Жаҳон | 23:59 / 06.08.2021
42692
5 дақиқада ўқилади

Афғонистон: Толиблар илк бор вилоят марказини эгаллашди

«Толибон» ҳаракати вакиллари Афғонистон жануби-ғарбида жойлашган Нимрўз вилояти маркази Заранж шаҳрини эгаллашди. Эрон пойтахтидан узоқ бўлмаган масофада жойлашган шаҳарнинг бой берилгани ҳақидаги маълумот расман тасдиқланмади, аммо BBC’нинг бир-биридан мустақил манбалари бу маълумотни тасдиқлашган.

Фото: EPA

Заранж толибларнинг юриши давомида ҳукумат қўлдан чиқарган илк вилоят маркази бўлди. Айни вақтда Ҳирот, Лашкаргоҳ ва Қандаҳор шаҳарлари учун ҳам жанглар давом этмоқда.

АҚШ ҳарбийлари мамлакатни тарк эта бошлагач, «Толибон» кенг кўламли ҳужумларни бошлаганди. Турли маълумотларга кўра, айни вақтда ҳаракат мамлакат ҳудудининг 50 фоиздан 80 фоизгача бўлган ҳудудларини (шаҳарлардан ташқаридаги ҳудудлар) назорат қилмоқда, аммо бугунги кунгача улар бирорта вилоят марказини қўлга олишмаганди.

Заранж - йирик савдо марказларидан бўлиб - жангариларнинг узоқ вақт давомидаги қамалидан кейин таслим бўлди.

«Бугун эрталаб Заранждаги вилоят губернатори қароргоҳи, полиция биноси ва бошқа кўплаб объектлар мужоҳидлар қўлига ўтди. Қолган ҳудудлар ҳам тозаланмоқда», деб маълум қилган толиблар вакили Қори Юсуф Аҳмадий.

BBC’нинг ҳукуматдаги манбаси маълумотига кўра, маҳаллий афғон ҳарбийлари билан ўзаро жанглар ҳамон давом этмоқда. Ижтимоий тармоқларда шаҳардаги талончилик ҳолатлари акс этган видеолар тарқалган.

Толиблар бунинг исботи сифатида шаҳар маъмурияти биноси олдида тушган суратларини эълон қилишган. Ижтимоий тармоқлардаги постларга ишонилса, толиблар полиция участкасини эгаллаган ва автомобилларни олиб кетган.

Маҳаллий манбаларнинг таъкидлашича, шаҳарнинг катта қисми толиблар назоратига ҳеч қандай қаршиликсиз ўтган.

Reuters агентлиги манбаси маълумотига кўра, жангарилар ҳукумат кучларига ёрдам етиб келмагани туфайли шаҳарни эгаллашган. Хабарларга кўра, шаҳар аэропорти ҳам жангарилар назоратига ўтган.

Шаҳар аҳолиси вилоят турмаси маъмурияти ва соқчилари қочиб кетгандан кейин у ерни ўнлаб маҳбуслар тарк этаётгани акс этган видеоларни тарқатган.

Заранжнинг эгалланиши, кўп эҳтимол билан толибларнинг юришларини янада ривожлантиради. Бу юриш мамлакатни 20 йиллик урушдан кейин АҚШ ҳарбийлари бутунлай тарк этиши фонида олиб борилмоқда. Айни вақтга келиб америкалик ҳарбий хизматчиларнинг 95 фоизга яқини олиб чиқилган. Толибларнинг мақсади Афғонистонда 1996-2001 йилларда ҳукмронлик қилган Ислом амирлигини тиклаш ҳисобланади.

Толибларнинг юриши - бошқа мамлакатлар учун ҳам таҳдид
Афғон генерали, айни вақтда шиддатли жанглар давом этаётган Ҳилманд вилоятида ҳукумат қўшинларига қўмондонлик қилаётган Сами Саодат «Толибон» ҳукумат ҳарбийлари устидан узил-кесил ғалабага эришгудек бўлса, бу бутун дунёдаги хавфсизлик учун ҳалокатли оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирди.

Толиблар Ҳилманд маркази Лашкаргоҳдаги бир неча туманларни эгаллаб олган, аммо генерал Саодат улар бутун шаҳарни қўлга ололмаслигига ишонтирган.

Унинг фикрича, толибларнинг кучи эгаллаб олинган ҳудудларни тутиб туриш учун етарли эмас, аммо уларнинг сафига доимий равишда хориждан бошқа радикал гуруҳ вакиллари келиб қўшилмоқда.

Генералнинг ҳисоблашича, жангариларнинг муваффақияти Афғонистон чегараларидан ташқарига ҳам хавф солади: «Бу Европа ва Америка шаҳарларида кичик экстремистик гуруҳларни тирилтиради ва глобал хавфсизликка ҳалокатли таъсир кўрсатади».

Ҳарбий жиноят
Вашингтон ва Лондон толибларни ҳарбий жиноятларда айбламоқда, хусусан, ўтган ойда жангарилар томонидан эгаллаб олинган Покистон билан чегарадаги Спин-Болдак шаҳрида шундай ҳолатлар қайд этилган.

Афғонистондаги инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил комиссия аввалроқ толиблар бу шаҳарда қасос олиш учун одамларни ўлдиришгани, қурбонлар сони камида 40 нафарни ташкил этиши ҳақида хабар берганди.

«Толиблар собиқ ва ҳозирги ҳукумат амалдорларини қидиришмоқда ва қуролли зиддиятга алоқадор бўлмаган бегуноҳ кишиларни ўлдирмоқда», дейилади комиссия баёнотида.

Ҳарбий ҳаракатлар бутун мамлакат бўйлаб тинч аҳоли вакилларини ўз уйларини тарк этишга мажбур қилмоқда. БМТ маълумотларига кўра, январь ойидан буён 294 мингга яқин афғон ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган ва бутун мамлакат бўйлаб қочқинлар сони 3,5 млн кишини ташкил этмоқда.

Save the Children ташкилоти маълумотига кўра, қочқинларнинг 80 минг нафари болалар. Кўплаб мактаблар ва тиббиёт муассасалари шикастланган ёки буткул вайрон бўлган.

Мавзуга оид