб бормоқда.

—Хўш, яқин вақт ичида биз бу соҳада айнан қандай ўзгаришларни кутишимиз мумкин?

— Ҳозирги киритилаётган қонунчиликдаги ўзгаришлар маиший чиқиндилар, дарахт кесишга қарши кураш, шунингдек, карьерлар фаолиятини тартибга солиш каби йўналишларда олиб бориляпти.

— Айнан сизнинг имзоингиз билан ваҳшийларча отилган қўнғир айиқ масаласи. Бу борада қўмитанинг турли мутахассислари тушунтиришлар беришди. Бугун ўзингиз бу масалада тушунтириш берсангиз.

— Қўнғир айиқни отиш масаласида давлат Экология қўмитасининг ўзи қарор қабул қилмаган. Рухсат берган комиссия таркибида Фанлар академияси олимлари, академиклар, фан докторлари бор ва бу ишнинг ҳисоб-китоби қилиб бўлингандан кейин шу қарорга келинган ва мен фақат тасдиқлаб берганман.

— Ўрганишларим бўйича, «Қизил китоб»га киритилган ҳайвонлар сони бўйича академия маълумотлари ҳам айрим ҳолатларда тахминларга асосланади. Экология қўмитаси буни назоратга олиши керак эмасми?

— Комиссия таркибида фақатгина ФА олимлари эмас, бошқа ташкилотлардан ҳам вакиллар киритилган. Эшитган бўлсангиз, Сурхондарёда айиқлар томонидан 40та қўй бўғизлаб ташланган, Қашқадарёда эса айтиб бўлмайдиган даражада ишлар бўлган. Мана шу каби ҳолатларни ишчи гуруҳ ўрганиб чиққандан кейин хулосасини беради. Битта ташкилот хулосасига кўра иш тутилмайди, мен бунга ишонмайман, бошқаларнинг ҳам хулосаларини олиш керак.

Иккинчи қўнғир айиқ масаласига келсак, бу ов тўхтатилган, мен бунга ҳозирча рухсат бермайман. Комиссия айиқларни яна бир марта ўрганиб чиқади, Қўмита учун дронлар олиб келтирганман, қайтадан санаб чиқилади. Улар ишни Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидан бошлашди, ўрганиб чиқиб, ҳар бирига маркеровка қўйилганидан сўнг рухсат берилиши мумкин.

— Ўзбекистоннинг соҳадаги оғриқли муаммоларидан бири сув тозалаш иншоотларининг аҳволи масаласи. Бунда сув тозалаш иншоотлари республика бўйича фақат Тошкент, Навоий ва қисман Самарқандда бор. Қолган вилоятларда барча чиқиндилар, жумладан, инсон ахлати тўғридан тўғри дарёга оқизилади. Бу ўз ўрнида эпидемик хавфли вазият дегани. Бу масалада Қўмита қандай ишларни режа қилган?

— Тўғридан тўғри деб бўлмайди-ю, лекин бу ҳолат мавжуд. Президент қарори чиқиб, пуллар ажратиб берилган. 2025 йилгача тозалаш иншоотлари бошқатдан кўриб чиқилади, Бектемирдаги иншоотлар устини ёпиш, бошқа ерга кўчириш ишлари олиб борилади.

Наманганда ҳам тозалаш иншоотлари қуриляпти, бу замонавий тозалаш иншоотининг Марказий Осиёда муқобили йўқ. Барча ишлар режа бўйича кетяпти, 2025 йилгача тўлиқ уддалаймиз.

— Ўзбекистонда дарахтлар кесилиши энг оғриқли ва айни пайтда унга қарши амалдаги кураш услублари етарли бўлмаётган масалалардан бири. Айрим пайтларда биз ҳатто Қўмита қаерлардадир дарахт кесилишини оқлаб бераётгани, кесувчиларга «адвокат» ролини ўтаётганини кўряпмиз. Бу борада Қўмита раиси сифатида нима дейсиз?

— Экология қўмитаси бирорта дарахт кесилишига рухсат бермаган. Тўғри, уни кўчиришга рухсат берилиши мумкин. Мораторий ҳозир ҳам ишлаяпти. Дарахт кесаётганларга қаттиқ чора кўряпмиз. Дарахт тури ва ҳажмига қараб жарималари ҳам катта. Албатта, катта қурилишлар, проектлар бўляпти, уларни ўзгартиришга ҳаракат қиляпмиз, тан олиш керак бир-иккита дарахт кесиляпти.

Яқинда Самарқандда бир объектда дарахтни кесиш учун ҳийла ишлатишган, уни қуриган қилиб кўрсатиш учун тагини ковлаб, кейин ёпиб қўйилган ва бир ойдан сўнг кўрсатяпти, мана дарахт қуриган, деб. Биз бундай ҳолатларга ҳам қаттиқ чора кўряпмиз.

— Сиз ҳозир битта-иккита дарахт ҳақида гапиряпсиз, лекин Ўзбекистонда ва хусусан Тошкентда юзлаб дарахтлар кесиляпти.

Яқинда бир аёл блогер ва унинг ёзган масаласи бўйича ҳоким ўринбосари билан шаҳарга чиқдик. Битта томнинг устига йиқилиш хавфи бўлган қуриган дарахтни кесиб ташлашган. Шундай ҳолатда ҳам экология рухсат бермасдан кесгани учун жарима ёздик. Блогерлар кўпинча аниқ маълумот беришмаяпти. Агар аниқ маълумот ва савол беришса, мен исталган вақт жавоб беришга тайёрман.

— Олимларнинг таъкидлашича, ҳар 20 минг киши учун камида 1 гектар дарахт кислород ишлаб чиқариши керак экан. Хўш, бу борада Тошкентда аҳвол қандай?

