Жаҳон | 16:03 / 23.08.2021
48914
13 дақиқада ўқилади

Толиблар Афғонистон ҳарбий авиациясига эга чиқди. Улар бундан қандай фойдаланиши мумкин?

Толибларнинг шиддатли ҳужумлари қаршисида ожиз қолган афғон армияси уларга катта миқдордаги турли қуроллар ва ҳарбий техникаларни қолдиришди. Толиблар ўнлаб енгил зирҳли машиналар ва юк автомобиллари, юзлаб артиллерия қуролларини қўлга киритишган. Лекин уларнинг энг қимматбаҳо ўлжалари ҳарбий авиациядир.

Фото: Getty Images

Ҳозирда айнан қанча самолёт ва вертолёт толиблар ихтиёрига ўтгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Биринчидан, афғон ҳарбийлари чекиниш олдидан авиация техникаларининг бир қисмини яксон қилган бўлиши мумкин. Иккинчидан, ўнлаб учиш қурилмалари қўшни мамлакатлар ҳудудига олиб ўтилгани маълум.

Шундай бўлса-да, толиблар ўз қўлидаги авиация билан ҳам ушбу ҳудуддаги жанговар ҳаракатлар учун қулай бўлган штурмовиклар (ҳужумкор қирувчи самолётлар) ва вертолётлар орқали керакли самарадорликка эришишлари мумкин.

Энди асосий масала - толиблар авиацияга хизмат кўрсатувчи персонални, керакли эҳтиёт қисмларни ва энг муҳими, қурилмаларни ҳавога кўтариш учун учувчилар таркибини топа оладими?

Афғон ҳарбийлари ташлаб кетган ўлжалар
Афғонистонни тиклаш бўйича махсус бош инспекциянинг Америкадаги офиси маълумотларига кўра, Афғонистон ҳарбий-ҳаво кучлари таркибида 2021 йил 1 январь ҳолатида 162та учиш қурилмаси бўлган. Лекин уларнинг барчаси соз ҳолда бўлмаган.

MD-530 вертолётларини эҳтиёт қисмларсиз кўп вақт яроқли ҳолатда сақлаб туриш имконсиз

Худди шу манба маълумотига кўра, йил бошида мамлакат ҳарбий-ҳаво кучларида учишга яроқли 50та самолёт бўлган: 17таси А-29 (Embraer EMB 314 Super Tucano) енгил штурмовиклари ва 10та бир моторли турбовинтли AC-208 Combat Caravan енгил зарбдор самолётлар, шунингдек, 21та С-208 Cessna Caravan русумли енгил транспорт самолёти ва 2та С-130 Hercules русумли ҳарбий-транспорт самолёти. Бундан ташқари, армияда 86та учишга яроқли вертолётлар бўлган: Россияда ишлаб чиқарилган 12та Ми-17 русумли транспорт вертолёти, 38та MD 530F ва 36та UH-60 Black Hawk вертолётлари.

Бундан ташқари, махсус топшириқли бўлинмалар ихтиёридаги авиация қисмларида ҳам бир қанча учиш аппаратлари бўлган, аммо бу бўйича маълумотлар ошкор этилмаган ва бу учиш аппаратлари сони қанча бўлгани маълум эмас.

Замонавий афғон авиациясидаги барча учиш аппаратлари АҚШ томонидан етказиб берилган, Россия томонидан ишлаб чиқарилган вертолётлар ҳам.

Толиблар қўлига ўтган илк афғон ҳарбий вертолётлари тасвирлари интернетда бир ҳафта муқаддам, толиблар Қундуз, Қандаҳор ва Ҳиротдаги авиабазаларни эгаллагач пайдо бўлганди. Фотосуратлар ва видеоёзувларда Ми-17, MD 530F, UH-60 вертолётлари ҳамда катта бўлмаган С-208 транспорт самолёти акс этади, уларнинг юзасида Афғонистон ҲҲК рамзлари акс этган.

Видеолардан бирида Россияда ишлаб чиқарилган Ми-35 вертолётини кўриш мумкин, бу видео Қундузда олинган. Бу типдаги вертолётлар бўйича маълумот америкаликларнинг ҳужжатларида акс этмаган, аммо видеодаги вертолётнинг парраклари ечиб олинганини кўриш мумкин, унинг учишга яроқлилигини ҳам аниқлаб бўлмайди.

