Ўзбекистон | 21:47 / 17.08.2021
17920
2 дақиқада ўқилади

Фатво: Ўзбекистонда Ашуро куни 19 августга тўғри келади

Муҳаррам ойининг 10-куни (Ашуро куни) Ўзбекистонда милодий ҳисоб бўйича бу йил 19 август, пайшанба кунига тўғри келади. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати маълум қилди.

Ҳайъатнинг маълум қилишича, бу йилги Ашуро куни милодий ҳисоб билан қайси санага тўғри келиши ҳақида икки хил маълумот пайдо бўлганининг асосий сабаби – муҳаррам ойининг ҳилолини кўришдаги хилма-хиллик билан боғлиқ.

“Кўпчилик исломий тақвимларга кўра, муҳаррам ойи бошланиши 9 август (душанба)га, муҳаррам ойининг 10-куни бўлмиш Ашуро куни эса 18 август (чоршанба)га тўғри келиши кўрсатилган эди. Бироқ 8 август куни Ислом оламида муҳаррам ойининг ҳилоли кўринмагани боис зулҳижжа ойи тўлиқ 30 кун дея эътиборга олиниб, муҳаррам ойи 10 август (сешанба) кунидан бошланиши эълон қилинди.

Хусусан, Халқаро астрономия маркази, кўпгина мусулмон мамлакатлари, жумладан Марказий Осиё мамлакатларида ҳам 8 август куни муҳаррам ойини кўриш имконсиз экани таъкидланган.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати томонидан 10 август муҳаррам ойининг 1-куни, 19 август эса муҳаррам ойининг 10-куни – Ашуро куни этиб эълон қилинди.

Иордания, Бирлашган Араб Амирлиги, Жазоир, Судан, Тунис, Марокаш, Саудия Арабистони, Индонезия, Малайзия, Эрон, Покистон каби (жами 16 та) мусулмон мамлакати Ашуро куни – 19 августга тўғри келишини расман эълон қилди. Миср, Туркия, Ироқ ва Сурия каби саноқли мамлакатлар 18 август куни муҳаррамнинг 10-куни деб эълон қилишди”, – дейилади расмий ахборотда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати ҳар бир юрт аҳли ўз юртининг уламоларининг фатвосига амал қилишини ва иккиланишлар чиқармаслик зарур эканини алоҳида таъкидлаган.

“Қолаверса, уламоларимиз муҳаррам ойининг ёлғиз 10-кунида эмас, балки 9- ва 11- муҳаррам кунларини ҳам қўшиб рўза тутишни тавсия этганлар. Бу билан Ашуро кунининг фазилатини топишда шубҳа бўлмайди, иншаАллоҳ. Валлоҳу аълам”, – дея якунланади Фатво ҳайъати баёноти.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид