Ўзбекистон | 15:31 / 29.08.2021
23271
10 дақиқада ўқилади

“Ишдан четлаштириш бўшатиш дегани эмас” — вакцинага доир янги қонун бўйича мутахассис билан суҳбат

Меҳнат кодексига яқинда киритилган ўзгартиш билан, иш берувчиларга вакцина олмаган ходимларини ишдан четлаштириш ҳуқуқи берилмоқда. Kun.uz ҳуқуқни қўллаш амалиётида юзага келаётган саволларга жавоб олиш мақсадида “Юрист ва кадр” НТМ асосчиси Саидали Мухторалиев билан интервю ташкил қилди.

Маълумот учун, ҳуқуқшунос Саидали Мухторалиев “Юристкадр” Telegram-канали асосчиси сифатида соҳа вакилларига таниш.

— Янги қонун қабул қилинганидан кейин фуқароларда “қонун ҳаммага тааллуқлими?” деган савол келиб чиқяпти. Қонунда нималар назарда тутилган?

— Янги қонун билан Меҳнат кодексининг 113-моддасига алоҳида ўзгартиш киритилди. Бу янги қонунни кўпчилик мажбурий эмлаш, оммавий эмлаш, аҳолининг барча қатламига дахлдор деб тушуняпти.

2021 йил 3 августда қабул қилинган қонун билан Меҳнат кодексига ҳамда “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бу ерда эмланиш билан боғлиқ талаб аҳолининг барча қатламига тегишли эмас. Меҳнат кодексининг 113-моддасида карантинли ва одам учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди мавжуд бўлганда Бош давлат санитария врачининг қарори асосида қонунчиликда белгиланган тартибда жорий этиладиган профилактик эмлашдан ўтишни рад этган тақдирда ходим ишдан четлаштирилиши мумкин, дейиляпти.

Яна бир нарсага тўхталишим керак, бу аслида ҳамма ходимларга ҳам тегишли эмас. Бош давлат санитария врачининг 2021 йил 17 июлдаги қарорида аҳоли билан мулоқот қиладиган барча хизмат кўрсатиш объектлари, шу жумладан қўшимча 13та соҳада фаолият юритадиган ходимларнинг мажбурий эмланиши назарда тутилган. Яъни, бу ерда аҳоли билан кўп мулоқот қиладиган ва аҳолига вирус юқтириш хавфи юқори бўлган соҳа вакиллари назарда тутилган.

Рўйхатнинг 1-қаторида бир қанча соҳалар – давлат хизматлари марказлари, нотариал идоралар, ФҲДЁ идоралари, суғурта компаниялари, банклар ва ҳоказо идоралар келтирилган.

— Амалиётда иш берувчилар ишдан четлаштиришни ишдан бўшатиш деб тушуниб, меҳнат шартномасини бекор қилаётган ҳолатлар ҳам бор экан. Бу иккала тушунчанинг бир-биридан фарқини тушунтириб бера оласизми?

— Эмлаш ва четлаштириш масаласи жуда кўп тушунмовчиликларга сабаб бўляпти. Четлаштириш асло ишдан бўшатиш эмас. Ишдан бўшатиш бошқа нарса, четлаштириш бошқа нарса.

Ишдан четлаштириш масаласига келадиган бўлсак, бу Меҳнат кодексининг 113-моддаси билан мустаҳкамланган алоҳида талаблар ҳисобланади. Ишдан четлаштириш – бу иш берувчининг шундай ташаббусли ҳаракатики, меҳнат фаолияти билан шуғулланишга тўсқинлик қиладиган сабаблар туфайли ўша сабаблар бартараф этилмагунча, ходимни ишга қўймайди.

Ишдан бўшатиш эса ходим билан узил-кесил алоқани узиш, уни ишлаб турган ишидан тўлақонли маҳрум қилиш ҳисобланади.

Шуни эътиборга олиш керакки, ишдан четлаштириш якунига етиб, ходим ишга қайтганида ушбу давр учун ходимга ҳақ тўланмайди.

Шундай ҳолатлар кузатилдики, бошида айрим иш берувчилар иккаласининг фарқига бормасдан, вакцина олмаган ходимларни ишдан бўшатиб юборган. Иш берувчилар секин-секин бу нарсанинг фарқига боряпти.

— Меҳнат кодексининг 113-моддасига кўра, ишдан четлаштириш асослари – алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик ёки токсик модда таъсиридан мастлик ҳолатида ишга келган ходим шу куни ишга қўйилмайди. Шу билан бирга, ходим интизомий жазога ҳам тортилиши мумкин. Эмлашдан бош тортган ходим бу учун интизомий жазога тортилиши мумкинми?

— Бир нарсага эътибор бериш керакки, ишдан четлаштириш – ходим томонидан иш берувчининг қонуний талаблари бажарилмагани натижасида юзага келади. Масалан, ходимнинг алкоголли ичимликдан маст ҳолда ишга келиши – ички меҳнат тартиб-қоидаларининг бузилиши ҳисобланади. Маст ҳолатдаги ходим ўз вазифаларини тўлиқ бажара олмайди ва корхонага зарар етказиш эҳтимоли мавжуд бўлади.

Меҳнат кодексининг 182-моддасига кўра, интизомий жазони қўллашда содир этилган ножўя хатти-ҳаракатнинг қай даражада оғир эканлиги, шу хатти-ҳаракат содир этилган вазият ҳисобга олинади. Агар корхонанинг ички меҳнат тартиб-қоидасида вакцина олмаганлик интизом бузилиши сифатида кўрсатилган ҳамда корхонада ходимнинг вакцина олиши учун тегишли шароитлар яратилган бўлса, шундагина ходим эмланишдан асоссиз равишда бош тортганлиги учун ходимни ишдан четлаштириш билан биргаликда интизомий жавобгарликка тортиш ҳам мумкин бўлади.

— Қайси ҳолатларда вакцина олишдан бош тортиш узрли деб ҳисобланиши мумкин?

— Меҳнат кодексининг 113-моддасида асосан соғлиғининг ҳолатига кўра қарши кўрсатма мавжуд бўлганда вакцина олишдан бош тортганлик учун ходимни ишдан четлаштиришга йўл қўйилмаслиги белгиланган. Яъни, эмланишга монеълик қиладиган ҳолатлар ишдан четлаштиришни истисно қилади.

Эмланишга монеълик қиладиган ҳолатлар қайсилар?

Соғлиқни сақлаш вазирининг 2021 йил 15 февралдаги 31-сонли буйруғи бор. Ушбу буйруқ билан Covid-19’га қарши эмлашга доир тартиб-қоидалар тасдиқланган ва эмланишга монеълик қиладиган ҳолатлар ҳам кўрсатилган. Жумладан, ходимда вакцинага қарши кучли аллергик сезгилар бўлса, соғлиғига таъсир қилувчи омиллар бўлса ёки ўткир юқумли ва юқумсиз касалликка чалинган бўлса ёки ходим хомиладор ёки эмизикли боласи бор бўлса ёки ходим 18 ёшга тўлмаган бўлса ёки ОИВ билан касалланган бўлса ёки ходим коронавирус билан зарарланган ёки коронавирус билан зарарланган шахслар билан яқин мулоқотда бўлган бўлса, яъни карантинга олинадиган ходим бўлса, бундай ҳолатлар эмланишга монеълик қиладиган ҳолатлар сифатида эътироф этилган.

Ўз-ўзидан бундай ходимларга нисбатан ишдан четлаштириш амалиётини қўллаб бўлмайди. Биз ушбу вазиятларда иш берувчи нима чора кўриши кераклиги бўйича тавсияларимизни бердик. Масалан, эмланишга монеълик қиладиган ҳолатлари бор бўлган ходимларни масофавий ишга ўтказиш амалиётини қўллашни тавсия қиляпмиз. Яъни, бундай ходимни эмлаб бўлмайди ва бундай ҳолда иш берувчи уни уйдан туриб ишлашга ўтказиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Яна бир вариант: агар ходим масофадан ишлашдан бош тортадиган бўлса, ходимга ҳар ҳафта бир марта Covid-19 тестидан ўтиш ва тест натижасини иш берувчига тақдим этиб, муаммо бўлмайдиган бўлса, ишини давом эттириш тартибини жорий этишни ҳам таклиф қиляпмиз.

— Вакцина олмагани туфайли ходимни ишдан четлаштиришдан аввал унга огоҳлантириш муддати берилиши мумкинми?

— Аввало, профилактик эмлашдан ўтиш муддатлари қачонлигини аниқлаб олишимиз лозим. Қонунга ўзгартириш киритилган ҳафтанинг ўзидаёқ айрим иш берувчилар ходимларни ишдан четлаштириш амалиётини бошлаб юборди.

Бош давлат санитария врачининг 2021 йил 17 июлдаги 11-сонли қарори билан профилактик эмлаш тадбирларининг календар тақвими тасдиқланган. Бу муддатларнинг бошланиши 2021 йил 1 сентябрдан қайд этилган. Яъни, эмланиши лозим бўлган тоифалар учун 1 сентябрдан бошлаб мажбурий эмланиш вақти бошланади.

Мажбурий эмланиш муддатлари 3 дозали вакциналар учун – биринчи дозаси 1 сентябрдан, иккинчи дозаси 1 октябрдан, учинчи дозаси 1 ноябрдан олиниши белгиланган.

2 дозали вакциналар учун эса – биринчи дозаси 1 сентябрдан, иккинчи дозаси 1 октябрдан олиниши белгиланган.

Бу шуни англатадики, эмланмаганлик учун 1 сентябргача ишдан четлаштиришга асос йўқ. Айни кунларда иш берувчилар ходимларни вакцина олишга тарғиб қилиш ва вакцина олинмаган тақдирда 1 сентябрдан кейин ишга қўйилмаслиги бўйича огоҳлантириши мумкин холос.

— Ходим биринчи дозани олиб, иккинчисини олиш муддати келганда вакцина топилмай қолса, бунда қандай йўл тутилади?

— Иш берувчи ходимни четлаштиролмайди. Эмлаш тадбирларини ташкиллаштириш давлат ташкилотларининг вазифаси ҳисобланади. Агар улар томонидан эмланишга доир шароитлар яратилмаган бўлса, бу ходимнинг айби ҳисобланмайди ва бундай ҳолатда ишдан четлаштириш нотўғри бўлиб қолади.

— Ходим вакцина олишдан бош тортганда, уни ишдан четлаштириш тартиби қандай бўлади?

— Ишдан четлаштириш жараёни Меҳнат кодексининг 113-моддасида айнан ёзиб қўйилмаган бўлса-да, бу амалиётда иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади.

Бунда дастлаб, янги қонун иш берувчи томонидан ижрога қабул қилиниши керак. Яъни, ташкилий буйруқлар чиқарилиши керак. Ундан сўнг, эмланиши лозим бўлган ходимлар 1 сентябргача эмланиши лозимлиги, йўқса ишдан четлаштирилиши ҳақида ёзма огоҳлантирилиши керак. Ундан сўнг, ходим эмланишни рад этгани тўғрисида ёзма жавоб олиниши керак. Бу ариза ёки раддия шаклида бўлиши мумкин. Ёки оғзаки рад этадиган бўлса, бу далолатнома шаклида расмийлаштирилиши мумкин. Ана ундан сўнг, ходим ҳеч қандай узрли сабабсиз эмланишдан бош тортадиган бўлса, 1 сентябрдан кейинги иш кунлари мобайнида ходимни ишдан четлаштириш тўғрисида буйруқ расмийлаштирилади. Ходим эмланганини тасдиқлайдиган ҳужжатларни иш берувчига тақдим қилмагунча, ишдан четлаштириб турилади.

— Иш берувчи ходимни ишдан ноқонуний четлаштириб қўйса, бунинг оқибатлари қандай бўлади?

— Ишдан ноқонуний четлаштириш ҳар хил кўринишларда бўлиши мумкин.

МЖТКнинг 49-моддасида алоҳида ҳуқуқбузарлик бор. Бу – мансабдор шахслар томонидан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш деб аталади. Бундай ҳуқуқбузарлик учун БҲМнинг 5 бараваридан 15 бараваригача бўлган миқдорда жарима жазоси тайинланиши мумкин.

Қолаверса, ходимга етказилган маънавий зарар ва ноқонуний четлаштирилган даврида ололмаган иш ҳақини суд тартибида ундириши мумкин.

Сўзим якунида айтишим керакки, ишдан четлаштириш аслида ҳар икки томонга ҳам зарар ҳисобланади. Масалан, ходим ишдан четлаштирилган вазиятда иш берувчи маълум вақт иш кучидан маҳрум бўлади, ходим эса бу давр учун иш ҳақидан маҳрум бўлади. Қолаверса, бу давр меҳнат таътили учун ўтадиган иш стажига ҳам киритилмайди. Яъни, иккала томонга ҳам бундан фойда йўқ.

Аббос Салайдинов суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид