Ўзбекистон | 09:26 / 30.09.2024
2252
2 дақиқада ўқилади

Экопартия раиси Мўйноқда электорат вакиллари билан учрашди

28 сентябр куни Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши раиси Абдушукур Хамзаевнинг партия электорати вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди. Тадбирда турли соҳа вакиллари, жумладан, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси, Ўрмон хўжалиги агентлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси ходимлари, ёшлар ва нуронийлар қатнашди.

Учрашувда Абдушукур Хамзаев партиянинг сайловолди дастури юзасидан тўхталиб, ундаги таклифлар электоратнинг хоҳиш-истакларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилганини таъкидлади. Шунингдек, дастурда белгиланган мақсадлар орқали экологик ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ҳамда иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатишга эътибор қаратилиши қайд этилди.

Партия раҳбари Орол фожиасидан хулоса чиқарган ҳолда, қурғоқчил ҳудудларда экологик муаммолар туфайли пайдо бўлаётган касалликларни аниқлаш, уларни мониторинг қилиш ва олдини олиш чораларини кўриш зарурлигини айтиб ўтди. Шунингдек, иқлим ўзгаришига чидамли янги навларни яратишни рағбатлантириш ҳамда биохилма-хилликни сақлашга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш муҳим вазифалар сифатида кўрсатилди.

Абдушукур Хамзаев партиянинг Оролбўйи ҳудудидаги биохилма-хилликни асраш, чўлланишнинг олдини олиш ва экотуризмни ривожлантириш бўйича бир қатор ташаббусларини баён қилди. Ушбу ташаббуслар халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда амалга оширилиши таъкидланди.

Учрашув давомида Қорақалпоғистонда сўнгги беш йилда амалга оширилган экологияга оид лойиҳалар хусусида ҳам маълумот берилди. Партия ҳудуд иқлимини яхшилаш йўлидаги ишларини янада кучайтиришга ваъдалар берди.

Тадбир якунида партия ташаббусларини амалга оширишда жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш ва аҳоли билан ҳамжиҳатликда иш олиб бориш муҳим эканлиги алоҳида таъкидланди.

Мавзуга оид