Жамият | 10:33 / 06.08.2021
10154
4 дақиқада ўқилади

Дин ишлари бўйича қўмита «Ал-Азҳар»да ўқиш учун мурожаат қилган 204 кишининг 203 нафарига тавсия хати берди

Мисрда жойлашган «Ал-Азҳар» мажмуаси ва унинг тасарруфидаги таълим муассасаларида ўқиш мақсадида мурожаат қилган фуқароларнинг аризалари Дин ишлари бўйича қўмита ҳузуридаги «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижий диний таълим муассасаларида таълим олишига кўмаклашиш бўйича Маслаҳат кенгаши» томонидан ўрганиб чиқилди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати хабар берди.

Ўрганиш натижасига кўра, қўмитага мурожаат қилган жами 204 кишидан 203 нафарига тавсия хати берилган. 1 нафар фуқарога 18 ёшга тўлмагани сабабли тавсия хати бериш рад этилган.

«Маслаҳат кенгаши ҳузуридаги Ишчи гуруҳи томонидан «Ал-Азҳар» мажмуаси ва унинг тасарруфидаги таълим муассасаларида ўқишга тавсия этилган фуқаролар рўйхати қўмитанинг тавсия хати асосида 2021 йил 30 июль куни «Ал-Азҳар» мажмуаси институтлари департаменти администрациясининг электрон манзилига ҳамда Миср Араб Республикасининг Тошкентдаги элчихонасига юборилди», дейилади қўмита баёнотида.

Шунингдек, «Ал-Азҳар» мажмуасида ўқишга тавсия этилган фуқаролар ҳужжатларини расмийлаштириш мақсадида Миср Араб Республикасининг Тошкентдаги элчихонасига мурожаат қилишлари мумкинлиги эслатиб ўтилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июнь ойи ўрталарида ижтимоий тармоқларда Мисрда таълим олаётган Ўзбекистон фуқаролари ва уларнинг фарзандларининг визаларини бекор қилиб, ортга қайтариш бошлангани ҳақида маълумотлар тарқалди.

Ушбу хабарлар тарқалиши фонида, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова бошчилигидаги делегация Мисрда сенатор Муҳаммад Аҳмад Абдусалом Ҳайбат билан учрашиб, у ерда таълим олаётган ўзбекистонлик ёшлар, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни диний экстремизм ва терроризмнинг салбий таъсиридан ҳимоялаш бўйича фикр алмашди.

Шунингдек, Алия Юнусова Қоҳирада истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари билан ҳам учрашган ва уларга болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ушбу соҳадаги қонунчилик бўйича тушунтиришлар берган.

Шундан сўнг, Дин ишлари бўйича қўмита 2021 ўқув йилидан бошлаб “Ал-Азҳар” мажмуасида таълим олиш юзасидан мурожаатлар қўмита ҳузурида ташкил этилган Ўзбекистон фуқароларининг хорижий диний таълим муассасаларида таълим олишига кўмаклашиш бўйича Маслаҳат кенгаши томонидан кўриб чиқилиши ҳамда ўқишга қабул қилиш қўмита тавсияси асосида амалга оширилишини эълон қилди.

Қўмита ушбу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 августдаги «Хорижий диний таълим муассасаларида таълим олиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 651-сонли қарори билан ўрнатилганини таъкидлади.

10 июл куни бўлиб ўтган матбуот анжумани Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Дилшод Эшнаев Мисрдаги «Ал-Азҳар» мажмуасида диний соҳада ўқимоқчи бўлган ўзбекистонликларнинг энди фақат Дин ишлари бўйича қўмита тавсияси асосида ўқишга қабул қилиниши – Миср тарафининг ташаббуси эканлигини маълум қилди.

Эшнаевнинг айтишича, Ўзбекистон элчихонаси берган маълумотларда фақатгина 40 нафар талаба «Ал-Азҳар»да расман ўқиши, қолган мингдан ошиқ фуқаролар номига «Ал-Азҳар»да ўқиш учун виза олган, аслида эса турли хил ўқув марказларида ўқиши маълум бўлган. Шунингдек, қўмита расмийси бу каби тартиб фақат Миср билан эмас, балки Саудия Арабистони билан ҳам худди шундай келишув борлигини билдирган. 

Мавзуга оид