Жамият | 17:16 / 29.07.2021
18644
15 дақиқада ўқилади

“Хоҳиш бўлса, 40 ёшдан кейин ҳам тил ўрганиш мумкин” — корейс профессори билан ўзбек тилида суҳбат

О Ин Кёнг – кореялик туркшунос олим. У туркий халқларнинг тили, маданияти ва адабиётини корейс халқига етказишда катта ҳисса қўшиб келмоқда. Бир нечта шарқ тилларини биладиган филолог 43 ёшидан бошлаб ўзбек тилини ҳам ўрганган.

Профессор 2014 йилда Алпомиш достонига бағишланган диссертациясини ўзбек тилида ёқлайди ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Фанлар академиясининг фан доктори мақомига эга бўлади.

У, шунингдек, Сеулдаги Донгдук Хотин-қизлар университети профессори ҳамда Евросиё Туркшунослик институти асосчиси ҳамдир. Ўзбек тилидан ташқари инглиз, француз, турк, озарбойжон ва туркман тилларида ҳам бемалол сўзлаша олади.

О хоним Kun.uz’нинг Кореядаги мухбири билан суҳбатда меҳнат фаолияти, СССР вақтида Ўзбекистонга кела олмагани, кейинчалик келиб Тошкентда яшагани ва ўзбек тилини ўргангани ҳақида сўзлаб берди.

— Профессор О, айтинг-чи, айни дамда нималар билан бандсиз?

— Ҳозирда Корея пойтахти Сеулда жойлашган Донгдук Хотин-қизлар университетида профессор бўлиб ишлайман. Шу билан бирга, Евросиё Туркшунослик институтининг асосчиси ва раҳбари сифатида ҳам фаолият олиб бораман.

Бу институт Кореяда туркшунослик илми билан шуғулланадиган, турк мамлакатларини ўрганувчи ва шу мавзуда илмий тадқиқотлар қилувчи ягона институтдир. Фаолиятимиз кенг, масалан, биз йилда икки маротаба туркча ва ўзбекча дарслар ташкил этиб, шу тилларни ўрганмоқчи бўлган инсонлар, жумладан, талабалар, олимлар, бизнес вакиллари ва бошқаларга тилларни ўргатамиз. Бундан ташқари, туркшунослик бўйича тадқиқот қилаётган профессор-олимларни институтга таклиф қилиб, бир ойда бир маротаба семинарлар ўтказамиз.

Шу ўринда мен дарс берадиган Донгдук Хотин-қизлар университети ҳақида ҳам озгина тўхталиб ўтмоқчиман. Хотин-қизлар деганда, шу сўз кўпчиликнинг эътиборини тортиши мумкин. Номидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, бу ерда фақат қиз ва аёл талабалар таҳсил олади. Университетга 1908 йилда асос солинган. Бу даврда Чосон сулоласи кучсиз бўлиб кетаётган вақтда, бизнинг давлат етакчилари ва ватанпарвар инсонлар хотин-қизларга таълим беришнинг қанчалик аҳамиятга эга экани ҳақида ўйлашган. Сабаби, у вақтларда корейс халқи жуда консерватив бўлгани учун ота-оналар қизларини ўғил болалар билан бирга мактабда ўқимасин, деб мактабга жўнатмаган. Шу сабабли, фақатгина қизлар таълим олиши учун бир имконият яратиш мақсадида “Бир аёл кишини ўқитиш, юзта эркак кишини ўқитишдан кўра аҳамиятлироқдир”, дея таълим муассасаси очишга қарор қилишган.

Бу йил биз қилаётган энг катта ишлардан бири – туркшунослик энциклопедиясини яратиш. Масалан, Туркия, Озарбойжон, Ўзбекистон, Қозоғистон каби турк мамлакатлари бўйича уларнинг тил, адабиёт, фольклор, санъат, тил каби гуманитар фанларини ўрганиб, улар ҳақида маълумотлар йиғиб, катта энциклопедия қилиш ниятидамиз. Бу ишга чет эл мамлакатларида фаолият олиб бораётган турли олимлар ҳам катта ёрдам беришади. Шунингдек, Кореяда мавжуд турк мамлакатлари элчихоналари ҳам ҳамкорлик қилишади.

— Айтинг-чи, турк халқлари, уларнинг маданиятини ўрганишга бўлган қизиқиш ва иштиёқ сизда қандай пайдо бўлган?

— Бадиий адабиётни севадиган бир талаба эдим. Шунинг учун ҳар дам олиш кунларида, бўш вақтларимда бадиий асарлар ўқир эдим. Лекин ўша вақтларда кутубхонага борсак, фақат Франция, Англия ва бошқа Европа мамлакатларининг асарлари, русларнинг таржима қилинган асарлари бўлар эди. Шунда “Нега дунёда шунча кўп мамлакатлар бор бўлса ҳам, фақат Европанинг бадиий асарларини ўқиймиз?” деб ўйлаганман.

Мактабда тадқиқот қилаётган вақтларимда турк мамлакатларининг Корея маданияти билан кўп ўхшаш жиҳатлари борлигини билганман, лекин ўша даврда у ҳақида маълумотларни топиш жуда ҳам қийин эди. Шу сабабли мен биринчи бўлиб шу давлатларга бориб, уларнинг маданияти, тарихи, адабиётини ўрганиб, кореяликларга таништиришни мақсад қилганман.

Ўша вақтлари Кореяда битта ягона туркшунослик кафедраси бор эди. Мен у ерда ўқиб, кейин чет элда магистратура, докторантурада ўқишни режалаштирганман.

Аслида Ўзбекистонда магистратурада ўқишни истаган эдим. Лекин у вақт совет иттифоқи даврлари бўлгани учун Ўзбекистон ва Корея ўртасида дипломатик алоқалар йўқ эди. Маълумотларни ҳам билмасдим. Шунинг учун Туркияга бориб, магистратура ва докторантурани тугатганман. Лекин бу ҳам осон бўлмаган, мен бормоқчи бўлган вақтимда нафақат ота-онам, ҳатто профессорларим ҳам рухсат беришмаган. Лекин истагим кучли бўлгани учун Туркияда таҳсил олиб, Кореяга қайтиб келганман.

Қайтганимдан кейин ҳам университетда ўқиган соҳам бўйича иш топишга жуда қийналдим. У вақтлари кореяликлар турк халқлари, дунёси ҳақида деярли ҳеч нарса билмасди. Лекин шу кунлардан ўтиб, мен мана шу университетда 20 йилдан ортиқ вақт давомида ишлаб келаман.

— Сиз инглиз, турк, озарбойжон, ўзбек, француз каби тилларда бемалол сўзлаша оласиз. Тилни мукаммал ўрганишнинг сири нимада деб биласиз?

— Сири деган нарса йўқ, менимча. Бир одам чет тилини ўрганиши учун узоқ вақт меҳнат қилиши керак, деб ўйлайман. Афсуски, ўзбекча сўзлашишни бироз унутганман. Чунки Ўзбекистондан қайтиб келгандан сўнг деярли ҳеч ким билан ўзбек тилида суҳбатлашишга имконият бўлмади. Мен Ўзбекистонда дарс берганимда талабам бўлган аёл ҳозирда бизнинг институтда, ёнимда ишлайди. Мен унга шарт қўйиб, “Мен билан фақат ўзбекча гаплашинг”, десам ҳам, гаплашмайди. Чунки у корейс тилини жуда яхши билгани учун корейча гаплашишга одатланиб қолган.

Бошқа тилларни ёш бўлган вақтимда ўрганган бўлсам, ўзбек тилини ўрганаётганимда ёшим аллақачон 43га борган эди. Ҳамма менга одам 40 ёшдан кейин ҳам тил ўрганиши мумкинми, деб ҳайратланиб савол берган. Лекин мен бу гапга қўшилмайман. Инсон ўзи истаса, албатта, ўрганади.

— Ўзбек ва турк тилларини яхши биласиз. Aйтинг-чи, тил ўрганиш қийин кечмаганми?

— Турк дунёсини, турк мамлакатларини ўрганадиган, илмий тадқиқотлар қилувчи олимман. Шу олима аёл сифатида мен, албатта, бу миллатнинг она тилини ўрганишим керак, деб ҳисоблайман. Ўзбекистон ҳақида тадқиқот қилаётган олимлар орасида умуман ўзбек тилини билмайдиганлари кўп. Кореяда ўзбек тилини биладиган олимлар менимча учта ёки тўртта чиқади.

— Сиз Ўзбекистонда фан доктори мақомини олган биринчи чет эллик тадқиқотчи ҳисобланасиз. Ўзбекистонда тадқиқот қилишингизга асосий сабаб нима бўлган?

— Турк мамлакатлари билан Корея маданияти ўртасидаги ўхшашликларни топиб, маданий ҳамжамият қилиш фикрим бор эди. Бу менинг академик орзум бўлиб қолган. Туркий тарихий манбалар кам бўлгани учун, фақат хитой тарихий манбаларига таянишга тўғри келган. Туркий мамлакатлар орасида эса Ўзбекистон ўз номоддий меросларини яхши сақлаб қолган.

