Ўзбекистон | 17:00 / 13.08.2021
3243
2 дақиқада ўқилади

Республика бўйича канализация тизими билан таъминланганлик даражаси 17 фоизни ташкил этади — “Ўзсувтаъминот”

13 август куни АОКАда “Ўзсувтаъминот” АЖ масъуллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда соҳада бугунги кундаги муаммолар ва уларнинг ечими бўйича маълумотлар берилди.

“Ўзсувтаъминот” АЖ бошқарув раиси биринчи ўринбосари Тоҳир Ҳайдаров матбуот анжуманида қуйидаги рақамларни келтирди:

– 2021 йил 1 январь ҳолатига жами 34 млн 211,3 минг аҳолининг 22 млн 255,5 минг ёки 65,1 фоизи марказлашган ичимлик сув билан таъминланган бўлса, 2 млн 992,9 минг ёки 8,7 фоиз аҳолига ичимлик сув махсус транспорт воситалари орқали етказиб берилади ва 8 млн 962 минг ёки 26,2 фоиз аҳоли муқобил манбалар (булоқ, қудуқ, сой ва бошқалар)дан фойдаланади.

Республикадаги мавжуд 10 минг 275 та ичимлик сув иншоотларининг лойиҳавий қуввати 13 млн 115 минг м³/сутка бўлиб, амалда 8 млн 171 минг м³/сутка билан ишлаб келмоқда. Ушбу иншоотлардан 2 568 таси таъмирталаб ҳолатга келиб қолган.

Мавжуд 72 минг км ичимлик сув тармоқларидан 27,3 минг км (37,9 фоизи) таъмирталаб ҳолатда.

Республикада жами 58 та оқова сув тозалаш иншооти мавжуд бўлиб, уларнинг умумий қуввати 3 млн 821 минг метр куб/суткани ташкил этади. Жами 8 621 км оқова сув қувурлари мавжуд бўлиб, 1 919 км таъмирталаб ҳолатда. Республикада оқова сув хизматлари билан таъминланганлик даражаси 17 фоизни ташкил этади.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид