Ўзбекистон | 08:54 / 30.08.2021
2244
1 дақиқада ўқилади

Хоразмда 101 ёшли момога давлат мукофоти топширилди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги фармонига асосан бир гуруҳ ёши улуғ инсонлар «Шуҳрат» медали билан мукофотланди. 

Улар орасида Хоразм вилояти, Урганч тумани, Қумравот маҳалласида истиқомат қилувчи 101 ёшли Бекпошша Ибрагимова ҳам бор. 

Болалик ва ёшлик йиллари урушнинг оғир синовлари, очарчилик ҳамда қатағон даврига тўғри келган онахон бугунги кунда 8 невара, 20 чевара, 4 эвара ардоғида умргузаронлик қилмоқда.

Мустақилликнинг 30 йиллик байрами арафасида вилоят ҳокими Фарҳод  Эрманов, давлат ва жамоат ташкилотларининг бир гуруҳ  вакиллари ҳамроҳлигида онахонга давлат мукофоти топширилди

Бекпошша момо дуога қўл очиб, юксак эътибор учун Президентга миннатдорчилик билдирди, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги учун дуо қилди.

Мавзуга оид