Жаҳон | 21:48 / 20.08.2021
39570
2 дақиқада ўқилади

Путин Афғонистондаги воқеалар бўйича илк марта фикр билдирди

Путиннинг фикрича, ҳозирда асосий вазифа террорчиларнинг қўшни мамлакатларга, хусусан, қочқинлар кўринишида кириб келишига йўл қўймасликдир.

Россия президенти Владимир Путин Германия канцлери Ангела Меркел билан учрашуви чоғида «Толибон» Афғонистонни назорат қилаётгани ҳақида фикр билдирди.

«Бу мавжуд воқелик ва айнан мана шу воқеликдан келиб чиқиш керак», деди у.

Унинг фикрича, ҳозирда асосий вазифа террорчиларнинг қўшни мамлакатларга хусусан, қочқинлар кўринишида кириб келишига йўл қўймасликдир.

Россия президенти, шунингдек, толиблар жанговар ҳаракатлар тугагани ҳақида эълон қилишгани, аҳоли ва хориж фуқаролари хавфсизлигига кафолат беришганини қайд этди. Путин улар ўз мажбуриятларини бажаришларига умид билдирди. Унинг қўшимча қилишича, халқаро ҳамжамият ва БМТ Хавфсизлик кенгаши бу жараённи назорат қилиши лозим.

Путин «бегона қадриятларни сингдиришга қаратилган масъулиятсиз сиёсат»ни ва тарихий, диний, миллий хусусиятларни ҳисобга олмасдан «бошқа мамлакатларда бегона намуналар бўйича демкоратия қуришга уриниш»ни бас қилишга чақирди.

Россия президенти Афғонистонга бегона қадриятларни олиб кириш самарасиз бўлганини айтди. Унинг сўзларига кўра, бундай тажрибалар фақатгина давлатнинг парчаланишига олиб келади.

Мавзуга оид