Жамият | 19:41 / 03.08.2021
721
2 дақиқада ўқилади

Тасвирлар орқали Ўзбекистонни дунёга танитишни мақсад қилганман - Сирдарёлик ҳунарманд

Мирзаобод тумани Боғистон маҳалласида истиқомат қилувчи Наргиза Юлчиева Сирдарё вилоятининг оз сонли каштачи ҳунармандларидан. Бу касб билан 2017 йилдан бошлаб шуғулланиб келади.

Дастлаб ўзининг дугонасидан, сўнгра интернет орқали каштачи ҳунармандлар томонидан маҳсулот тайёрлаш жараёни ҳақидаги видеороликлар орқали каштачилик сирларини ўрганган. Келгусида бу касби орқали катта даромад олишни режалаштирган.

Наргиза Юлчиева матога турли ранглардаги табиат ва манзарали расмларни тасвирини туширади. Бунинг учун канва матоси, мулина, гамма, кирова, ДМС ипларидан фойдаланилади. Энг оддий шаклдаги расмларни тайёрлаш учун икки хафтадан бир ойгача бўлган вақт талаб этилади.

«Битта маҳсулотни тайёрлаш учун тасвирни мураккаблигига қараб икки хафтадан 75 кунгача бўлган вақт сарфлайман. Аввало тайёрланадиган тасвир учун канва матосини олиб, уни керакли ҳажмга мослаб олинади. Ипларни гамма ва ДМС номли турларидан фойдаланаман. Каштачилик билан шуғулланиш учун сабрли бўлиш талаб этилади. Ҳозирда Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари, маданий ва тарихий обидалар, масжидлар ва миллий анъаналармизни тасвирини яратмоқчиман», — дейди ҳунарманд Наргиза Юлчиева.

Келгусида шогирдлар тайёрлаш, уларга каштачилик сирларини ўргатишни режалаштирган. 2021 йилнинг сентябр-октябр ойларида ҳунармандлар маркази ҳисобланган Қўқон шаҳрида ўтказиладиган 2-халқаро ҳунармандлар фестивалида ҳам ўз маҳсулотлари билан қатнашишни ният қилган.

Шуҳрат Юнусов, Kun.uz мухбири.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид