Ўзбекистон | 15:24 / 27.08.2021
7455
2 дақиқада ўқилади

Нарзулло Обломуродов Экопартиядан президентликка номзод сифатида тасдиқланди

Экопартия делегатлари Нарзулло Обломуродов номзодини бир овоздан маъқуллашди.

27 август куни Тошкентда Ўзбекистон Экологик партиясининг 3-қурултойи бўлиб ўтди. Kun.uz мухбири хабарига кўра, тадбирда партия томонидан президентликка номзодни тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилган.

Қайд этилишича, партия аъзолари Экопартия марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Нарзулло Обломуродовни президентлик сайловига номзод сифатида тасдиқлашди.

Бу йил Экологик партия “Биз келажак учун жавобгармиз” шиори остида сайловда илк бор қатнашмоқда.

Қурултойда делегатлар сайловолди дастури билан таништирилди. Номзоднинг сайловолди дастури бир қатор экологик муаммоларни бартараф этиш, аҳолининг экологик маданиятини ошириш масалаларига қаратилган.

Хусусан, дастурдан “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш, аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш қамровини кенгайтириш, чиқиндиларни қайта ишлашга қаратилган давлат сиёсатини кучайтириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш каби вазифалар ўрин олган.

Қурултойда делегатлар номзоднинг сайловолди дастурини бир овоздан маъқуллади.

Аввалроқ “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Ўзбекистон президентлигига Алишер Қодиров номзоди тасдиқланганди. 26 август куни у ўзининг сайловолди дастурини тақдим этган.

 

Мавзуга оид