Спорт | 09:16 / 31.07.2021
25197
2 дақиқада ўқилади

Зоиров ва Абдураимов чоракфиналга чиқди

Рио Олимпиадаси чемпиони Шаҳобиддин Зоиров Токио Олимпиадасидаги иккинчи жангини ҳам ғалаба билан якунлаб, чемпионликни ҳимоя қилишда давом этди.

-52 вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Шаҳобиддин Зоиров нимчорак финалда Кабо-Верде вакили Варела Даниэлга рингга чиқди. Ўзбекистонлик боксчининг тўлиқ устунлиги остида ўтган жанг якунида ҳакамлар унинг 5:0 ҳисобидаги ғалабасини қайд этишди.

Энди ушбу боксчи яримфиналга чиқиш учун 3 август куни филиппинлик Карло Паламга қарши (у чоракфиналда жазоирлик Муҳаммад Фуссидан устун келди) жанг қилади.

Аввалги босқичда Зоиров туркиялик Ботухон Чифчини устидан ғалаба қозонганди.

-63 кг вазн тоифаси вакили Элнур Абдураимов ҳам ўзининг иккинчи жангини муваффақиятли ўтказиб, чоракфинал йўлланмасини қўлга киритди.

Нимчорак финалда унга тожикистонлик Баҳодур Усмонов рақиблик қилди. Раундлардаги аниқ ва кучли зарбалар якунда ҳакамларнинг баҳоларида акс этди - 5:0. Шу тариқа, Элнур Абдураимов бу беллашувни яққол устунлик билан якунлаб, чоракфиналга йўл олди.

У энди 3 август куни яримфинал учун арманистонлик Ховханнес Бачков қаршилигини синдириши керак бўлади.

Шу тариқа, Зоиров ва Абдураимов Ўзбекистон бокс жамоасининг чоракфиналга йўл олган тўртинчи ва бешинчи вакилларига айланди. Аввалроқ Бобо-Усмон Ботуров (-69 кг), Баҳодир Жалолов (+91) ва Райҳона Қодирова (-60 кг) бу ишни уддалаганди. Аммо Ботуров чоракфиналдаги жангини ўтказиб бўлган ва мағлубиятга учраган.

Мавзуга оид