Ўзбекистон | 10:41 / 28.08.2021
10535
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда 108 ёшли момога давлат мукофоти топширилди

Сурхондарё вилояти Бандихон туманида яшовчи 108 ёшли момо президент томонидан «Шуҳрат» медали билан тақдирланди. Мукофотни момога вилоят ҳокими Тўра Боболов топширган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Kun.uz’га хабар берди.

Жорий йил 25 августда Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги фармонига асосан бир гуруҳ ёши улуғ инсонлар «Шуҳрат» медали билан мукофотланган. Улар орасида Сурхондарё вилояти Бандихон тумани Бирдамлик маҳалласида яшайдиган 108 ёшдаги Зулфин Ғаффорова (Жумаева) ҳам бор.

Маълум қилинишича, 27 август куни Тўра Боболов онахон хонадонида бўлиб, унга президентнинг байрам табригини ўқиб эшиттирган ва давлат мукофотини тантанали тарзда топширган. Шундан сўнг Зулфин момо билан дилдан суҳбатлашиб, саломатлиги билан қизиққан. 20 дан ортиқ невара, 14 чевара ва уч эваранинг суюкли момоси бўлган Зулфин Ғаффорова меҳмонларга болалик, ёшлик ва ундан кейинги оғир йиллар ҳақида ўз хотираларини сўзлаб берган. Мустақилликнинг кейинги йилларида кўрсатилаётган эътибор учун давлатимизга чексиз миннатдорлик билдирган.

Қайд этилишича, шу куни пир-у бадавлат онахонга вилоят ҳокимининг байрам совғалари ҳам топширилган. Табаррук момо Ватанимизга тинчлик, юртимизга ободлик, хонадонларга тўкинлик тилаб, дуо қилган.

Мавзуга оид