Жаҳон | 12:49 / 10.08.2021
14034
7 дақиқада ўқилади

Хитойнинг иқлим сиёсати. Бу нима учун муҳим?

Хитойнинг углерод чиқиндилари жуда катта ва у бу борада ҳам бошқа мамлакатларни ортда қолдириб, ўсишда давом этмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, Хитойда углерод чиқиндилари кескин камайтирилмас экан, дунё иқлим ўзгаришига қарши курашда ғалаба қозона олмаслиги мумкин.

Хитой Халқ Республикаси раиси Си Жинпингнинг айтишича, мамлакат 2030 йилгача углерод чиқиндиларининг энг юқори чўққисига чиқишни ва 2060 йилга бориб эса уни нолга туширишни мақсад қилган.

У бу улкан мақсадга қандай эришиш мумкинлиги ҳақида ҳеч қандай изоҳ бермади.

Ўсиш кўрсаткичлари

Чиқиндиларни камайтириш билан боғлиқ муаммоларга барча мамлакатлар дуч келмоқда. Бу муаммоларнинг энг каттаси эса Хитойда.

Хитойнинг аҳоли жон бошига чиқинди миқдори АҚШ чиқинди миқдорининг қарийб ярмига тенг. Аммо 1,4 миллиардлик аҳолининг иқтисодий ўсиши Хитойни чиқиндилар миқдори бўйича бошқа давлатлардан анча «илгарилаб» кетишига сабаб бўлмоқда.

2006 йилда Хитой дунёдаги энг йирик карбонат ангидрид чиқиндисини чиқарган. Ҳозирги вақтда ҳам дунёдаги иссиқхона газлари чиқиндиларининг чоракдан кўп қисми Хитой ҳиссасига тўғри келади.

Кўмирдан воз кечиш

Кўплаб экспертларнинг фикрича, Хитой чиқиндиларини камайтириш мумкин, лекин бунинг учун туб ўзгаришлар зарур.

Мамлакатнинг асосий энергия манбайи йиллар давомида кўмир бўлиб келган. Боз устига, кўмирдан фойдаланиш ҳажми тобора ортиб бормоқда.

Си Жинпинг Хитой 2026 йилдан эътиборан кўмирдан фойдаланишни «босқичма-босқич» камайтиришини айтди, аммо унинг бу ваъдаси баъзи давлат ва нодавлат ташкилотлар томонидан етарлича муваффақиятли бўлмагани боис танқид қилинди.

Пекиндаги Синҳуа университети тадқиқотчилари Хитой электр энергияси ишлаб чиқаришда 2050 йилгача кўмирдан бутунлай воз кечиши, кўмирни атом ва қайта тикланадиган энергия билан алмаштириш кераклигини таъкидлашмоқда.

Аммо Хитой кўмир билан ишловчи электр станцияларини ёпиш у ёқда турсин, ҳозирда мамлакат бўйлаб 60дан ортиқ жойларда янги заводларни барпо этмоқда.

Париждаги Атроф-муҳит ва иқлим фанлари институти тадқиқотчиси Филипп Сиаиснинг айтишича, янги станциялар одатда 30-40 йил давомида фаолият юритади. Чиқиндиларни камайтириш учун эса Хитой янги заводларнинг қувватини камайтириши ва эскиларини ёпиши керак.

Чиқиндиларни назорат остида ушлаб туриш учун баъзи электр станцияларини янгилаш мумкин. Бироқ буни кенг миқёсда амалга оширадиган технология ҳануз такомиллаштирилмоқда, кўплаб электр станциялари ҳам минимал ишлатилгандан кейин ёпилиши керак.

Бошқа томондан, Хитой ўз иқтисодиётини ривожлантириб, қашшоқликни камайтириб борар экан, ўтмишда Ғарб давлатлари карбонат ангидрид чиқиндилари билан боғлиқ қилган ишларни ўзи ҳам қилишга ҳақли эканини таъкидламоқда.

Гарчи янги сармоялар камаяётганга ўхшаса-да, Хитой «Бир камар, бир йўл» деб номланган лойиҳаси билан чет элда кўмир ёқувчи электр станцияларни молиялаштирди.

Яшил энергияга ўтиш

Синҳуа университети тадқиқотчиларининг айтишича, 2050 йилга бориб ишлаб чиқариладиган қувватнинг 90 фоизи ядровий ва қайта тикланадиган манбалардан олиниши керак.

Қуёш панеллари ва катта ҳажмли батареялар каби яшил технологияларни ишлаб чиқаришда Хитойнинг етакчилиги бу мақсадга эришишда катта ёрдам бериши мумкин.

Хитой биринчи марта кўплаб шаҳарларнинг жиддий муаммоси бўлган ҳавонинг ифлосланишига қарши курашиш учун яшил технологияларни қабул қилди.

Айни пайтда ҳукумат ҳам мамлакат яшил энергия масаласида нефть ва газга хорижий қарамликни камайтириш, миллионлаб фуқароларни иш ва даромад билан таъминлаш учун улкан иқтисодий салоҳиятга эга, деб ҳисоблайди.

«Хитой аллақачон глобал энергия алмашинувига раҳбарлик қилмоқда. Нисбатан арзон яшил технологияни жорий этишимиз сабабларидан бири ҳам Хитойдир», дейди Overseas Development Institute (ОDI) маркази вакили Юэ Цао.

Хитой бошқа мамлакатларга қараганда кўпроқ қуёш энергияси ишлаб чиқаради. Бу Хитойнинг кўп сонли аҳолиси учун жуда таъсирли бўлмаслиги мумкин, лекин бу мамлакат қаерга кетаётгани ҳақида сигнал беради.

Мамлакатнинг шамол энергияси иншоотлари 2020 йилда ҳар қандай бошқа мамлакатникидан уч баравар кўп эди.

Хитойда 2030 йилгача қазилмайдиган ёнилғи манбаларидан ишлаб чиқариладиган энергия улуши 25 фоизни ташкил этади ва кўплаб кузатувчилар бу мақсадга эрта эришилишини таъкидламоқда.

Электр транспорт воситалари

Хитой электромобил сотиш фоизи бўйича дунёда еттинчи ўринни эгаллайди. Аммо аҳоли сонига назар ташланса, у бошқа мамлакатлардан сезиларли даражада кўп электромобил ишлаб чиқармоқда ва сотиб олмоқда. Мамлакатда сотиб олинган ҳар 20 машинадан биттаси электр энергияси билан юради.

Айниқса, ишлаб чиқариш ва зарядлаш манбалари ҳисобга олинса, электромобиллардан фойдаланишнинг кўпайиши чиқиндиларни қанчалик камайтирганини ҳисоблаш осон эмас.

Бироқ тадқиқотлар шуни кўрсатадики, электромобиллар бутун умри давомида чиқарадиган чиқиндилар бензин ва дизелникидан кўра анча паст бўлади.

Бу муҳим маълумотлар, чунки углерод чиқиндиларининг тўртдан бир қисми транспорт туфайли юзага келади. Йўл-транспорт воситалари ҳам чиқиндиларнинг энг катта манбайи ҳисобланади. Шунингдек, Хитой 2025 йилга бориб дунёнинг қолган қисмидан икки баробар кўпроқ қувватга эга батареялар ишлаб чиқаради.

Кузатувчиларнинг айтишича, бу қайта тикланадиган энергияни илгари иложсиз деб ҳисобланган миқёсда сақлаш имконини беради.

Хитойда яшил ҳудудлар ортмоқда

Иссиқхона газлари чиқиндиларининг нолга туширилиши – Хитой чиқинди чиқаришни тўхтатишини англатмайди.

Бу шуни англатадики, Хитой ҳар хил ёндашувларни бирлаштириб, чиқиндиларни иложи борича камайтиради ва қолганини йўқ қилади.

Ўсимликлар билан қопланган ер майдонларини кўпайтириш Хитойга бу борада ёрдам беради, чунки ўсимликлар карбонат ангидридни ўзлаштиради.

Шунингдек, эрозия ва ифлосланишни камайтириш учун мўлжалланган ўрмон хўжалиги дастурлари туфайли Хитой бошқа мамлакатларга қараганда тезроқ яшил рангга кириб бормоқда. Бу қисман йилига бир мартадан кўпроқ ҳосил олиш учун қайта экилган далаларнинг ҳам натижасидир.

Навбатда нима бор?

«Агар Хитой карбонатлаштирилмаса, биз иқлим ўзгаришини енгиб чиқа олмаймиз», дейди Ланкастер атроф-муҳит маркази профессори Дэвид Тайфилд.

Хитой узоқ муддатли стратегияларга содиқ қолиш ва катта миқдордаги сармояларни сафарбар этиш борасида катта афзалликларга эга.

Хитой ҳукумати олдида улкан вазифа турибди. Бундан кейин нималар содир бўлиши жуда муҳим. 

Мавзуга оид