Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Афғонистон: Мозори Шарифнинг қулаши. Энди Кобул қуршовда қолди
Шанба оқшомида «Толибон» Афғонистон шимолидаги йирик шаҳар Мозори Шарифни ҳам эгаллади. Бу вақтда АҚШ ҳарбийлари дипломатик миссиялар ходимларини эвакуация қилиш учун Кобулга қайтмоқда.
Расмий ҳукумат толибларни тўхтатиш учун нима иш қилди?
Афғонистон президенти Ашраф Ғани бир неча кун олдин Мозори Шарифга келиб, маҳаллий қўмондонлар билан кучларни бирлаштириш ва толибларга қарши ҳужум бошлаш масаласини муҳокама қилганди.
Шанба куни Ғани миллатга қисқа мурожаат қилди ва ҳукумат оқсоқоллар ва сиёсий етакчилар, мамлакатдаги турли жамоалар вакиллари, шунингдек, халқаро ҳамкорлар билан маслаҳатлашув олиб бораётгани ҳақида маълум қилганди.
«Сизнинг президентингиз сифатида, мен келгусида беқарорлик, зўравонлик ва халқимнинг мажбуран кўчирилиши ҳолатларининг олдини олишга ҳаракат қилмоқдаман», дея қўшимча қилганди у.
Ғани одамларни урушга гирифтор қилишга йўл қўймасликни ваъда қилиб, шаҳарларни «Толибон»дан ҳимоя қилишга уринаётган хавфсизлик кучларига миннатдорлик билдирганди.
Аввалроқ Ғани ўз мурожаатида истеъфо ҳақида эълон қилиши кутилаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди, аммо бундай бўлиб чиқмади. Айрим маълумотларга кўра, «Толибон» Ғани ўз постида қолар экан, тинчлик музокараларига киришишдан бош тортишини маълум қилган.
Барча катта шаҳарлар толиблар қўлида
Шанба куни давомида «Толибон» шарқдаги Пактика ва Кунар вилоятлари марказлари Шаран ва Асадобод шаҳарларини эгаллагани хабар қилинганди.
Ижтимоий тармоқларда толиблар ушбу шаҳарларда ўзларининг оқ байроқларини кўтаргани акс этган тасвирлар тарқалган.
Сўнгги маълумотларга кўра, Нангарҳор вилояти маркази Жалолобод ҳам таслим бўлган.
Шунингдек, Майдон Вардак вилояти маркази, Кобулдан 40 километр жануби-ғарбда жойлашган Майдоншаҳр учун жанглар кетмоқда.
Маҳаллий журналистлардан бирининг сўзларига кўра, Америка ҳарбийлари жума куни толиблар қўлига ўтган Қандаҳор шаҳридаги халқаро аэропортга зарбалар йўллаган.
Жума куни жангарилар Кобулдан 80 км масофада жойлашган Логар вилояти маркази Пули-Аламни ҳам эгаллашганди.
Айни вақтга келиб Афғонистондаги 34 вилоятдан 20дан ортиғининг маркази, барча йирик шаҳарлар толиблар назоратида. Эндиликда ҳукумат қўлида қолган ягона йирик шаҳар - пойтахт Кобулдир.
Мамлакатнинг асосий шаҳарларини бирин-кетган забт этган толиблар энди бутун кучни Кобулга йўналтириши мумкин. Кобул атрофида жанглар бошланиб кетган, айрим постлар толибларга бой берилган, шаҳар электр таъминотидан тўлиқ узилган.
Кобулда айни вақтда уруш кетаётган ҳудудлардан қочиб келган юз минглаб қочқинлар тўпланган.
Ижтимоий тармоқларда «Толибон» ҳаракати тарафдорлари ҳукумат қўшинлари ташлаб қочган кўп сонли ҳарбий ўлжаларнинг суратларини тарқатмоқда - ташлаб кетилган базаларда кўплаб зирҳли техникалар, оғир қуроллар, вертолётлар ва ҳатто дронлар қўлга киритилган. Айрим маълумотларга кўра, Кобулдаги ҳукумат учун урушган аскарлар ёки қурол ва техникаларни ташлаб қочмоқда, ёки ҳарбий бўлинмалар тўлиқ таркибда толибларга таслим бўлмоқда.