Интернетга жойланган видеоларда кўринган аппаратларнинг аксарига баҳо бериш қийин - улар қаерда турганини (учиш майдонида ёки ангарда) аниқлаб бўлмайди. Айримлари ҳавога кўтарилиш ҳолатида эмаслиги яққол кўринади - улар жиддий шикастланган ёки қисмлари ечиб олинган.

Бир ҳолатда эса иккита Ми-17 варраклари айланиб турган ҳолатда кўринган. Видео аннотациясида бу вертолётлар Ҳиротда қўлга олингани айтилади.

Яна бир суратда толиблар Super Tucano штурмовики олдида тургани аск этган. Суратга у Мозори-Шарифда олингани илова қилинган.

Шимолга қочиш
16 август куни Тожикистон ҳудудига Афғонистондан бир неча самолёт учиб ўтди - афғон армияси ҳарбий хизматчилари толиблар ҳужумидан самолётларда чекинишганди. Самолётлар чорасиз қолишгани ҳақида сигнал йўллаб, қўнишга рухсат сўрашган. New York Times маълумотига кўра, Тожикистон чегарасидан беш самолёт ўтган.

16 август куни эса Ўзбекистон бош прокуратураси 14-15 август кунлари мамлакат ҳудудига Афғонистондан 22та ҳарбий самолёт ва 24та вертолёт кириб келгани, уларда жами 585 нафар ҳарбий хизматчи бўлгани ҳақида маълум қилди.

UH-60 Black Hawk Афғонистонда кўп мақсадлар учун, асосан ярадорларни эвакуация қилиш учун қўлланган.

Шу билан бирга, афғон самолётларидан бири - EMB 314 Super Tucano ҳавода уни қўриқлаб келаётган МиГ-29 (Ўзбекистон самолёти) билан тўқнашиб кетгани, учувчилар катапульта орқали қутулишга муваффақ бўлгани хабар қилинди.

Ўзбекистон бош прокуратураси телеграм каналида жойланган бу маълумот кейинроқ ўчириб ташланди - бу маълумот охиригача текширилмагани билан изоҳланди.

Бу афғон ҳарбий хизматчилари чегарадан ташқарига қочиши билан боғлиқ ягона ҳолатлар эмасди - бунгача қуруқлик орқали ҳам юзлаб ҳарбий хизматчилар Тожикистон ва Ўзбекистон ҳудудига ўтишганди. Уларнинг орасида қанчаси Афғонистон ҲҲК ҳарбий хизматчилари, авиабазалар ходимлари ва учувчилар бўлгани маълум эмас.

Самолётлардаги толиблар
Бир вақтлар «Толибон»нинг ўз ҳарбий-ҳаво кучлари ҳам бўлган.

1992 йилда Муҳаммад Нажибулло режими қулагач, ўша вақт учун кичик бўлмаган авиация толиблар қўлига ўтади. Ўшанда толиблар бир неча қирувчи самолётларни - МиГ-21МФ русумли енгил самолётлар ҳамда зарба беришга мўлжалланган Су-22 русумли оғир самолётларни қўлга киритган. Бундан ташқари, уларнинг қўлида Ми-8 вертолётлари, турли типдаги транспорт самолётлари ва L-39 русумли ҳарбий ўқув самолётлари ҳам бор эди.

Номаълум шахс толиблар ҳукумати ҳарбий-ҳаво кучлари рамзлари акс этган эски МиГ-21 фонида суратга тушмоқда. Бу сурат 2010 йилда Ҳирот аэродромида олинган.

Охир-оқибат бу авиация ёки вақт ўтиши билан техник хизмат кўрсатилмаслиги туфайли ишдан чиққан ёки 2001 йилда америкаликларнинг ҳаво ҳужумлари натижасида йўқ қилинган.

Толиблар қирувчи самолётдан фойдалангани билан боғлиқ камида битта ҳолат маълум. 1995 йил 3 августида "Толибон"нинг МиГ-21МФ русумли самолёти россияликларнинг Шимолий Альянс учун ўқ-дори ташиган Ил-76ТД русумли ҳарбий-транспорт самолётининг йўлини тўсган.

