Иқтисодиёт | 11:37 / 22.08.2021
23570
8 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон газ саноатининг юраги – Газлига сафар

Газлида қадри баланд касблардан бири – пайвандчилик. Чўл бағридаги шаҳарда ёз жазирамасида ҳам иш тўхтамайди: қалин махсус кийимдаги пайвандчилар магистрал газ қувурларини таъмирлаш билан банд.

Ўзбекистонда бу йилги ёз аввалгиларидан анча иссиқ келди. Биз жазирама кунларнинг бирида Бухоро вилояти Газли шаҳарчасида бўлдик.

Чўл узра ётқизилган йўлдан кетарканмиз, узоқдан яшиллик кўзга ташлана бошлайди. Саҳро ўртасида барпо этилган Газли шаҳрида жазирамага қарамай, ҳаёт қайнамоқда. Газли магистрал газ қувурлари бошқармасининг ДКС-4 цехида иш қизғин. Бу ерда қувурларни алмаштириш ишлари олиб бориляпти.

Газлида қадри баланд касблардан бири – пайвандчилик. Ёдимда, ёшлигимда пайвандчига бир кунгина кўмак бериб, кечаси билан қўлим ва танамни териси ачишиб чиққанди. Кўзимга эса, эҳтиётсизлигим учундир балки, нина санчиб қўйгандек бўлганди. Кўк чой-у, қора чой босиш ҳам ёрдам бермаган.

Газли шаҳар аҳолиси орасида эса пайвандчилар кўпчиликни ташкил этади. Газли магистрал газ қувурлари бошқармасининг жўмард пайвандчи ходимлари жазирама иссиқда қалин махсус кийимга ўранган ҳолда қувурларни бир-бирига улаб, навбатдаги топшириқни бажараётгани устидан чиқдик. Улар қилаётган ишлари қиш мавсумида узоқ-яқиндаги ватандошлари жонига ора киришини яхши англайди.

Газли – кўп миллатли шаҳар. Бу ерда ўзбек, қозоқ, туркман, рус, татар ва бошқа миллат вакиллари тотувликда истиқомат қилиб келмоқда.

Жеткерген Хўрозов, пайвандчи

Асли қозоқ миллатига мансуб Жеткерген Хўрозов ҳам 15 йилдирки, ота касбини фахр билан давом эттираётган 6-тоифадаги пайвандчилардан бири. У ҳар куни тонгда меҳр қўйган ишига йўл олади. Ахир, оғир дамларда ҳам бу ишини тарк этмади, касбига содиқ қолди. Ҳатто меҳнат мигрантлигини ўйлаб кўрмади.

Жеткерген орзу истаклари ҳақида сўзлайди. “Ўғил уйлаб, қиз узатсам, фарзандларим камолини кўрсам дейман. Ахир, шунинг учун яшамаяпмизми?” – дейди пайвандчи.

Жеткергенлар оиласида 4 ўғил, 2 қиз катта бўлишган. Ўғилларнинг барчаси ота изидан бориб, бугунги кунда моҳир пайвандчилардан ҳисобланади. Ота касби – давлат касби, деб шуни айтишса керак.

1985 йилда туғилган қаҳрамонимиз рафиқаси билан биргаликда 4 фарзандни пешона тери ила топаётган ҳалол ризқ билан вояга етказмоқда.

Куз мавсуми яқинлаша бошлагач, аҳоли хонадонларини табиий газ билан таъминлаш яна кун тартибига чиқиши бор гап. Хўш, бу йил табиий газ таъминоти билан аҳвол қандай бўларкин? Газли магистрал газ қувурлари бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Деҳқоновни ишчи жараёнда суҳбатга тортдик.

Шуҳрат Деҳқонов, Газли МГҚБ бошлиғи

“Газли – газчилар шаҳри бу. Ўзбекистоннинг газ саноати юраги. Кичкинагина шаҳарчада газ соҳасидаги иккита гигант корхона жойлашган. Улардан бири – Газли МГҚБ. Корхонада 1200 киши меҳнат қилади. 22 йилдирки, шу ерда меҳнат қилиб келяпман. Тўрт томонимиз чўл бўлишига қарамай, бу ерда ишлашнинг ҳам ўзгача гашти бор”, – дейди Шуҳрат Деҳқонов.

Унинг сўзларига кўра, корхонада устоз-шогирд анъанаси яхши йўлга қўйилган.

“Газли – кўп миллатли шаҳарча. Шундай устоз-шогирдлар борки, устоз рус, татар ёки қозоқ бўлса, шогирди ўзбек ва аксинча. Ҳар бир мутахассиснинг 5-10 нафар шогирди бор. Пайвандчи, газ-пайвандчи, кесувчи, токарлик ва бошқа асосий ҳунарлар бўйича бу анъана давом этиб келмоқда”, – дея сўзлаб берди ГМГҚБ бошлиғи.

У, шунингдек, бугунги кунда, илгаридан фарқли равишда табиий газ шимол йўналишида эмас, аксинча, шимолдан марказга етказиб бериш йўналишида етказилаётгани ҳақида айтар экан, бу йилги режаларга ҳам тўхталди.

“2019/20, 2020/21 йиллар ва ундан олдинги куз-қиш мавсумида суткасига 35-45 млн куб метр газ ҳайдаган бўлсак, бу йилги мавсумда бу рақам 70 млн куб метрни ташкил этиши режалаштирилган. Булар, авваламбор аҳолига, саноат ва тадбиркорларга етказилади”, – дейди Ш. Деҳқонов.

Унинг таъкидлашича, “Ўзтрансгаз” АЖ бошқаруви ҳам корхона ходимлари ва Газли шаҳарчаси аҳолиси учун ижтимоий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Хусусан, ўтган 2020 йили 220 ўринли замонавий боғча қуриб берилган.

Қайд этиш керак, бу йил “Ўзтрансгаз” АЖ Газлида яна бир хайрли ишни амалга оширди. Ёшлар ва аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг ёйиш мақсадида қаровсиз қолган спорт мажмуаси капитал таъмирланиб, замонавий спорт жиҳозлари билан тўлдириб берилди. Унинг очилиш маросими сафар кунларимизга тўғри келди.

Бизга берилган маълумотларга кўра, “Ўзтрансгаз” АЖ бугунги кунда умумий узунлиги 13 минг 200 километрга яқин магистрал газ қувурларига хизмат кўрсатади. Бироқ магистрал газ қувурларининг қарийб 8 минг километри (60 фоиз) 30 йилдан ортиқ муддат давомида фойдаланиб келинаётгани боис, рухсат этилган ишчи босим меъёри камайган. Натижада табиий газ ўтказувчанлиги лойиҳа қувватига нисбатан 35 фоизгача қисқарган.

Шу боис, “Ўзтрансгаз” АЖ 545 км узунликдаги газ қувурларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш ҳамда “Газли” компрессор станциясининг 2та цехида 10та газ ҳайдаш агрегатини реконструкция қилиш дастурини ишлаб чиқди. Унга кўра, 2021 йил 1 ноябрга қадар 370 км, 2022 йилда 175 км узунликдаги магистрал газ қувурларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш, шунингдек “Газли” компрессор станциясининг “ДКС-4” ва “ДКС-5А” цехларидаги газ ҳайдаш агрегатларини модернизация ва реконструкция қилиш белгиланган.

Дастурнинг биринчи босқичида назарда тутилган объектларни қуриш ишлари жадал суръатларда амалга оширилмоқда. Бугунга келиб қарийб 134 км қувур маҳсулоти қурилиш объектларига етказиб берилган, шундан 120 км узунликдаги пўлат қувурлар пайвандланган бўлиб, синов ишлари бошлаб юборилган. Қурилиш объектларига 300 нафар қурувчи-ишчилар ва 154 та махсус техникалар сафарбар қилинган.

Навбатдаги суҳбатдошимиз бошқарма бош муҳандиси Муҳсин Раҳмонов бўлди.

Муҳсин Раҳмонов, Газли МГҚБ бош муҳандиси

 “Ушбу цех 1986 йилда қуриб, фойдаланишга топширилган. 35 йил мобайнида бу ерда ички ва ташқи коммуникация тармоқлари, бошқарув пульти тафтишдан ўтказилмаган эди. Шу муддат ичида илк маротаба бундай текширув-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кунга келиб, кўплаб нуқсонли участкалар аниқланиб, янги қувурлар ва эҳтиёт қисмлар билан алмаштирилди. Ҳозирда сувли синов ишларига тайёргарлик кетмоқда.

Цехдаги модернизация ва реконструкция ишлари натижасида жами 6та агрегатдан 4таси янгисига алмаштирилади. Вақтинча тўхтатилган цех сентябр ойидан бошлаб, шимолдан 20-25 кг/м3 босимда келувчи газ босимини 50-55 кг/м3 босимгача чиқариб, республиканинг марказий, жанубий ва шарқий ҳудудларига етказиб бера бошлайди”, – дейди Муҳсин Раҳмонов.

Унинг айтишича, таъмирлаш ва қувурларни алмаштириш ишлари қишнинг қаҳратон совуғи-ю, ёзнинг жазирамасига қарамай давом этади. Умуман, 2021/22 йилги куз-қиш мавсумида жами 17та газ ҳайдаш агрегати “Ҳудудгазтаъминот” тармоғига ва йирик харидорларга газ етказиб бериш билан шуғулланади.

Ушбу ишларга ўз ҳиссасини қўшаётган бугунги кунимиз қаҳрамони Жеткерген оиласи бағрига, фарзандлари ёнига қайтишга ошиқади. Ахир кенжатойи ҳам уни кутмоқда. Зотан, яна бир самарали кун ортда қолди.

Толиб Раҳматов тайёрлади.

Мавзуга оид