2019 йилда Ўзбекистонда биринчи марта Бахшилар фестивали ташкил этилди. Мен ҳам анжуманда иштирок этганимда ЮНЕСКО томонидан Ўзбекистон номоддий меросларини ўрганиш катта аҳамиятга эгалиги қайд этилганини кўриб, хурсанд бўлганман.

О хоним интервью давомида Бахшилар фестивалининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёв О Ин Гёнг хонимнинг исмини айтиб ўтгани унинг учун катта шараф бўлганлигини таъкидлади.

— Ўзбекистонда тадқиқот қилиш ҳамда ўзбек талабаларига дарс бериш вақтида ёдингизда муҳрланиб қолган энг эсда қоларли воқеани айтиб бера оласизми?

— Ўзбекистон талабалари ҳақидаги фикрларимни айтадиган бўлсам, улар жуда ҳам соғлом, деб биламан. Курсдошлар орасида бир-бирига ёрдам бериш, қўллаб-қувватлаш менга жуда ҳам ёқди. Бир куни мен ўзбек адабиётини ўрганиш мақсадида бир профессорнинг дарсига рухсат олиб кирганман. Шунда бир талаба қиз дарсга ўз ўғли билан келганига гувоҳ бўлгандим. Дарс бошланганидан 30 дақиқа ўтгач, бола зерикиб, йиғлай бошлади. Шунда домла талаба қизга уйга кетишига рухсат бериб юборганди. Бу ҳолат мени жуда ҳайрон қолдирди.

Кореяда эса бундай ҳолатлар кузатилмайди. Одатда, университетни тугатмасидан аввал турмушга чиқишга рухсат берилмайди. Мен ўзим дарс ўтган вақтимда ҳам ҳомиладор талабаларни кўрдим. Улар имтиҳон маҳали: “Имтиҳонга кира олмайман, ёрдам бера оласизми”, деб айтишганда, ҳайрон қолганман. Мана шундай ҳолатлар Корея билан солиштирганда мутлақо бошқача.

— Сиз 150 дан ортиқ илмий-тадқиқот ишлари ва 40 дан ортиқ асарларнинг ҳаммуаллифисиз. Улар орасида ўзбек тилида ёзилган “Турк ва корейс қаҳрамонлик достонларининг қиёсий таҳлили” (“Comparative Analysis of Turkish and Korean Heroic Epics”) илмий ишингиз эътиборимни тортди. Мазкур илмий ишингиз тўғрисида бироз тўхталиб ўтсангиз.

— Тадқиқотларимда турк мамлакатлари билан Корея маданий ўхшаш томонларини топишга ҳаракат қилдим. Кореяда қаҳрамонлик достонларининг куйланиш анъаналари қолмади, чунки IV асрларда Хитой алифбосини ўрганишни бошлаган пайтдан бошлаб йўқ бўлиб кетди. Ўзбекистонда эса бу анъаналар жанр бўлиб, яшаб келади.

Шунинг учун ўзбек достончиликларини ўргансак, Корея адабиёти учун ҳам, мисол учун, ўзининг генесисини топишга ёрдам беради, деб ўйлайман.

— О хоним, бўш вақтингизда нималар билан шуғулланасиз?

— Ростини айтсам, бажариш керак бўлган ишлар жуда кўп, шу сабаб бўш вақтим кам бўлади. Лекин бўш вақтим бўлганда табиат садоларини тинглашни яхши кўраман. Ирмоқ атрофида юриш, тоғларга чиқишни хуш кўраман. Баъзи вақтларда балет, йога билан шуғулланаман.

— Ўзбек тилидаги асарларни ҳам ўқиб турасизми? Сизга қайси ўзбек ёзувчилари ёқади?

— Мен энг қизиқадиган даврим – жадид адабиёти даври. Ўша давр бутун дунёда миллий онг тушунчаси ўсиб борган бир вақт ҳисобланади. Кореяда ҳам Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий каби ёзувчилар бўлган. Бу иккала давлатнинг жадид давридаги ёзувчиларини ўрганувчи келажакда бир лойиҳа қилинса, жуда зўр бўлар эди.

Бизда ҳам “Ўтган кунлар” асарига ўхшаш бир асар бор, шу сабабли бу китобни ўқиганимда бошқача бир ҳис пайдо бўлган. Авваллари ўзбек тилидаги кичик ҳикояларни ҳам таржима қилганман. Фақат Кореяда бир муаммо бор: бу ердаги нашриётлар аввал инглиз тилига таржима қилинмаган бошқа чет эл асарларини нашр этишмайди.

