Ўзбекистон | 11:25 / 20.08.2021
3596
2 дақиқада ўқилади

Ҳарорати юқори бўлгани учун тестга киритилмаган абитуриентларга 30 августгача қўшимча тест ташкил этилади

Давлат тест маркази тест синовларининг дастлабки якунлари бўйича маълумот берди.

Қайд этилишича, 2021-2022 ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари 2021 йил 5 августдан 16 августга қадар, 12 кун давомида кунига 2 сменада бўлиб ўтди.

Билдирилишича, тест синовлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида танлаб олинган 53та очиқ майдон (стадион ва хиёбон)да ўтказилди. Унда иштирок этиши белгиланган 948 211 нафар абитуриентдан 892 242 нафари (94,1 фоиз) иштирок этган бўлса, 55 969 нафари (5,9 фоиз) турли сабабларга кўра тест синовларида иштирок этмаган.

Тест синовларида энг кўп абитуриент Тошкент шаҳри (172 400 нафар) ҳамда Қашқадарё (91 855 нафар) ва Самарқанд (85 987 нафар) вилоятларида иштирок этган.

Жами 563 нафар (948 211 нафардан) абитуриент, жумладан 328 нафари (892 242 нафардан) тест синови жараёнида, 235 нафари (55 969 нафардан) ҳудудга киришда тартиб-қоидани бузгани сабабли тест синовидан четлатилган.

Тест синовига келган вақтда 110 нафар абитуриентнинг тана ҳарорати 37 даражадан юқори экани аниқлангани сабабли бошқа абитуриентларнинг саломатлигини ўйлаган ҳолда тегишли далолатнома расмийлаштирилиб, тест синовларига киритилмаган. Улар учун 30 августга қадар қўшимча тест синовларини ташкил этиш режалаштирилган.

Тест натижаларига кўра 75 нафар абитуриент максимал 189 балл тўплашга муваффақ бўлди. Энг кўп максимал балл олган абитуриентлар Тошкент давлат юридик университети (22 нафар), Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (13 нафар) ҳамда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетини (11 нафар) танлаганлар орасида кузатилди.

Таъкидланишича, ҳозирда тест синовида иштирок этган барча абитуриентларнинг тест натижалари эълон қилинган бўлиб, тана ҳарорати юқори бўлган ва коронавирусга чалинган абитуриентлар учун қўшимча тест синовлари ўтказилгандан сўнг якуний танлов натижалари ҳисобланади ва Давлат комиссияси баёни билан эълон қилинади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид