Жаҳон | 08:57 / 01.08.2021
10154
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған Туркияда ўрмонларга ўт қўйишда гумонланган шахс ушланганини маълум қилди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 31 июлда Туркияда ўрмонларга ўт қўйишга алоқадорликда гумонланган шахс ушланганини маълум қилди.    

“Миласда ёнғинларга алоқадор бир киши ушланди. Мен айтганимдек, террорчи ташкилотлар етакчилари ўрмонларга ўт қўйишга кўрсатма бергандан кейин ўрмон ёнғинлари майдони 2 марта ошди. Ҳозирги ёнғинлардан баъзилари ушбу буйруқларга кўра юз берганини истисно қилмаймиз. Бизнинг бурч – ўрмонларни ва ўпкаларимизни ёққанларни аниқлаш”, деб айтган Эрдўған.

Аввалроқ Туркия президенти ёнғинларнинг сабабларини тергов қилиш давомида ўрмонларга қасддан ўт қўйилгани версияси ҳам кўриб чиқилишини айтган. “Биз ёнғинлар сабабларини синчков тергов қилмоқдамиз. Ўз ватанига ўт қўйишга қодир сотқинлар бўлса, улар қаттиқ жазоланадилар”, деб таъкидлаб ўтган Эрдўған.

Туркия етакчиси 31 июл кечки пайтга келиб ўрмон ёнғинларининг аксариятини назорат остига олишга ва бартараф этишга муваффақ бўлинганини айтган.

Туркияда ўрмон ёнғинлари 28 июлда Анталя вилоятининг Манавгат курорт шаҳри яқинида бошланган. Дастлабки версияга кўра, ёнғин чиқишига иссиқ ҳаво сабаб бўлган. 29 июлда мамлакатнинг бир қатор бошқа вилоятлари, жумладан Ойдин ва Муғлуда ҳам ёнғинлар чиққан.

Мутахассисларнинг фикрича, ёнғинлар чиқишига юқори ҳарорат ва кучли шамоллар асосий сабаб ҳисобланади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид