Иқтисодиёт | 11:46 / 06.08.2021
12488
2 дақиқада ўқилади

Ўрик экспорти ҳажми 6,5 баробарга камайди

Ўзбекистон 2021 йилнинг дастлабки 6 ойида хорижга қиймати 7,7 млн долларига тенг бўлган 8,8 минг тонна ўрик экспорт қилган.

Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ўрик экспорти ўтган йилнинг мос даврига нисбатан солиштирилганда 48,1 минг тоннага камайган.

Жорий йилнинг дастлабки 6 ойи давомида ўрик асосан Қозоғистон (4 минг тонна), Россия (3,1 минг тонна) ва Қирғизистонга (1,4 минг тонна) экспорт қилинган.

Маълумот учун, 2021 йилга қадар ўрик мевалар орасида энг тез ўсиб бораётган Ўзбекистон экспорт маҳсулоти бўлиб, унинг миқдор кўрсаткичи ҳар йили деярли бир ярим баравар ошган.

Жорий йилда ушбу мева экспорти камайишига асосий сабаб сифатида февраль ойи охири ва март ойи ўрталарида республика ҳудудларига тўсатдан кириб келган совуқ ҳаво оқимини кўрсатиш мумкин. Бу данакли мевалар, айниқса, ўрик ҳосилига катта зарар етказди.

2020 йил Ўзбекистондан ўрик экспорти рекорд даражадаги 74,5 минг тоннани ташкил этган. Ундан аввалги йиллар кўрсаткичи эса қуйидагича: 2019 йил – 58 минг тонна, 2018 йил – 43 минг тонна, 2017 йил – 23 минг тонна.

2020 йилда Ўзбекистон ўрик экспорти ҳажми бўйича жаҳонда иккинчи ўринни эгаллаган. Биринчи ўрин Испанияга тегишли бўлиб, ушбу мамлакат 2020 йилда ташқи бозорларга 96 минг тонна ўрик экспорт қилган. Ўтган йили Ўзбекистон ушбу мева экспорти ҳажми бўйича илк бор ҳатто Туркиядан ҳам устун келган.

Мавзуга оид