Жаҳон | 23:08 / 15.08.2021
9940
2 дақиқада ўқилади

16 августда БМТнинг Афғонистондаги вазият бўйича шошилинч йиғилиши бўлиб ўтади

Фото: AP

16 августда БМТ Хавфсизлик кенгашининг Афғонистондаги вазият бўйича навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтади. Бу ҳақда халқаро ташкилотдаги манба маълум қилган.

Унинг таъкидлашича, йиғилиш Норвегия ва Эстония сўрови билан ташкиллаштирилмоқда. У очиқ брифинг ва ёпиқ маслаҳатлашувлар шаклида ўтади.

Аввалроқ Associated Press ахборот агентлиги толиблар вакилига таяниб, “Толибон” яқин орада Афғонистон Ислом амирлигини ташкил этишни режалаштираётганини маълум қилган. Таъкидланишича, толиблар бу ҳақда Кобулдаги президент саройидан эълон қилишни режалаштирмоқда.

Аввалроқ Британия бош вазири Борис Жонсон халқаро ҳамжамиятни “Толибон” ҳаракатининг Афғонистондаги ҳукуматини тан олмасликка чақирган ва мамлакатда ҳокимият алмашгани бўйича ягона позиция ишлаб чиқиш кераклигини айтган.

Унинг таъкидлашича, БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзолари, НАТО давлатлари, халқаро ҳамжамият Афғонистонда охирги 20 йил ичида эришилган барчаси “беҳуда йўқолмаслиги учун” иложи борича тезроқ келишувга келиши керак. Жонсон Британия толибларни икки томонлама асосда ҳеч ким тан олмаслиги учун БМТ ва НАТО бўйича ҳамкорлар билан ишлашини таъкидлаб ўтган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид