Байден афғонларни толибларга қарши курашга чақирди, Ашраф Ғани ва маршал Дўстум Мозори-Шарифда
Афғон сиёсий лидерлари толибларга қарши зарба бериш учун «шимолий пойтахт»да кучларни бирлаштирмоқда.
АҚШ президенти Жо Байден «Толибон» ҳаракати жангчиларининг муваффақиятли юришлари америкалик ҳарбийларни Афғонистондан олиб чиқиш режасига таъсир кўрсатмаслигини ва афғон ҳукумати ўз мамлакати учун ўзи курашиши кераклигини айтди.
«Биз 20 йил ичида триллион доллардан ортиқ маблағ сарфладик, биз сони 300 мингдан ошадиган афғон хавфсизлик кучлари аскарларини ўқитдик ва замонавий жиҳозлар билан таъминладик. Биз у ерда минглаб одам йўқотдик.
Улар курашиши керак. Уларнинг сони толиблардан кўп», деган Байден.
Байден ҳарбийларни олиб чиқиш қароридан афсусланмаслигини айтган, шу билан бирга расмий Вашингтон ўз мажбуриятларини бажаришда ва афғон ҳукуматини қўллаб-қувватлашда давом этишини, шу жумладан, афғон аскарларига маош тўланиб, озиқ-овқат билан таъминланишини билдирган.
Толиблар 9 вилоят марказини эгаллаб бўлишди
Толиблар сўнгги бир кунда ғарбда, Эрон билан чегара яқинида жойлашган Фараҳ вилоятининг шу номдаги марказини, шимолда Бағлон вилояти маркази Пули-Ҳумри (Кобулга 230 км масофада жойлашган) ва Бадахшон вилояти маркази Файзобод шаҳрини ҳам қўлга киритишгани ҳақида маълум қилишди.
Фараҳ вилояти мажлиси аъзоси Шаҳло Абубар 10 август куни Франциянинг AFP ахборот агентлигига берган интервьюсида «Толибон» кучлари куннинг иккинчи ярмида хавфсизлик кучлари билан қисқа тўқнашувдан сўнг шаҳарга киргани, улар губернаторлик ва полиция бош қароргоҳини эгаллаб олишгани ҳақида маълум қилган.
Шу кунларда «Толибон» навбатдаги мақсади сифатида эълон қилган Пули-Ҳумри узоқ давом этган жанглардан сўнг таслим бўлган. «Кундузи толиблар бир неча йўналишларда фрон чизиғини ёриб ўтишди. Оғир жанглардан кейин амалдорлар ва хавфсизлик кучлари ҳукумат бинолари, махсус хизматлар офислари ва полиция бош участкасини ташлаб чекинишди. Жанглар давом этмоқда. Биз қаерга чекинишни муҳокама қиляпмиз», деган чоршанба тонгида шаҳар расмийларидан бири Guardian мухбирига.
Tolo News телеканали маълумотига кўра, Афғонистон хавфсизлик кучлари Пули-Ҳумридан эвакуация қилиниб, Келагай қишлоғи томон чекинган.
Reuters агентлиги вилоят маъмурияти вакили Жавод Мужадидига асосланиб хабар беришича, Бадахшонда ҳам армия жангларда кейин чекинган. У бу вилоят маркази Файзобод қулагач, толиблар «бутун шимоли-шарқ устидан назоратни қўлга олгани» ҳақида қўшимча қилган. Бадахшон вилояти Тожикистон, Покистон ва Хитой билан чегарадош ҳисобланади.
Шу тариқа, жангарилар қўлига ўтган вилоят марказлари сони 9тани ташкил қилмоқда (Афғонистонда 34 вилоят мавжуд) - бунгача жанубдаги Нимрўз вилояти маркази Заранж, шимолдаги Жузжон вилояти маркази Шибирғон, Тоҳар вилояти маркази Талукон, Сарипул вилояти маркази Сарипул, Қундуз вилояти маркази Қундуз ҳамда Самангон вилояти маркази Айбак шаҳарлари толиблар назоратига ўтганди. Яна 11 вилоят марказига ҳужум қилинмоқда.
Reuters агентлиги Европа Иттифоқидаги юқори мартабали амалдорга таяниб хабар беришича, толиблар айни вақтда Афғонистон ҳудудининг 65 фоизлик қисмини назорат қилмоқда.
Афғонистон сиёсий етакчилари «Толибон»га қарши бирлашмоқда
Мамлакат президенти Ашраф Ғани ва бир гуруҳ афғон сиёсий етакчилари толибларга қарши курашиш учун кўнгиллилар қўшинининг қўшма қўмондонлик марказини ташкил этишни режалаштирмоқда. Бу марказ қанча кучларни сафарбар қила олиши ва уларнинг «Толибон»га қарши қайси ҳудудларда курашишини белгилайди.
10 август куни собиқ вице-президент, Миллий ислом ҳаракати партияси етакчиси Абдулрашид Дўстум махсус рейс билан Кобулдан Балх вилояти маркази Мозори-Шарифга учиб келган. Маршал билан бирга Балхга унинг юзлаб махсус тайёргарликдан ўтган жангчилари ҳам келган. Турк тилли афғонистонликлар етакчиси Афғонистон шимолида «Толибон»га қарши курашга бошчилик қилиши режалаштирилмоқда.
Афғонистон президенти Ашраф Ғани ҳам 11 август тонгида кутилмаган ташриф билан Мозори-Шарифга келган. Президентга унинг маслаҳатчиси, Ислом бирлиги партияси (шиа ҳазорийлари бирлашмаси) Муҳаммад Муҳакик ҳамроҳлик қилмоқда.
Tolo News ўз манбасига асосланиб хабар беришича, бугун Мозори-Шарифда маршал Дўстум, Муҳаммад Муҳакик, Балх вилоятининг собиқ губернатори, ўз вақтида советларга қарши курашган дала қўмондони Атто Муҳаммад Нур, Балх вилояти мудофааси ва хавфсизлик кучлари қўмондонлари иштирокида учрашув бўлиб ўтади. Манбанинг хабар қилишича, учрашувда толиблар эгаллаб олган ҳудудларни қайтариб олиш бўйича амалиётни қандай бошлаш, шунингдек, мудофаа кучлари ва сафарбар қилинадиган халқ кўнгиллилари ўртасида мувофиқлаштириш бўйича қарор қабул қилинади.
Ўтган ҳафта охирида «Толибон» узоқ давом этган жанглардан сўнг Дўстум туғилган жой - Жузжон вилояти маркази Шибирғон шаҳрининг катта қисмини эгаллаб олганди. Ҳозирда маршалнинг ўғли Ёрмуҳаммад Дўстум қўмондонлиги остидаги ҳарбийлар аэродромда курашни давом эттирмоқда. Маълум қилинишича, маҳаллий қўмондонларнинг хиёнати «Толибон» Шибирғонни эгаллаб олишига сабаб бўлган.
Афғонистон Мудофаа вазирлиги 10 август куни миллий армиянинг махсус ҳарбий тайёргарликдан ўтган 450 нафар аскари Мозори-Шариф мудофаасига қўшилгани ҳақида хабар берган. Қўшимча қилинишича, Афғонистон ҳарбий-ҳаво кучлари Балх вилоятининг Диҳдади туманидаги «Толибон» зич жойлашган нуқтага авиазарбалар йўллаган. Натижада 18 жангари йўқ қилинган, яна 13 нафари яраланган.
Шунингдек, Афғонистон ҳарбий-ҳаво кучлари ва миллий армия кучлари мамлакат жанубида, бир неча ҳафтадан буён шиддатли жанглар кетаётган Лашкаргоҳ шаҳри атрофида (Ҳилманд вилояти маркази) толибларга қарши қўшма амалиёт ўтказган, натижада «Толибон»нинг 42 нафар аъзоси ўлдирилган, яна олти жангари яраланган.
Қизил Хоч: Афғонистонда юз минглаб тинч аҳоли хавф остида
Бу орада Қизил Хоч халқаро қўмитаси «Толибон» Афғонистонда олдинга силжишда давом этар экан, юз минглаб тинч аҳоли хавф остида қолганини маълум қилди. Қизил Хоч тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун ҳарбий тўқнашувларни тўхтатишга чақирди, ярадорларни эвакуация қилиш ва фавқулодда ёрдам хизматлари фаолиятига изн берилишини сўради.
Қизил Хоч «Толибон» ва ҳукумат қўшинлари ўртасида тўқнашувлар кучайган сўнгги бир ой ичида камида 4 минг яраланган тинч фуқарони даволаганини маълум қилди.
Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам можаро оқибатида минглаб тинч аҳоли ҳалок бўлгани ёки жароҳатланганини билдирмоқда.
Пойтахт Кобулдаги воқеаларни кузатаётган Норвегия қочқинлар кенгаши матбуот котиби Эйлин Маккарти BBC билан суҳбатда ўзлари яшаётган вилоятлардаги можаролардан қочган кўплаб афғонлар Кобул кўчаларида бошпана топганини айтди.
БМТ: «Ўтган ойда мингдан ортиқ тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди»
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишель Бачелет Афғонистондаги можаролар янги гуманитар инқирозга олиб келиши ҳақида огоҳлантирди. У толиблардан ҳужумларини тўхтатиб, музокара столига қайтишни сўради.
«Ҳамма томонлар музокаралар столига қайтмаса ва тинч сиёсий келишувга эришилмаса, кўп афғонлар учун аллақачон ёмон бўлган вазият янада ёмонлашади», деди Бачелет. Аммо толиблар шу вақтгача бундай чақириқларни рад этиб келмоқда.
Бачалет Лашкаргоҳ ва Кундуз каби кўча зўравонликлари рўй берган шаҳарларда «уруш жиноятлари содир этилиши мумкинлиги» ҳақида огоҳлантирган.
БМТ зўравонликларнинг кучайиши оқибатида бир ойнинг ўзида мингдан ортиқ тинч аҳоли вакили ҳаётдан кўз юмганини маълум қилди. Ташкилот томонидан тарқатилган маълумотларга кўра, мамлакатдаги можаролар оқибатида 350 мингдан зиёд тинч аҳоли ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.
БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) томонидан кеча қилинган баёнотда таъкидланишича, 72 соат ичида Қандаҳор, Ҳост ва Пактия вилоятларидаги тўқнашувлар натижасида 30га яқин бола ҳалок бўлган, 136 бола жароҳатланган.
АҚШнинг Афғонистондаги махсус элчиси Залмай Халилзод Доҳада «Толибонга босим ўтказади»
Чоршанба куни Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида афғон масаласи бўйича навбатдаги учрашув ўтказилади, унда АҚШ, Россия, Покистон ва Хитой вакиллари иштирок этади.
АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод зиддиятларни тўхтатиш ва музокаралар ўтказиш учун Доҳага юборилди.
АҚШ Давлат департаменти баёнотига кўра, Халилзод «Толибон» ҳужумларини тўхтатиш ва сиёсий келишувга эришиш учун унга босим ўтказади.
У яқин кунларда афғон расмийлари ва «Толибон» вакиллари билан музокара ўтказиши кутилмоқда.
Афғонистон миллий ярашув кенгаши раиси Абдулла Абдулла бошчилигидаги делегация ҳам Доҳага йўл олгани маълум қилинди.
Афғонистон президенти Ашраф Ғани ўтган ҳафта қилган баёнотида мамлакатдаги хавфсизлик ҳолатининг ёмонлашиши ва «тўсатдан чекиниш» қарори юзасидан АҚШни айблаганди.
Мавзуга оид
18:05 / 06.11.2024
Афғонистонда кўкнори етиштириш ҳажми яна ошмоқда — БМТ
19:21 / 01.11.2024
Охунзода ва Ҳаққоний қарама-қаршилиги: «Толибон» раҳбариятида низо авж олдими?
23:27 / 27.10.2024
ОАВ: «Толибон» аёлларга бир-бири билан гаплашишни тақиқлади
20:59 / 14.10.2024