Бироқ Туркия Маданият вазирлигининг TEDA номли катта дастури бор бўлиб, бутун дунёдаги давлатларда агарда Туркия адабиётлари нашр қилинмоқчи бўлса, улар моддий ёрдам ажратади. Шу имкониятдан фойдаланиб, Кореяда кўп турк асарлари корейс тилига таржима қилинган.

Агарда Ўзбекистон Маданият вазирлиги қошида ҳам мана шундай жамғармалар очилса, Кореяда ўзбек адабиёти ва асарларини тарғиб қилишга яхши имкон яратилган бўлар эди.

— Профессор О, бизга маълумки, Кореяда ёш авлодга ўз миллий қаҳрамонларини танитишга катта эътибор қаратилади. Турли фольклор қўшиқлар, миллий сериал ва кинолар тайёрланади, махсус тадбирлар ташкил этилади. Нима деб ўйлайсиз, Ўзбекистонда ҳам миллий маданиятимиз, халқ достонлари ва адабиётимизни оммага кўпроқ тарғиб этишда нималарга эътибор қилиш керак?

— Менимча, биринчи ўринда ўзбек халқи ўз маданиятининг қадри ва маъносини англаши керак. Кейин эса уни асраб, ҳимоя қилишга меҳнат қилиши керак. Шу билан бирга, давлат томонидан маданий меросни ҳимоя қилишга ёрдам берадиган лойиҳалар ҳам амалга оширилиши керак.

Ўзбекистонга келадиган туристлар фақат бир марта айланиб кетиб, кейин унутиш учунмас, Ўзбекистон маданияти жаҳонда катта аҳамиятга эгалигини англаши керак, деб ўйлайман.

— Ўзбек тилида яратилаётган ижод маҳсуллари дунё миқёсига чиқиши учун нима қилиш мумкин?

— Менимча, Корея бу борада жуда яхши иш тутди, деб ўйлайман. Кореяда Korean Wave (Корея тўлқини), яъни тарихий дарамалар, K-Pop'да Европадан кириб келган оҳангларни, жанрларни ривожлантириб, ўзимизнинг миллий хусусиятларни қўшиб, янги нарсаларни яратди. Шулар ичида ҳам бирор қисми тарих, санъат, номоддий меросдан манбалар келтириб, янги маҳсулот интеграция қилишмоқда.

Шу ўринда, тарғиботда музейларнинг ўрни ҳам бор. Авваллари фақат томоша қилиш учун музейларга борилган бўлса, ҳозирда музейлар шакли, кўриниши ўзгарган. Эндиликда музейга бориб, тарихий экспонатларни ушлаб кўриш, ҳис этиш имконияти бор.

— Яқин келажак учун қандай режаларингиз бор?

— Бу йил институтимиз томонидан Алишер Навоийга бағишланган алоҳида бир журнал нашр қилиш арафасидамиз. Бундан ташқари, 2022 йилда Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан бизнинг Евросиё туркшунослик институтимиз Ўзбекистоннинг Кореядаги элчихонаси билан ҳамкорликда илмий анжуман ташкил этиш режасидамиз.

Шу билан бирга, Кореядаги Марказий Осиё ҳамкорлик ташкилоти билан биргаликда, молиявий кўмак олиш имкони бўлса, Ўзбекистоннинг замонавий ёзувчилари асарларини таржима қилиб, энциклопедия қиламиз.

— Ўзбек халқининг сизга ёққан хислатларини айтиб ўтсангиз.

— Тўғрисини айтсам, мен Ўзбекистонда яшаган вақтимда ўзимни чет эллик, бегона, деб ҳис этмаганман. Сабаби, халқимизнинг ўхшаш томонлари кўп. Фақатгина инсонларнинг юзи бошқача.

Менга ёққан энг яхши урф-одатни айтадиган бўлсам, бу – катталарга бўлган ҳурмат, эътибордир. Иккинчиси, бу – жамоа ичида ҳамкорлик қилиш, бир-бирига ёрдам бериш. Бунга ҳам талабаларим орасида гувоҳ бўлганман. Шунга боғлиқ бир ҳодиса ёдимга келди.

Бир талаба семестр вақтида ёнимга келиб, озгина балл етмаётгани, унга озгина юқори баҳо кераклигини айтиб илтимос қилди. Лекин фақат ўзининг баҳосини сўраб эмас, балки яқин дўстига ҳам стипендия олиши учун 2-3 балл камлик қилаётгани, шу сабаб унга ҳам бироз юқорироқ баҳо қўйишимни сўраб, илтимос қилди. Бу ҳолат мени ҳам ҳайрон қолдирди, ҳам инсонийлик жиҳатдан ёқди.

Феруза Авазова суҳбатлашди.

Мавзуга оид