Хусусан, толиблар томонга ўтганлар орасида учувчилар ҳам бўлиб, эндиликда ҳаракат ҳаво қўшинларига ҳам эга бўлиши мумкин.
Мозори Шариф қандай қулади? Дўстум ва Нур қаерда?
Балх вилояти маъмурий маркази Мозори Шарифга ҳужум кун охирига бориб мудофаа кучлари шимолга, Ўзбекистон чегарасига чекиниши ва шаҳар қўлга олиниши билан якунланди. Шу билан, Афғонистон шимоли тўлиқ толиблар қўлига ўтди.

Маҳаллий расмийларнинг сўзларига кўра, мамлакатнинг тўртинчи йирик шаҳри бўлмиш (Кобул, Қандаҳор ва Ҳиротдан кейин) Мозори Шариф деярли жангсиз топширилган.
Балх вилоятидан бўлган депутат Associated Press мухбири билан суҳбатда биринчи бўлиб ҳукумат армияси таслим бўлгани, шундан кейин ҳукуматни қўллаб-қувватлаган кучлар ва бошқа гуруҳлар чекинишга мажбур бўлгани ҳақида айтган.
Термиз шаҳридан 100 км масофада жойлашган бу шаҳар йирик иқтисодий марказлардан бири ҳисобланади. Толиблар бу шаҳарга сўнгги бор 1990-йилларда киришганди.

Хабарларга кўра, этник ўзбеклар етакчиси, маршал Абдулрашид Дўстум ва этник тожиклар етакчиси, Балх вилоятининг собиқ губернатори Ато Муҳаммад Нур айни вақтда Балхдан ташқарида, улар айнан қаердаги ҳозирча аниқ эмас.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда жангарилар маршал Дўстумнинг бўш қолдирилган уйида сайр қилаётгани акс этган.
Шу ҳафта давомида Ашраф Ғани билан музокаралардан кейин Дўстум «толиблар бир неча марта шимолга келишгани ва ҳар сафар қопқонга тушишгани, энди улар бу қопқондан чиқиб кетиши мушкул бўлиши» ҳақида гапирганди.
Ато Муҳаммад Нур ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида мағлубиятда ҳукумат кучларини айблаб, улар қуроллар ва техникаларни толибларга топширишганини айтган.
«Қадрли ватандошлар. Кучли қаршилик қилганимизга қарамай, ҳукумат ва афғон миллий хавфсизлик кучлари қуроллари, техникалари «Толибон»га топширилди. Бу ерда сотқинларча ва қўрқочларча фитна уюштирилди. Улар мени ва маршал Дўстумни қўлга олиш учун фитна уюштиришди, лекин биз омон қолдик.
Ҳозир мен, маршал Дўстум, балхлик депутатлар, Балх маҳаллий кенгаши раҳбари хавфсиз жойдамиз. Ҳали айтиб берадиган гаплар кўп, бу воқеалар ҳақида вақти келиб айтиб бераман. Ўз замини учун мардонавор жанг қилганларнинг барчасига раҳмат. Бизнинг йўлимиз бу билан тугамайди», деган у.
ToloNews телеканали хабар беришича, Ато Муҳаммад Нур ва Абдулрашид Дўстум вертолётда Ўзбекистонга учиб кетган.

Аввалроқ, Мозори Шариф қўлдан кетгани ҳақидаги хабарлар ортидан чекинаётган афғон хавфсизлик кучлари Амударё бўйига, Ўзбекистон чегарасига етиб келгани маълум бўлганди.
Афғонистоннинг Ҳайратон ва Ўзбекистоннинг Термиз шаҳарларини боғлаб турувчи «Дўстлик» автомобиль ва темир йўл кўпригида олинган кадрларда афғон ҳарбийлари чегара очилишини кутиб тургани акс этган.
Мозори Шарифда яшовчилардан бири BBC мухбири билан суҳбатда толибларнинг шаҳарга киришидан хавотирларини баён этган.