— Тўғри савол беряпсиз, дарахтлар етарли, лекин уни парвариш қиладиган эгаси йўқ. Дейлик, йўқ ёқасида турган дарахт, кимдир экиб кетган, қаровчи йўқ. Биз шундай тизим қиляпмизки, ҳар бир дарахтнинг эгаси бўлсин. Бир йилда республика бўйича 208 млн дарахт экилади, агар уларнинг эгаси бўлса, ўрмонзор бўлиб кетиши керак эди. Ҳозир катта иш олиб боряпман, ҳар бир дарахтнинг эгасини топиш керак, шуни ҳал қилсак, бунда муаммо бўлмайди. Бундан ташқари яшил зона, учта ҳалқа йўллари бўйича катта лойиҳалар қиляпмиз. Қурилиш вазирлиги билан ҳамкорлик қиляпмизки, қурилиш лойиҳасига дарахт экиладиган жойини ҳам қўшишсин.

Хорижий мамлакатлар тажрибасида кўринадики, ҳар қандай қурилиш бўлмасин, дарахтлар сақлаб қолинади ва экологияга бўлган муносабат бошқача.

Ҳозир шаҳардаги бир маҳалладан келишди. Кўп қаватли уй ёнида автотураргоҳ қурилиши учун 4та дарахт халал бераётган экан, лекин уларга бу дарахтларни кесишга рухсат бера олмаслигимни айтдим ва ўрганиб кўриш учун ходимлар бириктирдим, 2таси қуриган бўлса текширишда аниқланса, кесишга рухсат бераман. Проектда Қўмитага алоқадор мансабдорлар рухсатномага қўл қўядиган бўлса, жавоб беради.

— Тошкентда ер устида метроси қурилиши муносабати билан катта-катта дарахтлар тепаси кесилиб, қуруқ илдизи ёзнинг иссиқ кунида тошлоқ ерга кўчирилган, натижада дарахтлар қуриган. Сайтимизда шу ҳолатга бағишлаб кўрсатувлар ва мақолалар эълон қилинди. Бунга Қўмита қандай йўл қўйган? Қўмита назорат қилиши керак эмасмиди?

— Сиз айтаётган воқеа шу йил бўлганми? Қўмитадан ҳеч ким бунга рухсат бермаган.

— Тошкентдаги парк ва истироҳат боғлари ҳақида. Бугун пойтахтда кўплаб истироҳат боғлар хусусийлаштириляпти, деган сабаб билан ёпиб қўйилган. Одамларда дам олиш учун жойлар етарли эмас. Қўмитанинг бу масалада ўрни қаерда?

— Масалан, яқинда Чилонзор туманидаги парк ичига кирдик, ўрганяпмизки, ҳақиқатан дарахт кўчирилиши ҳам, кесилиши ҳам бор. Лекин улар шартнома бўйича шундай дарахтлар олиб келишяптики, эртага одамлар ҳавас қилади. Агар битта дарахт кесишга рухсат олса, ўрнига 10та дарахт экиши шарт.

Самарқандда ҳозир катта бир тадбирга тайёргарлик кўриляпти. Экиш учун чет элдан олиб келинаётган дарахтларни кўрсангиз ҳавасингиз келади. Ўзим ҳам бориб кўрдим, ўша пайти 16та катта юк машинасида жуда қимматбаҳо дарахтлар олиб тушишди. Биз назорат қиляпмизки, кесганидан қимматбаҳо бўлган 10та дарахтни олиб келиб экади.

— Мутахассисларга кўра, келажак учун игнабаргли дарахтлар унчалик самара бермайди, балки йирик баргли дарахтлар экилиши зарур. Биз ҳозир баланд бинолар қуряпмиз, лекин уларнинг атрофига арча экиб қўямиз. Бу борада нега сиз раҳбарлик қилаётган Қўмита уларга тавсиялар бермайди?

— Биз ҳозир мевали дарахтларга эътибор беряпмиз. Эсласангиз, бир вақтлар кўчада олма ҳам, гилос ҳам, узум ҳам бор эди. Ҳозир эса айтганингиздек, арча босиб кетди. Энди яна ўша эскидагидек мевали дарахтларга эътибор қаратяпмиз.

— Чиқиндиларни йиғиб олиб, қайта ишлаш бўйича ҳар бир туманда кластерлар ташкил этиш бўйича президент қарори чиққан эди. Бугун бу борада ҳаракатларни сезмаётгандекмиз?

— Бу масалада иш тўхтаб қолмаган. Тендерлар давом этяпти, Навоий, Фарғона, Андижон, Бухоро вилоятларида очилган, ишлаяпти. Жорий йил 100 фоиз кластерга ўтиши керак. Яқинда ҳам 9таси ўтди, яна 24таси тендерда турибди, ким ютиб олса, шартнома қиламиз.

Чиқинди 2016 йил 9 фоиз йиғиб олинган бўлса, ҳозир қамров 90 фоизга чиқди.

— Зарафшон дарёси қуриб бораётгани сабабларидан бири карьерларнинг тинимсиз равишда дарё ўзанларидан қум-шағал кавлаб олаётгани ҳисобланади. Нега карьерлар фаолиятига тақиқ қўйилмаяпти?

— Бош вазир йил бошида аниқ топшириқ берди, бу борадаги ишларнинг барчасини қайтадан кўриш керак. Бевосита Жиззах вилоятидан поездда ўтаётганда иккита карьерни кўрган ва кейин тўхтатиш бўйича топшириқ берди. Бундан ташқари Самарқандда кўп карьерлар тўхтатилган. Авваллари жуда кўп эди, ҳозир икки-учта қонуний ишлаб тургани қолди. Улар ҳам тадбиркор, нотўғри иш юритса, уларни ҳам тўхтатамиз.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.

Тасвирчи – Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид