Ўзбекистон | 07:35 / 28.09.2023
5890
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда кимлар гриппга қарши бепул эмланиши маълум қилинди

Қатор шахсларга гриппга қарши эмлаш учун вакциналар бепул, давлат бюджети ҳисобидан етказиб берилади.

Фото: Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси

Вазирлар Маҳкамасининг «Грипп юқтириш ва унинг оғир асоратларини бошидан ўтказиш хавфи юқори бўлган аҳоли ўртасида гриппнинг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, грипп юқтириш ва оғир асоратларини бошидан ўтказиш хавфи юқори бўлган қатор шахслар унга қарши бепул эмланади.

Санэпидқўмита хабарига кўра, ушбу шахслар қуйидагилар:

«Меҳрибонлик» уйлари;
қариялар ва ногиронлар учун «Саховат» интернат уйлари,
ногиронлар ҳамда ногирон болалар учун «Мурувват» интернат уйлари;
болалар шаҳарчалари;
болалар уйлари;
жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларида (мактаблар, мактаб-интернатларда) яшаётган шахслар;
давлат мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячилари;
умумтаълим мактаблари ўқитувчилари;
тиббиёт ходимлари;
давлат мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари.

Уларга гриппга қарши эмлаш учун вакциналар бепул, давлат бюджети ҳисобидан етказиб берилади.

Бошқа аҳоли вакиллари ўз ҳисобидан, ташкилот ходимлари ўша идора маблағлари ҳисобидан хусусий эмлаш марказлари орқали вакцина олиши мумкин.

Мавзуга оид