«Улар уйларимизга киришади, афсуски, биз ҳеч нарса қила олмаймиз. Биз жуда қўрқувдамиз. Болаларим жуда қўрқмоқда, рафиқам йиғламоқда. Эртага биз билан нима бўлишини билмаймиз», деган у.
«Тўғридан тўғри таҳдид йўқ»
«Толибон»нинг ғалабали юриши америкалик ҳарбийлар мамлакатдан бутунлай чиқиб кетиши билан параллел равишда кечмоқда: АҚШ президенти Жо Байден май ойи бошида қўшинларни олиб чиқиш жараёни 11 сентябрга қадар якунланишини маълум қилганди. Аммо толибларнинг жуда тез илгарилаши оқибатида АҚШ шу кунларда Кобулга 3 минг аскарини қайтарди, ҳарбийлар элчихона персонали ва америкаликлар билан ҳамкорлик қилган минглаб афғонларни хавфсиз тарзда эвакуация қилишни таъминлайди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Байден Афғонистондаги фуқаролар эвакуациясини амалга ошириш учун юбориладиган аскарлар сонини 5 минг нафарга оширган.
Эвакуация жараёни тезлаштирилгани ва дипломатик миссиялардаги махфий маълумотлар йўқ қилинаётганига қарамай, Жо Байден маъмуриятидагилар Афғонистонда ҳокимият толиблар томонидан эгалланиши муқаррар деб ҳисобламаяпти.
«Айни вақтда Кобул учун тўғридан тўғри хавф йўқ», деган жума куни Пентагон расмийси Жон Кирби. Ҳолбуки, бир неча кун муқаддам Америка ҳарбий амалдорларидан бири, ҳозирги воқеалар ривожида Кобул яқин бир ой ичида босиб олиниши мумкинлигини билдирганди.
Кўплаб Европа давлатлари, шу жумладан Британия, Германия, Дания ва Испания ҳам ушбу мамлакатдаги элчихоналари ходимлари олиб кетилишини маълум қилди. Дипломатик миссиялар ёки тўлиқ ёпилмоқда ёки ходимлар сони минимумгача қисқартирилмоқда. Буюк Британия мамлакатни тарк этаётган фуқаролари хавфсизлигини таъминлаш учун 600 нафар ҳарбий хизматчисини юборган.
Шу кунларда БМТ бош котиби Афғонистондаги вазият назоратдан чиқиб кетаётганини маълум қилган, ташкилот қўшни давлатларни тинч аҳолига мансуб бўлган афғон қочқинлари учун очишга чақирганди.
«Фақат сўнгги бир ойнинг ўзида тинч аҳоли орасида мингдан ортиқ киши тасодифий ҳужумлар оқибатида ҳалок бўлган ёки яраланган, айниқса, Ҳилманд, Қандаҳор ва Ҳирот вилоятларида талафот кўп бўлган», деган Антониу Гутерриш.
У толибларнинг ҳужуми айниқса журналистлар ва аёлларга катта хавф туғдираётганини маълум қилган. «Толибон»нинг 1990-йиллардаги бошқаруви даврида аёллар шафқатсиз зулм остида яшашган: улар барча жойда бурқада бўлиши мажбурий эди, 10 ёшдан ошган қизлар мактабда ўқиши тақиқланганди.
Ҳарбий экспертлар Афғонистонда ҳукумат кучларининг узил-кесил мағлубияти мамлакатни халқаро терроризмнинг янги базасига айлантириши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда, уларнинг ҳисоблашича, бу ердан бошқа мамлакатларга, хусусан, Европага террорчилик ҳужумлари тайёрланиши мумкин. Агар зиддият натижасида мамлакат бир неча қисмга парчаланиб кетса, бунинг эҳтимоли янада ортади.
Афғонистондаги уруш: асосий фактлар
- 2001 йилда, «Толибон»нинг ўша вақтдаги яқин иттифоқчиси Усама бин Лодин етакчилигидаги «Ал-Қоида» томонидан амалга оширилган 11 сентябрь терактидан кейин АҚШ раҳбарлигидаги ҳарбий кучлар Афғонистонга кириб, қисқа муддат ичида толибларнинг ҳокимиятини ағдаришганди.
