Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Япониядан олтин билан қайтганлар. Халқаро кимё олимпиадаси ғолиби ва унинг устози билан суҳбат
Шу йилнинг июль-август ойларида ўтказилган халқаро фан олимпиадаларида ўзбекистонлик ўқувчилар жами 10 та (3 та олтин, 2 та кумуш ва 5 та бронза) медал қўлга киритганди.
17 август куни Тошкент шаҳрида олимпиада ғолиблари ва уларнинг ўқитувчиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Kun.uz мухбири тадбир якунида Японияда ўтган 53-Халқаро кимё олимпиадаси ғолиби, Тошкент Педиатрия тиббиёт институти қошидаги академик лицей ўқувчиси Собиржон Аманов ва унинг устози Лазиз Зайлобов билан интервью уюштирди.
— Собиржон, аввало, олтин медаль билан табриклайман. Сизнинг Халқаро фан олимпиадаси ғолиблигигача қандай жараёнлардан ўтганингиз кўпчиликка қизиқ.
— Умуман олганда мен иштирок этган Халқаро кимё олимпиадаси шу йўналишдаги энг нуфузли мусобақа ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бу олимпиадага энг камида 2 йиллик тайёргарлик керак бўлади.
Мени ҳам лицейимиз ўқитувчилари айнан шунча вақт тайёрлашди. Шу ўринда кимё фанидан менга устозлик қилаётган Лазиз Зайлобовнинг хизматларини алоҳида эътироф этишим, бераётган билимлари учун унга миннатдорлик билдиришим керак. Лазиз ака жуда яхши ўқитувчи, ўз фанидан кучли билимга эга инсон. У ҳар битта масалага жуда чуқур ва батафсил кириб боради, эринмайди.
Бизнинг кунлик ўртача машғулотларимиз кеч соат 17-18:00 гача, олимпиада яқин қолганда эса тунги 1-2 гача ҳам давом этади.
Бундан ташқари Халқ таълими вазирлиги ҳам олимпиада олдидан Москва давлат университетининг кимё фани докторантини биз учун 2 ҳафталик маҳорат дарсларига олиб келди. Шу дарслар ҳам ўз самарасини берди.
— Эшитишим бўйича, бу мусобақада сиз аввал ҳам иштирок этгансиз, лекин илк бор олтин медални қўлга киритдингиз.
— Ҳа, бу халқаро олимпиадалардаги учинчи иштироким. Бунгача халқаро Менделеев олимпиадасида бронза ва кумуш медаль олганман. Бу сафарги натижам энг яхшиси бўлди.

— Сизнинг йўналишингиздаги олимпиадаларда қайси давлат ўқувчилари бизга асосий рақиблар ҳисобланади?
— Олимпиада Японияда бўлиб ўтди. Унда 79 давлатдан 300 нафардан ортиқ ўқувчилар иштирок этди. Умуман, бу каби фан мусобақаларида асосий рақибларимиз АҚШ, Хитой, Россия, Сингапур ва Ветнам каби давлат ёшлари бўлиб келган.
Қувонарлиси, бу йилги олимпиадада Ўзбекистон Хитойдан кейин иккинчи ўринни эгаллади.
— Сиз энг нуфузли фан олимпиадасида ғолиб бўлдингиз. Хўш, энди олдингизга қандай мақсадлар қўйяпсиз?
— Асосий мақсадим – Ўзбекистонда кимё фани ривожига ҳиссамни қўшиш. Келгусида Нобел мукофотига номзод бўладиган ишлар қилишни режалаштиряпман.

— Эндиликда кимёнинг қайси йўналишини тадқиқ қилмоқчисиз?
— Тадқиқот йўналишим биокимёга оид, актив моддалар синтези. Бу турли касалликларни тадқиқ қилиш, уларни даволашга хизмат қилади.
АҚШ ва Буюк Британиядаги университетларда бу йўналишда тадқиқотлар учун имкониятлар катта.
Балки, келгусида шу университетларда ҳам малака ошириб қайтарман. Ўйлашимча, шу каби университетларда ўқиш ва малака ошириш ўзбекистонлик ўқувчиларнинг фандаги имкониятлари ва тадқиқотлари янги босқичга чиқишига имконият яратади.
— Кўриб турибман, олдингизга катта мақсадлар қўйгансиз. Сизга бу мақсадлар йўлида омад ва ғайрат тилайман.
— Раҳмат.
— Лазиз ака, навбатдаги саволим сизга. Шогирдингиз бу танловда учинчи бор қатнашяпти ва айнан мана шу иштирокида ғолиб чиқди. Нима деб ўйлайсиз, бу сафар ниманинг ҳисобига олтин медалга эриша олдиларингиз?
— Ғалабагача бу йигит (Собиржон Амонов – таҳр) анча меҳнат қилди, қобилиятини ривожлантириб борди. Тўғриси, бу каби олимпиадаларда японлардан олтинни олиб қўйиш осон эмас.
Албатта, ҳар бир инсонда қайсидир соҳада қобилият бўлади. Ўқитувчининг вазифаси шогирдидаги мана шу қобилиятни тўғри топиб, уни юзага чиқариш. У бу қобилиятни юзага чиқаришда болага керакли мотивацияни ҳам бера олиши керак. Бизда мана шу мотивация бор эди. У қандай мотивация дейсизми? Биз бу олимпиадада илк бор қатнашиб бронза олдик, кейингисида кумуш бўлди. Биз хурсанд бўлдикми? Йўқ, бу бизга жуда оғир ботар, алам қиларди. Шу сабаб ғолиб бўлгунча тўхтамадик.
Бизда яна бир мотивация бор эди – президентга сўз бергандик.
— Олтин олиш ҳақидами?
— Ҳа. Ўтган йили президент Шавкат Мирзиёев билан ўқитувчи ва мураббийлар байрамида учрашдик. Мен унга бу сафар аниқ олтин оламиз, бизга ишонсангиз бўлди, дегандим. Шукр, ваъдамизнинг устидан чиқа олдик.
Мен яна шогирдим Собиржонга ҳам раҳмат айтаман. У жуда меҳнаткаш йигит. Айрим пайтларда машғулотларга шунчалик киришиб кетадики, ҳатто овқат емай қўяди. Масалан, олимпиадага ҳам овқат емай кирганди.
Фан шундай нарса, эътибор бериш керак. Бўлмаса натижа бўлмайди.
Маълумот учун, 53-Халқаро кимё олимпиадасида олтин медални қўлга киритган Собиржон Аманов Тошкент тиббиёт академиясига имтиёзли тарзда талабаликка ҳам қабул қилинди.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Мавзуга оид
09:10 / 24.05.2025
Халқаро фан олимпиадалари ғолиблари учун мукофот пули миқдори оширилди
11:29 / 05.04.2025
Малайзия Ўзбекистон кимё саноатида учта лойиҳага инвестиция киритиши мумкин
17:28 / 28.03.2025
«Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали хорижда ўқиганлар ишга танловсиз олинади
15:34 / 18.11.2024