Жаҳон | 09:27 / 13.08.2021
6055
1 дақиқада ўқилади

Японияда кучли ёмғирлар сабабли 3 миллион кишига хавфсиз жойга кўчиш буюрилди

Фото: Reuters

Япониянинг Хиросима, Фукуока, Сага, Нагасаки, Кумамото, Оита ва Кагосима префектураларида кучли ёмғирлар туфайли об-ҳаво хавфининг энг юқори даражаси эълон қилинди ва 3 миллионга яқин аҳолига хавфли ҳудудларни тарк этиш буюрилди.

NHK телеканалининг хабар беришича, Хиросима префектураси маъмурияти аҳоли учун хавфлилик даражаси максимал экани, ёмғирлар “ўнлаб йиллар давомида кўрилмаган талафотларга олиб келиши” мумкинлигидан огоҳлантирган. Бу ердаги Китахиросима шаҳрига 3 соат ичида 140 мм ёғингарчилик тушган.

“Ўз ҳаётларингизни сақлаб қолинг!”, деб кўрсатма берган маҳаллий маъмурият.

Хавфлиликнинг энг юқори – бешинчи даражасида одамларга кўчаларда ҳаракатланиш тақиқланади. Аҳолига хавфли ҳудудларни тарк этиб, эвакуация марказларига келиш буюрилган.

Аввалроқ Кюсю префектураси ва Хонсю оролининг ғарбий қисмида яшовчи 200 минг аҳолига хавфсиз жойга кўчиш буюрилган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид