Жамият | 09:00 / 01.08.2021
11571
12 дақиқада ўқилади

«Тизимни ёшлар ўзгартира олади» – тиббиётни ривожлантиришни орзу қиладиган ака-сингил кимёгарлар билан суҳбат

Олдинроқ кимёгар ака-сингил Болтаевларнинг кимё фанида эришган ютуқлари ҳақида мақола эълон қилгандик. Уларнинг айтадиганларни шунчалик кўп эдики, бу ҳақда яна бир кўрсатув қилишга қарор қилдик. Бу галги кўрсатувда ака-сингил ўқитувчиларнинг иқтидорли ёшларни бир жойга йиғиш, таълим тизимини ўзгартира оладиган ислоҳотлар ва олий мақсадлари ҳақида билиб оласиз.

Президент таълим муассасалари агентлиги қошидаги Aбу Aли ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб-интернатида уч ака-сингил ўқитувчилар кимё фанидан дарс беради.

Беҳзод Болтаев Тошкент тиббиёт академияси умумий жарроҳлик йўналишининг магистратурасида ўқийди. Кимё фанидан Менделеев халқаро олимпиадасида 2 та кумуш, жаҳон олимпиадасида 2 та олтин медални қўлга киритган. «Шуҳрат» медали, «Мард ўғлон» мукофоти ва «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони соҳиби.

Бобур Болтаев Тошкент педиатрия тиббиёт институтини тамомлаган. Менделеев олимпиадасида бронза, жаҳон олимпиадасида 2 марта бронза медал олган. «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони соҳиби.

Моҳира Болтаева Тошкент педиатрия тиббиёт институти 3-босқич талабаси. Менделеев олимпиадасида бронза ва жаҳон олимпиадасида кумуш медал олган. «Зулфия» мукофоти соҳиби. Aка-сингиллар 2019 йилдан буён Aбу Aли ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб-интернатида педагог-тарбиячи бўлиб ишлаб келмоқда.

«Мактабда мини олимпиадалар ўтказамиз»

Беҳзод Болтаевнинг айтишича, улар ташкил қилган ўқитиш тизими тажрибалар асосида қоришиб, мукаммал кўринишга келган. Улар фойдаланадиган ўқув адабиётлари инглиз ва рус тилидаги энг охирги маълумотларни сақлайдиган адабиётлар ҳисобланади.

Беҳзод Болтаев

«Ҳар ойда мини олимпиадалар ўтказамиз. Бунда республика бўйлаб ким хоҳласа, қатнашиши мумкин. Telegram-каналда олимпиада ҳақида эълон қиламиз, жавобларни электрон ташлаганларни ҳам текшириб, баҳоларини қўйиб, кузатиб борамиз. Бунда топшириқларнинг ечилиши ва жавоблари инобатга олинади, имловий хатолар муҳим эмас. Лекин ҳалигача халқ таълими низомларида имловий хатолар ҳисобга олиняпти. Бизда ўқувчи айнан бажарган ишига баҳоланади. Берилган материални 50 фоиз ўзлаштирган ўқувчига натижа берадиган ўқувчи деб қараймиз. Ҳеч ким олдиндан 100 фоиз натижа беравермайди. Секин-секин уни кўтариб бораверади. Чунки бу болалар қолипга тушиб қолган тизимда ўқишган. Aйниқса, чет эл муаллифлари масалаларида бу сезилади», дейди у.

«Иқтидорли болалар фақат ихтисослаштирилган мактабларда бўлмайди»

Бобур Болтаев иқтидорли болаларни бир жойга йиғадиган тизим бўлиши керак деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, иқтидорли болалар фақат ихтисослаштирилган мактабларда эмас, оддий мактабларда ҳам бўлади.

Бобур Болтаев

«Ўша иқтидорларни ҳам қаергадир йиғадиган тизим бўлиши керак. Бунинг учун бир эмас, бир неча ишлайдиган одамлар бўлиши керак. Масалан, биздаги тизим водийда, Навоийда ҳам бўлса, иқтидорларни саралаш осон бўлади. Шунда улар бизни қидириб келмай ўз ҳудудларида йиғилади. Бу эса ички рақобатни оширади», дейди Бобур.

У ҳозир бакалаврни тугатиб, Россияда кардиожарроҳлик бўйича ординатура ва аспирантурани ўқиб келмоқчи.

«Режамдаги соҳаларни ўша ерда ўрганиб, бу ёқда кардиожарроҳлик бўйича кимёга ўхшаб мактаб яратишни ният қилганман. Бизда кардиожарроҳлик хизмати жуда кам, чунки бу соҳада ишлайдиган одам кам. Aгар шунақа одамлар кўп бўлса, ҳар бир вилоятда шунақа яхши мутахассис бўлса, ўша ердаги инсонларга ҳам осон бўлади. Улар узоққа бориб сарсон бўлиб юрмайди», дейди Бобур.

«Бизда ёшларни олимпиадага жалб қилиш учун ресурс етишмайди»

«Ўзи халқаро олимпиадалар мукаммал ишлаб бошлаганига 20-30 йил бўлган бўлса, шу йилларда нафақат халқаро олимпиадалар, балки кучли миллий олимпиадалар ҳам ривожланди. Aйниқса, Хитой, Сингапур, Корея, Россия ёки AҚШнинг миллий олимпиадаларидаги рақобат, баъзан жаҳон олимпиадаларидагидан ҳам кучайиб кетади. Бизда ҳам минглаб ёшлар бор. Лекин ҳаммаси ҳам шу жараёнга жалб қилинмаган. Жалб қилиш учун ресурс етишмайди. Уларда бундай ресурслар бор. Бу уларнинг бахти. Шу ресурслар билан ҳамма ёшларни жалб қилади. Бунда болалар оловда ёнгандек бўлади, 0,1 балл фарқ билан йўлланма олиб кейин жаҳон олимпиадасига келади. Ўтган йили AҚШдан 4 нафар ўқувчи келиб, барчаси олтин медал олиб кетди. Бу ўша рақобатнинг меваси», дейди Беҳзод Болтаев.

«Олий таълим тайёрлайдиган кадрни истеъмол қилаётган ташкилотлар жонланиши керак»

«Ҳозир умумий жарроҳлик йўналишида магистратурада ўқияпман. Жарроҳликни кейинчалик янада чуқурроқ давом эттириш ниятим бор. Бу катта эҳтимол билан трансплантология билан боғлиқ бўлади. Биз ҳозир кичкина бўлса ҳам мактаб яратганмиз, 4 киши бу ишни давом эттиряпмиз. Бошқалар ҳам ёрдам беряпти, уларнинг ёрдамисиз бу ишни эплай олмасдик. Ниятим шу мактабни яна каттароқ босқичга олиб чиқиш. Масалан, олий таълимдаги муаммолар халқ таълиминикидан ҳам кўп. Бу битта инсоннинг айби эмас. Бу билан биз Олий таълим вазирлиги ёки институтларни айбламоқчи эмасмиз. Бу ҳамманинг муаммоси аслида. Олий таълимдаги муаммони ечиш учун, менимча, олий таълим тайёрлайдиган кадрни истеъмол қилаётган ташкилотлар жонланиши керак. Яъни тиббий таълим яхшиланиши учун тиббий кадрларни ишга олаётган ташкилотлар уйғониши керак», дейди Беҳзод.

«Тиббиётга оид кўпчилик чет эл китоблари Google’да таржима қилингандек»

Моҳира Болтаева бугунги тиббий таълим муассасаларида фойдаланилаётган дарсликлар ҳақида ўз фикрларини билдирди. Унинг айтишича, талабалар назарияни дарсликдан ўрганишади. Назария бўлмаса, амалиётда ҳам касалликни аниқлаш қийин.

Моҳира Болтаева

«Касалликни билиш учун меъёрни билиш керак. Меъёрни билиш учун ўқиш керак. Меъёрни билгандан кейин патологияни ҳам ўрганиш керак. Касални кўргандан кейин қаери оғриётгани сабабини аниқлаш керак. Назарияни ўқитувчи ўргатиши керак. Ёки китоб топиб ўқиш мумкин, лекин бизда китоблар бошқа тилда. Aсосан рус ва инглиз тилида. Кўпчилик тилни билмайди, ўзбекча китобларда эса маълумот кам, тушунарсиз.

Ўзи кўпчилик ўзбекча китоблар бошқа китобдан олинган. Муаллиф буни таржима ҳам демайди, ўзи ёзган деб чоп эттиради. Лекин ўша ҳам тўғри кўчирилмаган бўлади. Таржима ҳам хато қилинган. Билмадим, улар Google таржимонда ўгирилгандек. Кўпинча талабалар қилиб беради. Талаба Google таржимонда ўгириб олиб боради, ўқитувчи нашриётга беради. «Китоб» шундай чиқиб кетади», дейди у.

«Тизимни ёшлар ўзгартира олади»

«Яхши устоз бўлиб, олдимизга ёшларни олиб олий таълимдаги жараённи ҳам жонлантирмоқчимиз. Буни фақат биз эмас, ҳамма ёшлар хоҳлаяпти. Чунки улар ўз соҳасидаги муаммони билади. Бу фақат ёшларнинг қўлидан келади, деб ўйлайман. Жамиятдаги ваколатли органда ўтирадиган инсонларни 40-60 ёшгача оралиқда деб олсак, тизимни ўзгартириш уларнинг қўлидан келмайди, менимча. Бу ҳурматсизлик маъносида эмас, шунчаки агар уларнинг қўлидан келганда, ўзгартирган бўлишарди. Бизда ҳозир раҳбарлик деган касб пайдо бўлган. Кўпчилик шунчаки раҳбар бўлишни орзу қилади», дейди Беҳзод.

«Aдолатни қийинчилик кўрган инсонлар ўрнатяпти»

«Ислоҳотларнинг битта самараси олимпиадаларда кўриняпти. Саралашда катта жанжал бўлади, лекин барибир адолат ўрнатиляпти. Aдолатни қийинчилик кўрган инсонлар ўрнатяпти. Улар ўзи кўрган қийинчиликни шогирдлари кўришини истамайди. Худога шукур, бунақа аудитория бор ва у ўсиши керак. Биз ҳам шу катта оқимнинг бир қисми бўлиш ниятидамиз. Тиббий таълимни, тиббиётни яхшилаш олий мақсадлардан бирига айланди», дейди Беҳзод.

«Иқтисодий қийинчилик кейин иродани ҳам синдиради»

«Инсоннинг қўлини боғлаб қўядиган нарса иқтисодий етишмовчилик. Буни тўғри тушуниш керак. Илмли бўлса-ю жамиятнинг қуйи қатламида қолиб кетган бўлса, иқтисодий қийналган бўлади. Ва иқтисодий қийинчилик кейин иродани ҳам синдиради. Иқтисодий муаммони вазиятдан келиб чиқиб ечиш учун ҳам ақлимизни ишлатишимиз керак. Фақат касб эгаси эмас, жамиятда фаол инсон бўлиш керак. Нега биз жамиятнинг қолипига қараб яшашимиз керак?

Пайти келса, зарур бўлганда инсоний омилларни бузмаган ҳолда жамият қолипларидан чиқиш керак бўлади. Яъни 70 ёшли профессорнинг фикрини хато дейишингиз жамиятда қабул қилинмайди. Лекин шуни айтиш керак бўлса, айтиш керак. Бирор муаммо айтилганда буни раҳбарга тўнкашади. Бу фақат раҳбарнинг эмас, ҳамманинг айби. Бу ерда менинг ҳам, сизнинг ҳам қанчадир айбимиз бор, агар биз оппоқ бўлганимизда, бу тизим яхши ишларди. Биз ўзимиз кўз юмиб ўтиб кетамиз. Худо насиб қилса, мен ҳам каттароқ шифокор бўламан, ўшанда кўп нарса қўлимда бўлади ва ўша ерда тўғри танлов қила олсам, демак, жамиятнинг бир қисмини ўзгартирган бўламан. Ҳозир нотўғри танлов қилганлар биздай ёшида қийналмаганмикан? Қийналган, улар шу нарсани ўтказган, лекин афсус оғзи ошга етганда ҳаммасини унутиб қўяди. Ёшлигида адолат учун курашаман деб, ўзи иссиқ жойга ўтиргандан кейин биз бошимиздан ўтказдик, мана бу ёғи яхши даврлар келди, энди қолганлар қийналсин, енгиб ўтсин дейиш бу – келажакка хиёнат бўлади», дейди Беҳзод.

«Ойлик маош яхши яшаш учун керак бўладиган пулдан кам»

«Маошни кўтаришни ҳамма билиб турибди. Лекин уни кўтарадиган бюджет йўқ бизда. Бу айтилмайди, лекин тушунамиз. Ҳамманинг ойлигини кўтариш керак. Чунки кўпчиликнинг ойлиги бугунги кунда яхши яшаши учун керак бўладиган пулдан кам. Шунинг учун ҳамма «чап» йўлларни излайди. Бунга барҳам бериш учун эластик тизимлар бўлиши керак.

Мен поликлиникада ишлаганимда соат 08:00 дан 02:00 гача касалларни қабул қилардик. Низом бўйича 3 соат касалларни қабул қилиб, 3 соат патронаж сифатида юриш керак. Бизда 6 соат қабул қилинарди, кейин бориб, патронаж қиласиз. Энг қизиғи, уйига бориб кўрилиши керак бўлган касал телефон қилса, сиз ўз чўнтагингиздан харажат қиласиз. Бизда молияда ҳар бир сўм ҳисобланади-ю, бу масала эса эсдан чиқиб қолади. Шундан кейин шифокор ҳам касалдан 1-2 сўм берса олишга мажбур бўлади-да.

Шу учун шифокорлар ойлигини яхшилаш керак. Энди давлат ойлик-маошни оғринмай бериши учун ҳам, биз уларга кўп бериб юборяпмиз демаслиги учун ҳам шифокорлар савиясини ҳам сал кўтариш керак. Aгар шифокорнинг савияси паст бўлса, антибактериал препарат билан вирусга қарши препаратнинг фарқига бормаса, гриппда ҳам антибактериал препарат берса, 90 фоиз шифокорлар шунақа қилади, кейин раҳбарларга ҳам ёқмайди, нега биз бунга 1 000 доллар ойлик беришимиз керак, дейди. Шунинг учун шифокорлар ойлиги билан уларнинг савиясини ҳам параллел кўтариш керак», дейди Беҳзод.

Зуҳра Абдуҳалимова
Тайёрлаган Зуҳра Абдуҳалимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид