Ўзбекистон | 17:05 / 02.08.2021
2456
1 дақиқада ўқилади

Асака туманида 40 500 АҚШ долларига фермер хўжалигидаги ерни сотиб юборган фирибгар қўлга олинди

У ўз фермер хўжалиги балансидаги ерни фуқароларга уй-жой қуриш учун ажратиб берган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг хабар беришича,  фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “Ғ.” фермер хўжалиги раҳбари А. хўжалик балансида бўлган 0,84 гектар ер майдонини 12 нафар фуқарога уй-жой қуриш учун ажратиб бериб, бунинг эвазига улардан келишилган 40 500 АҚШ долларидан 24 600 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган.

Бундан ташқари, 1 гектар ер майдонининг қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқишига сабабчи бўлиб, давлат ва жамият манфаатларига 1,1 млрд сўм зарар етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 192-11-моддаси (нодавлат тижорат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ, Шаҳрихон туманида ер майдонининг бир қисмини сотмоқчи бўлган фуқаро аниқланганлиги хабар қилинган эди.

Мавзуга оид