Толиблар бу самолёт ва экипажини бир йилдан ошиқ вақт давомида асирликда сақлашган, учувчилар самолётга техник хизмат кўрсатиш вақтида двигателни ёқиб, учиб кетишга муваффақ бўлишган.

Агар афғон аэродромларида қолдирилган самолётлар ва вертолётлар фойдаланишга яроқли бўлса, бу толибларнинг кучини қай даражада оширади?

Партизанларга қарши ҳарбий-ҳаво кучлари

Россия фанлар академияси Узоқ Шарқ институти катта илмий ходими Василий Кашиннинг фикрича, ҳар қандай ҳолатда ҳам Афғонистон ҲҲК самолётлари оғир транспорт самолётларини тўхтатишга қодир эмас: «Америкаликлар бу масалага ақл билан ёндашишган. Улар авиациядан афғонларга ёки транспорт машиналарини, ёки разведкага ихтисослашган самолётларни беришган, жанговар самолётлар беришса ҳам бу фақат исёнчиларга қарши курашишга ихтисослашганларини беришган».

Унинг ҳисоблашича, толиблар учиш аппаратларини яроқли ҳолатда сақлай олишса ҳам, улар қўшни давлатларга бу самолётлар билан таҳдид сола олишмайди.

Бразилиянинг Embraer корпорацияси томонидан ишлаб чиқилган А-29 русумли турбовинтли штурмовик худди EMB 314 Super Tucano ёки AC-208 Combat Caravan каби асосий хусусияти - узоқ вақт давомида уча олмайдиган ва қиммат бўлмаган самолётлардир. Ушбу самолётлар худди MD 530F, Ми-17 ва UH-60 Black Hawk вертолётлари каби ҳаво ҳужумидан мудофаа қобилияти кучли бўлмаган қуруқликдаги нишонларга қарши курашиш учун мўлжалланган.

Афғонистон ҲҲК Ми-17 вертолёти

«Жанговар авиация қаршисида улар иложсиз қолади. Бу машиналар ҳаво жангида қатнаша олмайди ва ўзларини ҳимоя қила олмайди», деган Кашин.

Унинг сўзларига кўра, бу авиация парки толибларга фақат Афғонистон ҳудудида операциялар ўтказиш учун яраши мумкин. Агар улар вертолётлар ва самолётларни ҳавога кўтара олишса, улардан ҳокимиятни мустаҳкамлаш мақсадида фойдаланишлари мумкин.

Катта қисмини тоғлар эгаллаган Афғонистонда транспорт авиацияси ҳарбий кучлар мобиллиги ва жанговарлигини кўтаришга ёрдам беради.

Техник хизмат кўрсатиш
Толиблар самолётларни учишга яроқли ҳолатда қўлга киритган бўлишса ҳам, уларнинг қаршисида бу қурилмаларга доимий техник хизмат кўрсатиб бориш муаммоси чиқади.

Халқаро масалалар бўйича Россия кенгаши аъзоси, ҳарбий эксперт Илья Крамник BBC рус хизмати билан суҳбатда айтишича, Афғонистон ҲҲК таркибида фақат икки типдаги ҳаво кемаларига америкалик мутахассислар иштирокисиз тўлиқ техник хизмат кўрсатиш имкони мавжуд - Ми-17 вертолётлари (ва унинг базавий модификацияси Ми-8) ҳамда С-208 Cessna Caravan.

Афғон ҳарбий-ҳаво кучларида А-29 штурмовиклари ҳам бўлган, аммо уларга америкалик мутахассислар техник хизмат кўрсатган.

Ми-17 афғонларга мамлакатга совет ҳарбийлари кириб келган даврлардан буён яхши таниш, С-208 Cessna Caravan русумли енгил транспорт самолёти эса худди шу номдаги фуқаролик авиацияси учун мўлжалланган самолётлардан деярли фарқ қилмайди.

Экспертнинг ҳисоблашича, қолган самолётлар ва вертолётлар толиблар қўлига тушган вақтда тўлиқ яроқли бўлгани даргумон.

«У ердаги мутахассисларнинг баҳоларига кўра [Афғонистон ҲҲК] июнь ойи охирида авиатехникаларнинг техник тайёргарлик даражаси кескин тушиб кетган. Америкаликлар кета бошлаганди, шу жумладан, техникаларни фойдаланиш учун тайёрлаб келган америкалик мутахассислар ҳам», дейди у.

Крамникнинг ҳисоблашича, афғон авиация мутахассислари толиблар билан ҳамкорлик қилишни истамаган: «Биринчидан, бу йигитлар мафкуравий жиҳатдан толибларни ёқламайди, иккинчидан, уларда учиб кетиш учун восита бўлган ва аллақачон учиб кетишган».

Василий Кашиннинг фикрича, АҚШ Америкада ишлаб чиқарилган вертолётлар учун эҳтиёт қисмлар бозорини кузатиб бориши ҳамда улар Афғонистонга етказилишига тўсқинлик қилиши мумкин.

Аммо Ми-17 ва фуқаролик авиацияси базасидаги Cessna Caravan учун техник хизмат кўрсатишда муаммолар бўлмайди. «Бунда асосий масала шундаки, улар техник ва учувчилар топа олиши. Эслаш мумкинки, 11 сентябр воқеаларига қадар толиблар аввалги афғон армияси техникаларининг катта қисмидан фойдалана олишганди. Ҳатто МиГ-21 каби вертолётларни улар қанчадир вақт давомида ишчи ҳолатда сақлаб туришган. Демак, бу сафар ҳам уддалашади», дейди у.

Кашиннинг ҳисоблашича, толиблар авиапарки қисқариб боради, аммо турлича тезликда - Америка ишлаб чиқарган вертолётлар ва самолётлар тезда ишдан чиқса, ушбу минтақада эҳтиёт қисмлар ва мутахассислар топилиши муаммо бўлмаган Ми-17 вертолётлари эса секинроқ.

Қочқинлар
Бир томондан, Тожикистон ва Ўзбекистонга айнан қандай русумдаги самолётлар ва вертолётлар олиб кетилгани борасида аниқ маълумотлар йўқ. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Афғонистон ҲҲК авиапаркининг тўртдан бир қисми чегарадан ташқарига олиб кетилган.

Бошқа томондан - Ўзбекистон бош прокуратурасининг кейинроқ рад этилган маълумотида ҳамроҳлик қилаётган қирувчи самолётга тўқнашиб кетган EMB 314 Super Tucano русумли самолёт ҳақида гап боради.

Шунингдек, тахмин қилиш мумкинки, 22 самолёт ва 22 вертолёт орқали 585 нафар ҳарбий Ўзбекистон ҳудудига ўтгани рост бўлса, улар транспорт самолётларидан фойдаланган.

Бу ҳарбий учувчилар ўз транспорт воситалари орқали бошқа мамлакат ҳудудига қочиб ўтиши билан боғлиқ илк ҳолат эмас. 1991 йилда АҚШ ва унинг иттифоқчилари «Саҳродаги бўрон» амалиётини бошлагач, ўнлаб ироқлик ҳарбий учувчилар ёппасига қўшни Эрон ҳудудига учиб ўтишганди.

Эрон бу самолётларни ўзида қолдирган, уларнинг айримлари, масалан, Ил-76 русумли ҳарбий-транспорт самолёти ҳамон парвозларни давом эттирмоқда.

Василий Кашиннинг ҳисоблашича, ҳудудига афғон самолётлари қўнган мамлакат ҳукумати юридик асос топа олса, бу самолёт ва вертолётларни ўзида қолдиришга ҳаракат қилади.

Унинг сўзларига кўра, бу биринчи навбатда Ми-17 вертолётларига тааллуқли: «Ўзбекистон - советларнинг Ми-8 вертолётларидан фойдаланиб келади. Улар учун бу қурилмалар қимматга эга. Уларда тайёр мутахассислар, эҳтиёт қисмлар захираси ва инфратузилма бор. Олиш ва фойдаланиш мумкин, фақат сиёсий масалаларни ҳал этиш керак». Албатта, Афғонистонга бу оилага мансуб вертолётларнинг сўнгги модификациялари етказиб берилганини ҳам инобатга олиш керак.

Экспертнинг ҳисоблашича, Афғонистонга қўшни бўлган мамлакатлар, хусусан Ўзбекистон АҚШ билан яхши муносабатларга эгалигидан келиб чиқиб, америкаликлар томонидан бу қурилмаларга техник хизмат кўрсатишда ёрдам тақдим этилишини кутиш мумкин.

Мавзуга оид