- Кейинги 20 йилликда оккупация ва ҳарбий операциялар давом этди. АҚШ ва унинг иттифоқчилари афғон хавфсизлик кучларини қўллаб-қувватлашди, аммо толибларнинг ҳужумлари тинмади.
- Якунда АҚШ толиблар билан келишув тузди: «Толибон» халқаро террорчилар билан ҳамкорлик қилмаслик ва уларга ўз ҳудудидан база сифатида фойдаланиш учун шароит яратмаслиги эвазига америкаликлар мамлакатдан кетадиган бўлди. Аммо толиблар ва афғон ҳукумати ўртасида музокаралар муваффақиятсиз якунланди. Америка аскарлари эса барибир Афғонистонни шу йилдаёқ тарк этадиган бўлгач, толиблар кенг кўламли юришларни бошлади ва мамлакатнинг катта қисмини эгаллаб олди.
Кобулдаги қочқинлар
Сўнгги нажот сифатида Кобулга келган кўплаб қочқинлар айни вақтда кўчаларда яшаб, ухламоқда. «Болаларни қутқаринг» (Save the Children) ташкилоти маълумотига кўра, ҳозирда Кобулда толиблар эгаллаб олган ҳудудлардан ота-оналари билан қочиб келган 72 минг бола бор.
«Бизда чақалоғим учун нон ва дори-дармон сотиб олишга пул йўқ. Уйимиз ва барча нарсаларимиз ёниб кетди, шу туфайли Кобулга келдик ва худодан ёрдам сўраб ўтинмоқдамиз», деган BBC билан суҳбатда Қундуздан қочиб келган 35 ёшли кўча савдогари.
Таълим ташкилотининг ижрочи директори, афғон қизларига таълим бериш билан шуғулланган Паштана Дурроний ҳам Кобулга келган. У айни вақтда ўз ҳаёти учун ташвишда.
«Мен билан ишлаган қизлар қочиб яширинишди. Мен талабаларим қаердалигини билмайман, уларнинг ҳаёти учун хавотирдаман. Толиблар уларни не кўйга солишини билмайман», деган у BBC учун берган интервьюсида.
«Бу ердан яна қаерга қочиш мумкин?»
BBC’нинг Кобулдаги корреспонденти Йогита Лима:
Одамлар барчаси бир соат ичида ўзгариб кетишини тасаввур ҳам қила олишмаганди. Пайшанба кунининг ўзида беш вилоят маркази толиблар қўлига ўтди.
Кобулга минглаб кишилар келмоқда, уларнинг сони кун сайин ортмоқда. Улар фақат энг зарур нарсаларни ўзи билан олган ҳолда қочишган. Булар тинчлик даврида ўз уйига ва ишига, дўконлар ва фермаларига эга бўлган одамлар - энди улар ўлиб кетмаслик учун барчасини ташлаб кетишга мажбур бўлишган.
Уларнинг айримлари Кобулга етиб олиш учун кунлаб йўл босишган. Ҳозирда мамлакат бўйлаб ҳаракатланиш ҳам жуда хавфли - улар толибларнинг назорат-ўтказув пунктларини ва уруш кетаётган ҳудудларни четлаб ўтиб етиб келишган.
Аммо улар қаерга ҳам қочарди?
Улар ҳукумат уларни тақдир измига ташлаб қўйганидан норози. Расмийлар уларни масжидларга жойлаштириш ва ёрдам кўрсатишга ваъда берган. Аммо жойлар ва озиқ-овқат барчага ҳам етмайди.
Бу одамлар ўз фуқароларини эвакуация қилаётган АҚШ ва Буюк Британия афғонларни ўз ҳолига ташлаб кетаётганидан ғазабда.
Мавзуга оид
21:58 / 21.05.2025
АҚШ «Толибон»нинг террорчи ташкилот мақомини қайта кўриб чиқади
21:47 / 22.04.2025
«Толибон» энди Россияда террор гуруҳи эмас. Ҳаракат аср бошида Россияга жиҳод эълон қилганди
20:43 / 17.04.2025
Толиблар энди Россияда террорчи ташкилот деб ҳисобланмайди. Воқеалар ривожи
22:28 / 09.04.2025