Жаҳон | 09:07 / 22.08.2021
10048
1 дақиқада ўқилади

Грузия 100 минг кишига коронавирусдан касалланиш даражаси бўйича дунёда етакчилик қилмоқда

Грузия 100 минг кишига коронавирусдан касалланиш ва ўлим даражаси бўйича дунёда 1-ўринни эгалламоқда. Бундай маълумотларни АҚШнинг The New York Times нашри келтириб ўтди.

Фото: Getty Images

Грузияда айни вақтда 100 минг кишига кунлик касалланиш ҳолати 132 тага етди. Бу дунё бўйича энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Шунингдек, мамлакатда 100 минг кишига вирусдан кунлик ўлим даражаси ҳам энг юқори – 1,26 та.

Антирейтингда Грузиядан кейинги ўринни Доминикана Республикаси эгалламоқда. Бу ерда 100 минг кишига кунлик касалланиш ҳолати 108тани ташкил қилмоқда. Ўлим даражаси бўйича эса Косово 2-ўринни эгаллаган – 100 минг кишига 0,22 та ҳолат.

Ҳозирга келиб Грузияда аҳолининг 6,9 фоизи тўлиқ эмланган.

Мамлакатда коронавирус юқтириш ҳолатлари кўпайгани сабабли 14 августдан 4 сентябргача шаҳар транспорти фаолиятига ҳамда фестивал ва концертлар ўтказишга тақиқлов киритилган. Шунингдек, кафе, бар ва ресторанларнинг ишини соат 23 гача қисқартиришга қарор қилинган.  

Мавзуга оид